2023 йил 1 мартдан нималар ўзгарди

preview

Buxgalter.uz қонун ҳужжатларига ўзгартиришларнинг анъанавий ҳар ойлик шарҳини тақдим этади. Қулайлик учун биз 2023 йил 1 мартдан кучга кирган нормаларни жадвалга тўпладик:

 

Т/р

Ўзгартириш

Манбага ҳавола

1

Орфан дори воситалари ва кам учрайдиган касалликларни даволаш учун мўлжалланган тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш жорий этилди

02.04.2022 йилдаги 149-сон ВМҚ 2-б.

2

Унитар корхона ёки қўшимча масъулиятли жамиятларни рўйхатдан ўтказиш тўхтатилди. Бундай ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгартирилади

08.11.2022 йилдаги ПҚ-415-сон қарор 2-б.

3

ИМВ ўзининг расмий сайтида қуйидагилар тўғрисида маълумотни эълон қилишни бошлайди:

  • қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш, уни тўхтатиб туриш, амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топиш;
  • қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензия бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, лицензияни бекор қилиш;
  • қимматли қоғозлар бозорида қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш, хизматларни кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажариш ҳуқуқини берувчи малака сертификатини бериш.

08.11.2022 йилдаги ПҚ-415-сон қарор 5-б.

4

Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини сотиб олиш ва ўрнатиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг энергия самарадорлигини оширишни молиялаштириш учун “Яшил энергия” банк молия маҳсулоти ишга туширилди.

Ягона электр энергетика тизимига уланиш учун берилган техник шартларда кўрсатилган қувватдан юқори бўлмаган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини электр тармоқларига улашда қўшимча техник шарт олиш талаби бекор қилинди

16.02.2023 йилдаги ПҚ-57-сон қарор 12-б.

5

Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича тузилган далолатномалар электрон шаклда расмийлаштирилади

13.02.2023 йилдаги ПҚ-54-сон қарор 5-б.

6

IT-парк резидентлари учун ажратмалар суммаси қуйидагича камайтирилади:

  • улар томонидан яратилган ДТ, миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар аудиториясининг қамрови 500 минг фойдаланувчидан ошганда – 25 фоизга;
  • 1 млн фойдаланувчидан ошганда 50 фоизга

15.02.2023 йилдаги 66-сон ВМҚ 7-б.

7

Солиқ тўловчилар солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қарорлари устидан судга шикоят қилишлари мумкин

09.11.2022 йилдаги ПФ-244-сон Фармон 4-б.

8

Ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча юридик шахслар ЯИДХП орқали тижорат хизматларини кўрсатишлари мумкин

9

Қуйидагиларга тақиқ жорий этилади:

  • Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан амалга ошириладиган бир шартнома суммаси БҲМнинг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган давлат харидлари бўйича буюртмалар тўғридан-тўғри шартномалар асосида бажарилишига;
  • вазирлик (идора, муассаса) ва унинг таркибидаги ташкилот (муассаса) ўртасида қиймати БҲМнинг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинишига

10

ҚҚС тўловчилар ва УФ (УК)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахсларга “E-aktiv” тизимига активлар тўғрисидаги маълумотларни синов тарзида (мажбурий бўлмаган тарзда) киритиш муддати узайтирилди

Батафсил >>

11

Тадбиркорларга 2023 йил 1 январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини 2023 йил 1 мартдан 1 июлга қадар фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди

03.02.2023 йилдаги ПҚ-43-сон қарор 1-б.

12

2023 йил 1 мартдан бошлаб 2026 йил 1 январга қадар пиллани қайта ишлаш ва пилла қурти уруғини ишлаб чиқарувчи корхоналар улар томонидан бевосита пилла боқувчиларга етказиб берилган ҳар бир қути ипак қурти уруғи учун 120 минг сўм миқдорида субсидия олишлари мумкин

 24.02.2023 йилдаги ПҚ-73-сон қарор 7-б.

13

Импорт қилинадиган ва маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган, якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун акциз солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаш 2023 йил 1 мартдан 2023 йил 31 декабрга қадар узайтирилди

Батафсил >>

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади