Получите быстрые ответы, проверенные экспертами:
Маркировкаланган товарларнинг сотилиши ҳақидаги маълумотлар Asl belgisi тизимида қандай акс эттирилади
«Дўкон якка тартибдаги тадбиркордан қайта сотиш учун маркировкаланган телевизорлар, кир ювиш машиналари ва совуткичларни харид қилди. Кузатиб бориш учун маркировкаланган товарлар билан битимларни алоҳида қаердадир акс эттириш керакми? Буни қандай амалга ошириш керак?»
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан Green White Solutions рақамли маркировлаш тизими интегратори бўлган компаниянинг маркетинг бўлими раҳбари Роман ГРОМОВОЙ тушунтирди:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм каналимизга обуна бўлинг.
– Ҳа, бундай битимлар Asl belgisi тизимида акс эттирилади. Бунинг учун тадбиркорлик субъектларига ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн-ККТ чекларида реализация қилинаётган товарларнинг маркировкалаш кодлари ҳақидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда, уларни тўғри расмийлаштиришлари етарли бўлади. Ва барча керакли маълумотлар Asl belgisi тизимида автоматик равишда акс эттирилади.
2022 йил 2 апрелдаги 148-сон ВМҚга мувофиқ телевизорлар, кир ювиш машиналари ва совуткичлар мажбурий маркировкаланиши керак. Улар “Маиший техника” товар гуруҳининг биринчи кичик гуруҳига киради.
Амалдаги қоидаларга кўра:
- 2023 йил 20 январдан бошлаб ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар товарларни жўнатишда ЭҲФда маркировкалаш кодларини кўрсатишлари шарт;
- 2023 йил 5 апрелдан бошлаб ушбу товарлар билан савдо қилувчи улгуржи савдо корхоналари товарларни жўнатишда ҳар бир товар бирлигининг маркировкалаш кодларини ЭҲФда кўрсатадилар;
- 2023 йил 15 февралдан бошлаб чакана савдо шохобчалари товарни қабул қилишда ЭҲФда рақамли маркировкалаш кодлари акс эттирилганлигини кузатиб боришлари шарт;
- 2023 йил 15 апрелдан бошлаб бундай товарларни чакана реализация қилишда онлайн-ККТ чекларида маркировкалаш белгисини акс эттириш лозим.
ЭҲФ ва чекларда маълумотларни тўғри акс эттириш учун маркировкаланган товарларнинг жорий ҳолатини аниқлаш муҳим. Уни Аsl belgisi biznes ва SoliqUZ мобиль иловалари орқали текшириш мумкин.
Агар товарлар қуйидаги ҳолатда бўлса:
- «Муомаладан чиқарилган» – бундай товарларни қайта сотиш мумкин эмас. Бундай маҳсулотни реализация қилишга уриниш СКнинг 227-1-моддасига биноан жарима санкцияларига олиб келади;
- «Муомаладаги» – ЭҲФда реализация қилинаётган товарнинг маркировкалаш кодларини мажбурий равишда кўрсатинг.
Чакана сотилган ва муомаладан чиқарилган товарни онлайн-ККТ қайтариш чекини расмийлаштириб, муомалага қайтариш мумкин.
Рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарлар билан ишлайдиган тадбиркорлик субъектлари Asl Belgisi тизимида рўйхатдан ўтишлари шарт.
Ушбу қоидаларни бузиш СКнинг 227-1-моддасига биноан жарима санкцияларига сабаб бўлади.
Эътибор беринг
Агар сизда товарларни рақамли маркировкалаш бўйича саволлар қолган бўлса, “Товарларни рақамли маркировкалаш савол-жавобларда” вебинарига марҳамат қилинг! У 2024 йил 23 сентябрь куни соат 16:00 да бўлиб ўтади. Ҳавола орқали ёзилиш мумкин.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади