Получите быстрые ответы, проверенные экспертами:
«Биз маркетплейс орқали мажбурий рақамли маркировкага тегишли маиший техникани сотишни режалаштирмоқдамиз. Бундай савдолар бўйича чекларда маркировка белгисини акс эттириш керакми? Буни қандай қилиш мумкин?»
Вазиятни «Asl belgisi» МАТ оператори ривожланиш бўйича директори Фазлиддин САЙДУЛЛАЕВ «Норма» ПРМнинг «Товарларни рақамли маркировкалашга оид савол ва жавоблар» вебинарида тушунтирди:
Экспертнинг керакли тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Маркетплейс орқали товарларни сотишда онлайн-НКТ чекини маркетплейс шакллантиради. Агар мажбурий рақамли маркировкага тегишли товар сотилса, чекда албатта рақамли маркировка белгиси акс эттирилиши керак. Уни қандай акс эттиришни сотувчи ва маркетплейс вакиллари ҳал қилади.
Кўпинча маркетплейс орқали сотишнинг икки схемаси қўлланилади:
1. Маркетплейс маҳсулотни ўз балансига олади ва уни ўз майдончасида сотади
Бунинг учун маркетплейс «Asl belgisi» тизимида мажбурий рақамли маркировкага тегишли товарлар айланмаси иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши керак.
Маркетплейс сотиш учун маҳсулотни ишлаб чиқарувчи (импортчи) ёки улгуржи сотувчидан сотиб олинган товарларнинг маркировка кодлари акс эттирилган ҳисоб-фактура бўйича сотиб олади. Шундан сўнг у товарларни сотади, харидорларга чеклар беради, уларда - сотилган ҳар бир маҳсулот бирлигининг рақамли маркировка кодини акс эттиради. Бунинг учун чекни шакллантиришда маркетплейс ходими харидорга юбориладиган товар қадоғидаги Data Matrix кодини сканерлайди.
2. Маркетплейс сотувчи ва харидор ўртасида воситачи сифатида иштирок этади
Бу ҳолда маркетплейс ва сотувчи ўртасида товарга ЭҲФ расмийлаштирилмайди. Аммо маркетплейс харидорга бериладиган чекда қуйидагиларни акс эттириши шарт:
1) комитентнинг СТИРи;
2) маркировкалаш белгиси.
Бунда сотувчи ва маркетплейс, чекни тўғри шакллантириш учун сотувчи харидорга жўнатиладиган товарнинг рақамли маркировка кодини маркетплейсга қандай узатиши ҳақида келишиб олиши керак.
Рақамли маркировкалаш ҳақидаги долзарб саволларга янада кўпроқ жавобларни «Товарларни рақамли маркировкалаш савол ва жавобларда» вебинарини кўриб топишингиз мумкин.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади