Маҳсулот хавфсизлиги тўғрисидаги қонун муҳокама қилинмоқда: нимани билиш муҳим

preview

8 июлда «Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш тугайди. Ҳужжат ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва дистрибьюторлар учун янги талабларни жорий қилади – мазкур талаблар техник ҳужжатлар, товар ва қадоқдаги ахборот, товарга бўлган йўриқномалар, шикоятларни текшириш ва техник ҳужжатлар ҳақидаги маълумотларни сақлаш муддатлари ва  бошқа масалаларга тегишли. Қонунчиларга ҳеч ким ҳеч қандай таклиф ёки шарҳ қолдирмаган. Лекин сиз ҳар қандай ҳолда бизнинг каналимизда – ушбу нашр остида буни қилишингиз мумкин.

Қонун лойиҳасининг тафсилотлари – buxgalter.uz шарҳида:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм каналимизга обуна бўлинг.

 

Ишлаб чиқарувчиларга бўлган талаблар (қонун лойиҳасининг 14-моддаси)

Агар қонун лойиҳаси ушбу қисмда жиддий ўзгартиришларсиз қабул қилинса, ҳар қандай маҳсулот ишлаб чиқарувчилари қуйидагиларни бажаришга мажбур бўлади:

  • ўз маҳсулотини бозорга жойлаштиришда унинг умумий хавфсизлик талабларига мувофиқ лойиҳалаштирилган ва ишлаб чиқарилганлигига кафолат бериш;
  • маҳсулотни бозорга чиқаришдан олдин унинг хавфсизлигини баҳолаш учун ички хавф таҳлилини ўтказиш ва зарурат бўйича потенциал хавфларни таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш ёки камайтириш учун қўлланилган чораларнинг тавсифи, ҳар қандай синов натижалари ва хавфсизлик талабларига риоя этишни таъминлаш учун ишлатиладиган стандартлар рўйхати ёки агар стандартлар қисман ишлатилса, уларнинг қисмларини ўз ичига олган техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
  • техник ҳужжатларнинг долзарблигини таъминлаш ва уларни маҳсулот бозорга чиқарилгандан кейин 10 йил давомида сақлаш, назорат органларининг талабига кўра тақдим этиш;
  • серияли ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг маҳсулот хавфсизлигининг умумий талабларига доимий мувофиқлигини таъминлайдиган ички тартиб-таомилларни ишлаб чиқиш;
  • буюмларда уларни идентификация қилиш учун зарур бўлган ахборотни кўрсатиш, хусусан, буюм тури, партия ёки серия рақами, ишлаб чиқарувчи номи, рўйхатдан ўтган савдо белгиси, почта манзили, телефон рақами ва электрон почта манзили, шунингдек бошқа ахборотлар. Улар истеъмолчилар учун кўринадиган ва тушунарли шаклда бевосита буюмда, буюм қадоғида, унга илова қилинган ҳужжатларда жойлаштирилиши керак;
  • ёрлиқлар, қадоғ, шунингдек қўшимча техник ҳужжатларда, жумладан ўрнатиш, эксплуатация ва техник хизмат кўрсатиш бўйича йўриқномалар, хавфсизлик техникаси қоидаларида ахборот мавжудлигини – давлат тилида таъминлаш;
  • маҳсулот келтириши мумкин бўлган хавфларга қарши зарур чораларни кўриш ва уларнинг олдини олиш учун фойдаланувчиларга зарур ахборотни тақдим этиш.

Агар ишлаб чиқарувчи ўзида мавжуд ахборот асосида бозорга жойлаштирилган маҳсулотни хавфли деб ҳисобласа ёки бунга етарли асослар бўлса, у зудлик билан:

  • маҳсулотни хавфсизлик талабларига мувофиқлаштириш учун зарур бўлган тузатиш чораларини кўриши, жумладан уни муомаладан чиқариш ёки чақириб олиш;
  • кўрилган чоралар ҳақида истеъмолчиларни хабардор қилиш;
  • жиддий хавф туғдирадиган маҳсулот ҳақида тезкор огоҳлантириш тизими ёрдамида бозор назорати органларини хабардор қилиш;
  • етказиб бериш занжирида иштирок этувчи бошқа иқтисодий операторларни аниқланган ҳар қандай маҳсулот хавфсизлиги муаммолари ҳақида хабардор қилиши керак.

Ишлаб чиқарувчи назорат органларига хавфлар, кўрилган чоралар ва муомаладаги маҳсулот миқдори (маълум бўлса) ҳақида батафсил ахборот тақдим этиши керак.

Ишлаб чиқарувчилар имкониятлари чекланган одамларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда шикоятларни қабул қилиш учун алоқа каналларидан фойдаланишлари керак.

Ишлаб чиқарувчилар қуйидагиларни таъминлайди:

  • бахтсиз ҳодисаларни рўйхатга олиш, истеъмолчилар шикоятлари, текшириш натижасида олинган маълумотлар, маҳсулотни чақириб олиш ёки муомаладан чиқариш ва ҳ.к.ни ўз ичига олган маълумотлар реестрини юритиш.
  • фараз қилинган хавфли маҳсулот бўйича шикоятларни текшириш учун зарур маълумотларни реестрга киритилган санадан бошлаб 5 йил давомида сақлаш. Бироқ шахсий маълумотлар фақат текшириш учун зарур муддат давомида сақланиши мумкин.

Эътибор беринг

Шунингдек, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилларига бўлган алоҳида талаблар (қонун лойиҳасининг 15-моддаси) ва ишлаб чиқарувчилар мажбуриятлари бошқа шахсларга тааллуқли бўлган ҳоллар (18-модда) мавжуд.

Хусусан, ишлаб чиқарувчи бўлмаган, лекин маҳсулотни ўз номи ёки товар белгиси остида бозорга жойлаштирадиган ёки маҳсулотни ушбу Қонун талабларига мувофиқлигига таъсир қиладиган тарзда жиддий ўзгартирадиган юридик ёки жисмоний шахслар:

  • ишлаб чиқарувчилар деб ҳисобланади;
  • ишлаб чиқарувчилар мажбуриятларини бажариш учун жавобгар бўлади.

 

Импорт қилувчиларга бўлган талаблар (қонун лойиҳасининг 16-моддаси)

Импорт қилувчилар қуйидагиларни бажаришга мажбур бўлади:

  • маҳсулотни бозорга жойлаштиришдан олдин унинг умумий хавфсизлик талабларига ва ишлаб чиқарувчиларга бўлган талабларга мувофиқлигига ишонч ҳосил қилиш;
  • хавфсизлигига шубҳа туғилганда маҳсулотни бозорга жойлаштирмаслик;
  • маҳсулот хавфли бўлса, ишлаб чиқарувчи ва назорат органларини хабардор қилиш;
  • йўриқномалар ва хавфсизлик ҳақидаги ахборотнинг давлат тилида жойлаштирилишини таъминлаш;
  • сақлаш ва ташиш хавфсизлик талабларини бузмаслигига кафолат бериш;
  • техник ҳужжатларни 10 йил сақлаш ва талаб бўйича тақдим этиш;
  • ишлаб чиқарувчилар ва назорат органлари билан ҳамкорлик қилиш;
  • товарда (қадоқда) ўз номи, манзили, телефони, электрон почтасини кўрсатиш;
  • хавфли маҳсулот аниқланганда ишлаб чиқарувчини хабардор қилиш, тузатиш чораларини кўриш, истеъмолчилар ва назорат органларини хабардор қилиш;
  • имкониятлари чекланган шахслар учун қулайликни ҳисобга олган ҳолда истеъмолчилар билан алоқа каналларининг мавжудлигини таъминлаш;
  • ҳодисалар, шикоятлар, текширувлар, чақириб олишлар ва бошқа хавфсизлик чораларининг реестрини юритиш;
  • шикоятлар бўйича маълумотларни 5 йил сақлаш.

Биз формулировкаларни бироз қисқартирдик, батафсилроғини ҚҲТБТ сайтида кўришингиз мумкин.

 

Дистрибьюторларга бўлган талаблар (қонун лойиҳасининг 17-моддаси)

Дистрибьюторлар қуйидагиларни бажаришга мажбур бўлади:

  • маҳсулотни жойлаштиришдан олдин умумий хавфсизлик талаблари ва идентификация талабларига риоя этилишини текшириш;
  • сақлаш ва ташиш давридa маҳсулотнинг сақланишига кафолат бериш;
  • ишлаб чиқарувчилар ва назорат органлари билан ҳамкорлик қилиш;
  • маҳсулотнинг хавфсизлик талабларига мувофиқ эмаслигига шубҳа туғилганда уни бозорга жойлаштирмаслик;
  • хавф ҳолатида: ишлаб чиқарувчини (ва зарурат бўйича импорт қилувчини) хабардор қилиш, тузатиш чораларини кўриш ва назорат органларини хабардор қилиш;
  • назорат органларига хавфлар, тузатиш чоралари ва маҳсулот миқдори ҳақида ахборот тақдим етиш.

 

Жавобгарлик (қонун лойиҳасининг 24-моддаси)

Ишлаб чиқариш ва реализациянинг барча иштирокчиларининг жавобгарлигини ишлаб чиқувчилар ҳавола нормаси билан белгилаган: «Ушбу Қонун талабларини бузишда айбдор шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади». Бу нимани англатади? Қонунда аниқ санкциялар йўқ, у жавобгарлик чораларининг аллақачон белгиланган бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳавола қилади:

1) МЖТКга – катта ижтимоий хавф туғдирмайдиган бузилишлар учун;

2) ЖКга – агар бузилиш оғир оқибатларга (соғлиқ ёки ҳаётга зарар) олиб келган бўлса;

3) ФКга – истеъмолчига зарарни қоплашда;

4) «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Лицензиялаш тўғрисида» ва бошқа қонунларга.

Амалдаги қонунчилик тадбиркорлар учун, жумладан лицензиялаш ва маҳсулот хавфсизлиги қисмида қандай жавобгарлик чораларини назарда тутганини тавсияларда ўқинг:

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text209287_mahsulot_havfsizligi_tugrisidagi_qonun_muhokama_qilinmoqda_nimani_bilish_muhim