16.05.2025 йилдаги ЎРҚ-1063-сон Қонун Солиқ кодексига қандай ўзгартиришлар киритди

preview

Паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари 2030 йил 1 январга қадар ер солиғини тўлашдан озод этилди. Шунингдек, Солиқ кодексига болалар соғломлаштириш оромгоҳлари бўйича имтиёзлар, рақамли маркировкани ўқиш қурилмаларини сотиб олиш харажатлари бўйича имтиёзлар, пиво ва пиво ичимликлари, тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун янги йиғим киритилди.

17 майдан кучга кирган 16.05.2025 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1063-сон Қонундаги янгиликлар ҳақида buxgalter.uz сайтидаги шарҳда батафсил ўқинг:

Муҳим янгиликларни қўлдан чиқармаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари бўйича имтиёзлар

2027 йил 1 январга қадар Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳлари қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:

  • бинолар ва иншоотларни, ер участкаларини ижарага беришдан олинган даромадлари бўйича - фойда солиғини;
  • ижарага берилган объектлар ва улар эгаллаган ер участкалари бўйича - юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини.

Бу ҳақда Солиқ кодексининг 483-моддасига ўзгартиришлар киритилган.

 

Янги йиғим

«Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунга норма киритилмоқда, унга мувофиқ пиво ва пиво ичимликлари, шунингдек тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхатига киритилади.

Солиқ кодексининг 455, 456 ва 460-моддаларига қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:

  • мавжуд йиғимлар рўйхатига пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим, шунингдек тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим киритилди;
  • унинг тўловчилари деб пиво ва пиво ичимликлари, шунингдек тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилишни бошлаганлик ҳақида ваколатли давлат органи хабардор қилинганлиги тўғрисидаги тасдиқномага эга бўлган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар эътироф этилади.

 

Паррандачиларга имтиёзлар

СКнинг 483-моддасига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар 2030 йил 1 январга қадар юридик шахслардан олинадиган ер солиғини (бундан экин майдонлари мустасно) тўлашдан озод этилади.

Имтиёз қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

  • паррандачилик маҳсулотларини реализация қилишни амалга оширмаган тадбиркорлик субъектларига;
  • белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган ер участкаларига.

 

Рақамли маркировкани ўқиш қурилмаларини сотиб олиш харажатлари бўйича имтиёзлар

СКнинг 483-моддасига киритилаётган нормага кўра 2027 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларига фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган ЖШДС суммаларини маркировкани ўқиш қурилмаларини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, бироқ битта қурилма учун БҲМнинг 4 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи берилади.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text208399_16_05_2025_yildagi_urq-1063-son_qonun_soliq_kodeksiga_qanday_uzgartirishlar_kiritdi