Получите быстрые ответы, проверенные экспертами:
Нима учун 1 сентябрдан фаолият кўрсатмаётган хўжалик юритувчи субъектлар тугатилди
2025 йил сентябрь бошидан бошлаб айрим тадбиркорлик субъектлари кутилмаган вазият билан дуч келдилар: солиқ тўловчининг шахсий кабинетида ЭРИ ёрдамида кириш имкони бўлмай қолди, stat.uz порталида эса уларнинг мақоми «тугатилган»га ўзгарди.
Buxgalter.uz вазиятни аниқлаштирди:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Амалда фаолият юритмаётган ташкилотларга хабарномалар кела бошлади. Уларда қуйидагилар ёзилган:
«18.03.2025 йилдаги 170-сон ВМҚ талабларига мувофиқ корхонангиз бир йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият кўрсатмаётганлиги сабабли соддалаштирилган тартибда давлат реестридан чиқарилмоқда.
Соддалаштирилган тартибда давлат реестридан чиқарилаётган тадбиркорлик субъектлари рўйхати Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши маълум қилинади.
Шу муносабат билан (агар мавжуд бўлса), кредиторлик ва дебиторлик қарзларини қисқа муддатда сўндириш, жумладан биринчи навбатда меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган, алиментларни ундириш ва муаллифлик шартномалари бўйича мукофот тўлаш ҳақидаги, шунингдек ҳаётига ёки соғлиғига зарар етказганлик учун талабларни қаноатлантириш чораларини кўриш сўралади.
Диққат: Корхонангизнинг 1 млн сўмгача бўлган солиқ қарзи ва мавжуд ортиқча тўловлари 2025 йил 1 майга қадар ҳисобдан чиқарилиши маълум қилинади.
Ушбу муддатда:
- бюджет билан боғлиқ муносабатларга аниқлик киритиш ва ортиқча тўлов суммалари мавжуд ҳолда қайтариб бериш тўғрисида хизмат кўрсатувчи солиқ органига (жумладан солиқ бошқармаси ёки инспекциясига шахсий кабинетингиз орқали);
- тадбиркорлик субъекти фаолиятини қайта тиклаш истаги бўлган тақдирда, бу ҳақда рўйхатдан ўтган ҳудуддаги давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш лозим.
Эслатма: мазкур хабарнома юзасидан қўшимча саволлар бўйича шахсий кабинетингиз ёки хабарномада кўрсатилган телефон рақамлари орқали солиқ бошқармасининг масъул ходимларига мурожаат қилишингиз мумкин».
Апрель ойида бундай хабарномаларни олган ташкилотлар сентябрь бошида тугатилган ҳисобланди. ЭРИ калитлари ишламай қолди, Миллий статистика қўмитаси реестрида (stat.uz) мақом «тугатилган»га ўзгарди.
Солиқ органи хабарномаларда ҳавола қиладиган 18.03.2025 йилдаги 170-сон ВМҚ lex.uz қонунчилик расмий порталида ва бошқа очиқ расмий манбаларда эълон қилинмаган. Шунингдек, бирорта ҳам давлат органи корхоналарни "соддалаштирилган тугатиш" механизмини расмий равишда изоҳламаган.
Бундай ҳужжат ҳақиқатан ҳам мавжудми?
– Албатта, ҳа. «Хизматда фойдаланиш учун» 170-сон Вазирлар Маҳкамаси қарори 1 йилдан ортиқ фаолият юритмаётган хўжалик субъектларини – компанияларни давлат реестридан оммавий равишда чиқаришнинг соддалаштирилган тартибини белгилайди.
Ва тадбиркорларга юборилаётган хабарнома унинг мазмунини маълум даражада очиб беради. Яъни, маълумки истак бўлса, бу тугатиш механизмидан фойдаланиш мумкин, ёки хабарномани олганидан сўнг дарҳол, тугатишнинг фаол босқичини кутмай, ДХМга бориб фаолиятни давом эттириш мумкин.
Ҳужжатнинг қолган қисмлари «ХФУ» (хизматда фойдаланиш учун) режимига тушганлиги сабабли, уни очиқ манбаларда топиб бўлмайди.
Тадбиркорлар нима қилиши керак
1. Агар компаниянгиз турли сабабларга кўра бир йилдан ортиқ муддат фаолият кўрсатмаётган бўлса, солиқ тўловчи кабинетидаги барча хабарларни диққат билан кузатиб боринг. Агар узоқ вақтдан бери у ерга кирмаган бўлсангиз – ҳозироқ текширинг!
2. Агар хабарнома олган бўлсангиз – ҳаракат қилинг:
- агар компанияни сақлаб қолишни режалаштираётган бўлсангиз – рўйхатдан ўтган жойдаги ДХМга мурожаат қилинг;
- агар соддалаштирилган тартибда ёпишга қарор қилган бўлсангиз – дебиторлик/кредиторлик ва солиқлар бўйича ортиқча/кам тўловлар масалаларини ҳал қилинг;
- агар саволлар бўлса – хабарномада кўрсатилган телефон рақамларга қўнғироқ қилинг.
Хусусан, бир қизиқ савол туғилади – агар фирма ҳисобварағида пуллар қолган бўлса-чи?
Хабарномада бунга жавоб берилмаган. Шу билан бирга, тугатиш жараёни маълум босқичда – банк ҳисобварақларини тўхтатиб туришни ва якуний босқичларда – уларни ёпиш билан қолдиқларни бюджетга ҳисобдан чиқаришни назарда тутади, деб тахмин қилиш учун жиддий асослар мавжуд. Бу таъсисчилар ёки уларнинг вориси мулкий ҳуқуқларига тегишли.
Агар фантом-фирмалар (тирик таъсисчилар ва ворислар йўқ, ҳисобварақларда маблағлар йўқ) ҳақида гап кетаётган бўлса – бу бир масала. Лекин амалиётда компаниянинг фаолият кўрсатмаслигининг турли вариантлари ва сабаблари бўлиши мумкин.
Бу муҳим жиҳатни аниқлаштириш учун хабарномангизда кўрсатилган телефон рақамлари орқали савол беринг.
Buxgalter.uz тавсия етади
Юлия ЯШИНА тайёрлади