Янги ПФ-126-сон Фармон бўйича иш берувчилар учун нималар ўзгаради

preview

Президентнинг 04.08.2025 йилдаги ПФ-126-сон Фармони қабул қилинди, у иш ўринларини захира қилиш тартиби ва иш берувчиларни текшириш ёндашувини ўзгартиради. Ушбу ва бошқа ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот – buxgalter.uz шарҳида.

Қонунчиликдаги муҳим ўзгартиришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм каналимизга обуна бўлинг.

 

Олдиндан огоҳлантирмасдан текширувлар

2025 йил 1 сентябрдан меҳнат инспекцияси олдиндан огоҳлантирмасдан текширувлар ўтказиши мумкин.

2026 йил 1 январдан ЯММТ орқали қайд этилган қонунбузилишлар иш берувчи иштирокисиз кўриб чиқилади ва қарорлар электрон кўринишда юборилади. 

 

Ўзбекистонда иш ўринларини захира қилишнинг янги қоидалари

2025 йил 1 сентябрдан бандлик органлари томонидан бўш иш ўринларига юбориладиган ходимларни қабул қилишдан бош тортганлик учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади. Шунингдек, бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисида ҳисобот топшириш мажбурияти ҳам бекор қилинади.

2025 йил 1 ноябрдан иш ўринларини захира қилишнинг янги қоидалари кучга киради. Энди мажбурий захира қилиш қуйидагиларга тегишли:

  • 100 нафардан ортиқ ишчи ишлайдиган хўжалик субъектлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50% дан ортиқ бўлган компаниялар бундан мустасно). Бунда захира штатнинг 3% идан ошмаслиги керак;
  • 20 нафардан ортиқ ишчи ишлайдиган бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50% дан ортиқ бўлган компаниялар. Захира штатнинг 7% ини ташкил этади.

Бандлик органлари йўналиш берганда ташкилотда ишлаб турган имтиёзли шахсларни ҳисобга олиши керак.

Иш ўринлари фақат қуйидагилар учун захира қилинади:

  • ногиронлиги бўлган шахслар;
  • оилавий ёки маиший зўравонликдан жабрланган шахслар;
  • Камбағал оилалар реестридаги оилалар аъзолари;
  • етим шахслар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар.

Бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50% дан ортиқ бўлган компанияларда ҳам қуйидагилар учун:

  • озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод бўлган шахслар;
  • одам савдоси қурбонлари.

 

Кичик бизнес учун – махсус шартлар

Микрофирмаларга мансуб иш берувчиларда ходимлар меҳнати ҳуқуқий тартибга солиш хусусиятлари ходимлар сони 50 нафаргача бўлган тадбиркорлик субъектларига ҳам тарқатилади. МК 504–506-моддаларга қаранг.

Масалан, микрофирма-иш берувчи ички ҳужжатларни (ички меҳнат тартиби қоидалари, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом, мукофотлаш тўғрисидаги низом, смена графиги ва бошқалар) қабул қилишдан тўлиқ ёки қисман бош тортишга ва барча шартларни меҳнат шартномаларига киритишга ҳақли. 

 

Электрон меҳнат шартномалари

Биометрик идентификация билан ЯММТ тизими орқали меҳнат шартномаларини электрон кўринишда тузиш ва бекор қилиш имкони киритилади.

Агар иш берувчи тугатилган ёки фаолиятини тўхтатган бўлса, "ЯММТ" ИДАК дирекцияси ходимнинг аризаси бўйича ишдан бўшатишни ўзи қайд эта олади.

 

Ишсизлик нафақасини тўлаш

Ишсизлик нафақаси қуйидаги барча шартларга риоя этилган тақдирда тўланади: 

  • меҳнат шартномаси бекор қилинганда;
  • меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин 6 ойдан кечиктирмай тўлов учун мурожаат қилинган бўлса;
  • сўнгги 5 йил ичида нафақа сўраб мурожаат қилган шахс камида 18 ой ишлаган бўлса.

Нафақа уларнинг охирги 18 ойдаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб, 3 ой давомида тўланади.

Тўловлар биринчи ойда ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи, бироқ ЭКИҲнинг 3 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда, иккинчи ва учинчи ойларда – ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, бироқ ЭКИҲнинг 3 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда амалга оширилади.

Ишсизлик нафақасини қайта тайинлаш учун дастлаб тайинланган нафақани олиш муддати тугаганидан кейин камида 12 ой қўшимча иш стажи талаб этилади.

Агар ишсизлик нафақаси олувчи суҳбатга, таклиф этилган бўш иш ўринларига келмаса ёки мақбул келадиган ишни рад этса, нафақа тўлаш ушбу ҳолатдан кейинги ойнинг 1-кунидан бошлаб тўхтатилади.

 

Меҳнат кодексига ўзгартиришлар

Идораларга Меҳнат кодексига қуйидаги нормаларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш топширилди:

1. Қоғоз ўрнига электрон имзолар

Агар меҳнат ҳужжатлари ЭРИ ёки биометрик идентификация тизими (Face-ID) орқали имзоланган бўлса, улар "жонли" имзо қўйилган қоғоз ҳужжатларга тенглаштирилади. 

2. Қабул қилиш ва ўтказиш фақат шартнома орқали

Ишга қабул қилиш ёки бошқа доимий лавозимга ўтказиш фақат меҳнат шартномаси (тузилиши, ўзгартирилиши ёки тўлдирилиши) билан расмийлаштирилади. Бундай ҳолларда буйруқлар бекор қилинади.

3. Кичик компаниялар учун имтиёзлар

Микрофирмалар учун амал қиладиган соддалаштирилган қоидалар ходимлари сони 50 нафаргача бўлган барча компанияларга татбиқ этилади.

4. Меҳнат дафтарчаси - фақат электрон шаклда

Агар ходимда электрон меҳнат дафтарчаси бўлса, энди қоғоз шаклида иш юритилмайди.

5. Ишдан бўшатиш асослари тўғридан-тўғри шартномада ёзилади

Меҳнат шартномасида ишдан бўшатишга олиб келиши мумкин бўлган мажбуриятларни қўпол равишда бузишлар рўйхатини кўрсатиш мумкин бўлади. Бунга барча турдаги ташкилотлар учун рухсат берилади.

6. Касаба уюшмаси қароридан кейин ишдан бўшатишнинг қатъий муддати бекор қилинади

Энди иш берувчи касаба уюшмаси ходимни ишдан бўшатишга рози бўлганидан кейин бир ой ичида шартномани бекор қилиши шарт. Бу талабни олиб ташлаш режалаштирилмоқда.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар

Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин бўлган бузилишларининг аниқ рўйхати тасдиқланиши керак.

Идораларга ходимларни шартнома тузмасдан жалб қилган иш берувчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди: биринчи марта қоидабузарлик содир этилганда – БҲМнинг 30 баравари (12 360 000 сўм) миқдорида ва такроран қоидабузарлик содир этилганда – БҲМнинг 100 баравари (41 200 000 сўм).

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text209939_yangi_pf-126-son_farmon_buyicha_ish_beruvchilar_uchun_nimalar_uzgaradi