Тугатилаётган корхонанинг чет эллик таъсисчиси билан қандай ҳисоб-китоб қилиш керак

preview

«Компания ўзининг АВни реализация қилиб, тугатиш жараёнини бошлашни режалаштирмоқда. Таъсисчилар орасида норезидент-жисмоний шахс бор. Хорижий иштирокчининг улуши билан қандай иш тутиш керак? Бунда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?» Buxgalter.uz илтимосига кўра, саволга «Assistance In Tax» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:

Экспертнинг керакли тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Корхоналар тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ тугатилади .

Оралиқ тугатиш баланси тасдиқланган кундан бошлаб, тугатувчи унга мувофиқ пул маблағларини кредиторларга қуйидаги навбат тартибида тўлайди :

1) биринчи навбатда – меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган фуқароларнинг талаблари, алиментларни ундириш ва муаллифлик шартномалари бўйича мукофотларни тўлаш, шунингдек тижорат ташкилоти ҳаёт ва соғлиққа етказилган зарар учун масъул бўлган фуқароларнинг, тегишли вақти-вақти билан тўланадиган тўловларни қўшиш орқали талаблари;

2) иккинчи навбатда – Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар;

3) учинчи навбатда – бошқа кредиторларнинг талаблари.

Тугатиш даврида корхона устав капиталини камайтиришнинг қонунийлиги ва тугатувчи томонидан пул маблағларини тўлаш навбати ҳақида тавсияда ўқинг > >>

Тугатиш балансини тасдиқлаш ҳақида эса - бу ерда > > >

 

Шундан кейин қолган мулк таъсисчилар ўртасида ҳар бирининг улушига мутаносиб равишда тақсимланади.

Бунда агар хорижлик жисмоний шахсга тўланадиган улуш у корхона устав фондига киритган ҳиссадан кам ёки унга тенг бўлса, хорижлик жисмоний шахс учун солиқ оқибатлари юзага келмайди.

Юридик шахс иштирокчисига тугатиш чоғида пул ёки натура шаклида бу иштирокчи улуши миқдоридан ортиқча қисмда тўловлар дивиденд сифатида тан олинади ва норезидентлар учун 10% ставкада ЖШДСга тортилади  .

Эътибор беринг: агар дастлаб устав фондига ҳисса хорижий валютада киритилган бўлса, тугатишда таъсисчи билан ҳисоб-китоб улуш қийматининг сўмдаги эквиваленти асосида амалга оширилади. Бу хорижий инвестициялар иштирокидаги ташкилот устав капиталида таъсисчилар улушларининг нисбати номонетар модда бўлиб, МБ курси ўзгариши муносабати билан қайта баҳоланмаслиги билан боғлиқ .

 

Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади


Таъсисчилар билан ҳисоб-китоблар Таъсисчилар билан ҳисоб-китоблар Таъсисчилар билан ҳисоб-китоблар /ru/publish/doc/text207764_tugatilaetgan_korhonaning_chet_ellik_tasischisi_bilan_qanday_hisob-kitob_qilish_kerak