1 ноябрдан қонунчиликда нималар ўзгаради

preview

Айрим солиқ имтиёзларини бекор қилинмоқда, божхонада, давлат харидларида ва бошқа соҳаларда янги қоидалар жорий этилмоқда. Бу ҳақда батафсил - «Норма»нинг юридик масалалар бўйича эксперти Олег ЗАМАНОВ шарҳида.

Ер солиғи ва мол-мулк солиғи

1 ноябрдан бошлаб СКда назарда тутилган қуйидаги имтиёзлар бекор қилинади:

а) ер солиғи бўйича – қуйидагилар эгаллаган ер участкалари:

  • соғломлаштириш ҳамда дам олиш жойлари, хусусан дам олиш уйлари;
  • аҳолининг оммавий дам олиши ва туризм учун жойлар, агар улар тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган бўлса;
  • санаторий-курорт объектлари, агар улар туристик зоналарда жойлашган бўлса.

Кўрсатилган ер участкаларида фойдаланилмаётган майдонлар бўйича энди ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилади (батафсил қаранг);

б) мол-мулк солиғи бўйича - туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт хизматлари кўрсатиш учун фойдаланиладиган кўчмас мулк объектларига нисбатан. Фойдаланилмаётган соғломлаштириш ва рекреацион ер майдонлари учун оширилган солиқ ставкаларини қўллаш механизми алоҳида ишлаб чиқилади.

Давлат харидлари VS импорт

1 ноябрдан давлат харидларида қатор қоидалар амал қила бошлайди:

а) корпоратив буюртмачилар умумий қиймати БҲМнинг 50 000 бараваридан юқори бўлган импорт товарлари, ишлар, хизматлар харидларининг мақсадга мувофиқлигини кузатув кенгашларига (таъсисчиларнинг умумий йиғилишига) асослашлари шарт. Бундай харидларнинг рўйхати ҳар чоракда тасдиқланади;

б) хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик чегараланиши мумкин. Ҳукумат қуйидагиларга асосланган ҳолда махсус рўйхатни («қора рўйхат») шакллантиради ва тасдиқлайди: 

  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва ССПнинг ҳудудий ҳокимиятлар билан келишилган қўшма таклифлари;
  • cooperation.uz порталида жойлаштириладиган ҳамда тегишли сертификатларга эга бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) ва уларнинг ишлаб чиқарувчилари ҳақидаги маълумотлар;

в) тендер (танлов) иштирокчилари таклифларини баҳолашда маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан импорт товарларининг CIP (Ўзбекистон) нархидан 15%дан кўп бўлмаган миқдорда преференция берилади;

г) ҳудудий бюджет буюртмачиларининг харид комиссиялари таркибига Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчилари мажбурий тартибда киритилади.

Ушбу янгиликлар қуйидаги харид жараёнлари ва шартномаларга нисбатан татбиқ этилмайди:

  • халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган;
  • Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилишнинг бошқа тартиби ўрнатилган алоҳида қарорлари бўйича тузиладиган;
  • мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш мақсадида амалга ошириладиган, шунингдек, давлат сирлари билан боғлиқ бўлган.

Ўсимликлар карантини

Экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш ва қадоқлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўсимликлар карантини давлат инспекторлари бириктирилади. Уларнинг вазифаси -  маҳсулотларни хорижий давлатлар фитосанитария талабларига мувофиқлаштиришда ёрдам бериш, бизнесга маслаҳатлар ва амалий ёрдам бериш.

Ўз ҳудудида аниқланган зарарли организмлар ҳамда фитосанитар дала назоратини ўтказиш тўғрисида Инспекцияга ихтиёрий мурожаат қилган ва уларнинг оқибатларини бартараф этган шахслар маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

Божхона

Божхона соҳасида 1 ноябрдан қуйидаги ўзгаришлар рўй беради:

  • БЮДни расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунгача қисқартирилади;
  • товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш ўрнига кўпроқ божхона назоратининг муқобил турларидан фойдаланилади;
  • ДБҚнинг хавфларни бошқариш тизими автомобиль чегара божхона постларида пайдо бўлади;
  • транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчи онлайн режимида қайта олиб чиқиш муддати узайтириши ва тегишли йиғимни тўлаши мумкин;
  • “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини идентификациялаш ва баҳолаш услубияти тадбиркорлик субъектининг ўзи томонидан ишлаб чиқилади.

IT-cоҳаси

«Рақамли Ўзбекистон–2030» стратегиясини амалга ошириш доирасида 1 ноябрдан бошлаб:

а) қуйидагиларга ўқитиш бўйича хизматлар кўрсатадиган резидент ҳисобланган юридик шахслар IТ-парк резиденти бўлиши мумкин:

  • ахборот технологияларига;
  • аппарат-дастурий воситаларни ишлаб чиқиш ва реализация қилишга;
  • робото-техникага;
  • Интернет тармоғи орқали ахборот хизматларини экспорт қилишга;

шунингдек, маълумотларни сақлаш ва ҳисоблаб қайта ишлаш соҳасида хизмат кўрсатадиганлар;

б) ёпиқ биноларда алоқани ташкил этиш мақсадида мобиль алоқа операторлари учун ажратилган радиочастота доирасида 500 мВт дан ошмайдиган қувватда ишлайдиган база станцияларидан фойдаланишга рухсатномани расмийлаштириш бўйича талаблар (таснифланган объектлар яқинида ўрнатиладиган мобиль алоқа база станциялари бундан мустасно) бекор қилинади;

в) мобиль алоқа операторлари:

  • телекоммуникация қурилмалари ва иншоотларининг қурилиш-монтаж, реконструкция, синовдан ўтказиш ва интеграция қилиш ишларини якунлаш ҳамда тижорат мақсадида фойдаланишни йўлга қўйиш, шунингдек, телекоммуникация қурилмалари ва иншоотларининг конструкциясини ўзгартириш, мавжуд қурилмалардаги ҳамда телекоммуникация линиялари ва иншоотларидаги ускуналарни кенгайтириш бўйича хабардор қилиш тартибидан фойдаланадилар;
  • радиоэлектрон қурилмалар, асбоб-ускуналар ва бошқа қурилмаларни Ўзбекистонга олиб кириш рухсатномасини, сотиб олиш, ўрнатиш, лойиҳалаш ва қуриш учун рухсатнома олмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштиришлари мумкин;

Кекса саёҳат қилувчилар учун - имтиёзлар

 1 ноябрдан 30 ноябргача  кексалар учун биринчи  туризм ойлиги ўтказилади. Келгусида бу тадбир ҳар йили ўтказилади.  Унинг доирасида туризм объектларида турли чегирмалар ва акциялар ва саёҳат қилувчилар учун чипталарга чегирмалар кутилмоқда. Маданий мерос объектларига кириш чипталари нархларини арзонлаштириш режалаштирилмоқда. Тафсилотлар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Uzbekistan Airways ва Ўзбекистон темир йўлларининг сайтларида эълон қилинади.

Norma.uz материаллари асосида