2023 йил учун Фойда солиғи ҳисоб-китобини топширишнинг сўнгги кунлари қандай ўтади

preview

2023 йил учун фойда солиғи бўйича ҳисоботни топшириш даври ниҳоясига етмоқда. 2024 йил 1 мартга қадар улгуриш лозим. Buxgalter.uz илтимосига биноан тез-тез бериладиган саволларни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Асосан саволлар 2023 йил якунлари бўйича биринчи марта тўлдириладиган Фойда солиғи ҳисоб-китобига янги иловаларга тааллуқли. Агар ҳисобот мавсуми бошида ҳамма 2.1 (а) ва 2.1 (б)-иловаларни қандай тўлдиришни фаол муҳокама қилишган ва аниқлаштиришган бўлса, ҳозир 4 ва 5-иловаларга ўтишди.

Эслатиб ўтаман, Солиқ қўмитаси бухгалтерларнинг эътирозларига жавоб тариқасида 2.1 (а) ва 2.1 (б)-иловаларга икки марта сатрларни киритди – ушбу сатрларсиз ҳисоб-китобни тўғри шакллантиришнинг имкони бўлмаган.

4 ва 5-иловалар бўйича профессионал гуруҳларда кўплаб салбий шарҳлар бор. Аммо, назаримда, ушбу иловалар анча тўғри тузилган ва уларни тўлдириш мумкин.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 4-илова – бу АВ амортизацияси ҳисоб-китоби бўйича маълумотнома. Фойда солиғи ҳисоб-китобига 5-илова – НМА амортизация қиймати ҳисоб-китоби бўйича маълумотнома. Улар солиқ ҳисоби маълумотлари бўйича тўлдирилади.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 4 ва 5-иловаларни тўлдириш билан боғлиқ тез-тез юзага келадиган саволларга жавоб берамиз.

 

1. Фойда солиғи ҳисоб-китобига 4 ва 5-иловаларни тўлдирмаса бўладими?

– Ушбу иловаларни тўлдирмасдан қолдиришнинг имкони йўқ. Фойда солиғи ҳисоб-китобини тўлдириш бўйича йўриқномага асосан иловалар бир йилда бир марта тўлдирилади.

4 ва 5-иловалар 2.1 (а) ва 2.1 (б)-иловаларга боғланган, сабаби айрим маълумотлар уларда такрорланади. Шу боис эътиборли бўлиш керак. Боз устига, ушбу маълумотлар камерал назорат ва таҳлика-таҳлил тизимларида солиқчилар томонидан талаб қилинади, деб тахмин қиламан. Ахир ушбу иловалар бирор нимани мўлжаллаб киритилган... Ушбу иловалар маълумотларидан фойдаланилган ҳолда текширувларнинг биринчи натижалари пайдо бўлганда аниқ айтиш мумкин бўлади. Бу март ойида ёки бироз кейинроқ содир бўлади, деб ўйлайман.

2. 4 ва 5-иловаларни тўлдиришда қандай маълумотлардан фойдаланиш лозим: бухгалтерия ёки солиқ ҳисоби маълумотларидан?

– Бу жуда тўғри савол, сабаби БҲМС, МҲХС нормалари ва Солиқ кодексининг 4 ва 5-иловалар учун зарур кўрсаткичларни ҳисоблаб чиқаришга нисбатан қоидалари фарқ қилади. Агар бухгалтерия маълумотлари қўлланилса, камида ҳисоботни топшириш чоғида мураккабликларга дуч келасиз – кўрсаткичларда номувофиқликлар бўлади. Ёки ҳисобот топширилганидан сўнг солиқчилардан саволларни кутинг.

4 ва 5-иловаларни ва умуман фойда солиғи бўйича ҳисоботни тўлдириш чоғида фақат Солиқ кодекси нормаларига амал қилиш лозим.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади