1 февралдан қандай имтиёзлар кучга кирди

preview

2022 йил 1 февралдан тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари, шунингдек фармацевтика маҳсулотлари ва балиқ хўжалиги учун ускуналар ишлаб чиқарувчилар учун имтиёзлар кучга кирди. Бу ҳақда norma.uz портали эслатиб ўтади: 

 

1. 2025 йил 1 январга қадар:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда бўялган мато ҳамда аралаш ва бўялган газлама маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширган корхоналарга, мазкур лойиҳалар доирасида харид қилинган ускуналар қийматининг 10%и миқдорида субсидия ажратилади;
  • бўялган мато ҳамда аралаш ва бўялган газлама маҳсулотларини ҳамда ип-калава ишлаб чиқариш ускуналарини харид қилувчи корхоналарга бошланғич 15 фоиз тўловни тўлаш учун хорижий валютада 7 йил муддатгача 3 йиллик имтиёзли давр билан белгиланадиган депозит ставкасига банкнинг 1%лик маржасини ҳисобга олган ҳолда валютада кредит ажратилади;
  • бўялган мато ва газлама, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарга валютада $3 млн дан ортиқ бўлмаган миқдорда экспортолди молиялаштириш, шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш учун кредит ажратилади;
  • бўялган мато ва газлама, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини реализация қилишдан тушган умумий тушумида ушбу маҳсулотларнинг камида 80%ини экспорт қилган корхоналарга:

- ижтимоий солиқни 1% миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлаш;

- 3 йил муддатгача юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича қарздорликни сўндиришни кечиктириш ҳуқуқи берилади.

2. Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг уларни хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 75%и Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилади.

3. 2025 йил 1 январга қадар балиқчиликни интенсивлаштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва технологиялар ҳамда қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, даромадининг 80%идан ортиғини ушбу ишлаб чиқаришдан оладиган субъектлар учун:

  • фойда солиғи;
  • юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;
  • юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50%га камайтирилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахсларга ўз хонадонида балиқ етиштиришга рухсат берилди.

Norma.uz материаллари асосида