2023 йил 1 ноябрдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради

preview

1 ноябрдан бошлаб қонун ҳужжатларига навбатдаги ўзгаришлар тўплами кучга киради. Buxgalter.uz шарҳида – муҳим янгиликлар ҳақида.

 

Муҳим янгиликларни тезкор тарзда ўқиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Туганаклар, илдизлар, ўсимликлар қаламчаларини импорт қилувчилар ноль даражали божхона божи билан рағбатлантирилади

2023 йил 1 ноябрдан 2026 йил 1 январга қадар туганаклар, пиёзбошлар, туганаксимон илдизлар, туганак пиёзлар, илдизпоя, жумладан вегетатив тиним ҳолатидаги, вегетация ёки гуллаш давридаги сертармоқлари, бошқа тирик ўсимликлар (жумладан, илдизлари), қаламчалар ва пархиши (ТИФ ТН кодлари – 0601 ва 0602) импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади (23.10.2023 йилдаги ПҚ-341-сон қарор).

 

Экологик экспертизадан ўтказилмаган лойиҳалар тўхтатиб турилади

“Ўзбекистон–2030” стратегиясига асосан:

1. Ижобий экологик экспертиза хулосасини олмаган объектларга нисбатан молиялаштириш, кредитлаш ва бошқа молия операцияларини тўхтатиб туриш механизми жорий этилади;

2. Экологик ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар зарарни қоплаш билан бир қаторда, зарар етказилган табиат объектини тиклаш ва унинг муайян муддат давомида муҳофаза қилинишини таъминлаши шарт (11.09.2023 йилдаги ПФ-158-сон Фармон).

 

Бир ойда 1 минг кВт соатдан ортиқ электр энергияси истеъмол қилинган тақдирда тўлов бир неча баравар ошади

Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, оширувчи коэффициент истеъмол қилиш ҳажмига қараб фарқ қилади. Аммо уларнинг барчаси фақат бир ойда 1 000 кВт/соатдан ортиқ электр энергиясини истеъмол қиладиган абонентларга дахл қилади.

Тариф электр энергиясини қуйидаги тарзда сарфлаганлар учун оширилади:

  • 1 минг кВт соатдан 5 минг кВт соатгача – 2 баравар 590 сўмгача;
  • 5 минг кВт соатдан 10 минг кВт соатгача – 3 баравар 885 сўмгача;
  • 10 минг кВт соатдан ортиқ – 4 баравар 1 180 сўмгача.

 

Авторақамлар берилганлиги учун йиғимлар миқдорлари ўсди

Ички ишлар вазири томонидан имзоланган буйруққа (10.08.2023 йилдаги 396-сон) асосан йиғимларнинг қуйидаги миқдорлари белгиланган:

  • автотранспорт воситаларига рақам белгилари учун – БҲМнинг 3,5 баравари миқдорида;
  • мототранспорт воситалари, мотороллерлар ва тиркамаларга рақам белгилари учун – БҲМнинг 1,75 баравари миқдорида;
  • транзит рақам белгилари учун – БҲМнинг 25 фоизи миқдорида;
  • яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки шикастланган бир жуфт рақам белгилари ўрнига янги рақам белгилари бериш учун – БҲМнинг 3,5 баравари миқдорида, бир дона учун –– БҲМнинг 1,75 баравари миқдорида;
  • йўқотилган бир дона ёки бир жуфт рақам белгилари ўрнига янги бир жуфт рақам белгилари бериш учун БҲМнинг 3,5 баравари миқдорида;
  • мототранспорт воситалари, мотороллерлар ва тиркамалар (ярим тиркамалар) учун йўқотилган рақам  белгиси ўрнига янги рақам белгисини бериш учун БҲМнинг 1,75 баравари миқдорида;
  • рақам белгиларини 12 ой муддатдан сўнг яна бир йил муддатга сақлаганлик учун –БҲМнинг 1 баравари миқдорида.

 

“Умра” тадбирларини ташкил этувчи туроператорлар янги қоидалар бўйича ишлашни бошлайди

Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматлар чиқиш туризмининг алоҳида турига ажратилди (08.08.2023 йилдаги 345-сон ВМҚ). Уларни кўрсатиш учун лицензия 1 ноябрдан бошлаб фақат туроператор томонидан қуйидаги бир қатор шартлар бажарилган тақдирда берилади:

  • туроператор 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилган бўлса;
  • штатида камида бир нафар диний таълим йўналишлари бўйича дипломга эга мутахассис мавжуд бўлса;
  • зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан келишувга кўра тайинланади. Туроператор уларнинг чипталарга, яшаш, озиқ-овқат, визани расмийлаштириш ва суғуртага оид харажатларини қоплаши керак.

Умра тадбирини ташкил этиш учун лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида аризани кўриб чиқиш учун давлат божи ва йиғим бекор қилинади.

 

Қурилиш объектларида ва аҳоли гавжум бўладиган объектларда мажбурий ёнғин назорати жорий этилади

04.08.2023 йилдаги 332-сон ВМҚга асосан:

– давлат ёнғин назорати органлари қурилиш объектларида ёнғин хавфсизлиги қисмида нормалар ва қоидаларга риоя этилишини назорат қилади;

– аҳоли гавжум бўладиган объектларда мажбурий тартибда идоравий ёнғин назорати ўрнатилади;

– давлат ёнғин назорати органларининг ижобий хулосасини олмасдан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукционга чиқариш, қурилиш объектлари лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектлардан фойдаланиш учун рухсатнома бериш тақиқланади.

 

Тадбиркорлар кенг полосали Интернет тармоқларини олиб бориш дастурига киритилади

“Охирги миля” тамойили асосида тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда аҳоли хонадонларига кенг полосали Интернет тармоқларини олиб боришга қаратилган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бошланади (14.09.2023 йилдаги ПҚ-308-сон қарор 5-б.).

 

Давлат улушига эга корхоналарда давлат вакилларининг иштирок этиш тартиби кучга киради

2023 йил 16 ноябрдан бошлаб Давлат иштирокидаги корхоналардаги давлат вакилларининг фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради (14.08.2023 йилдаги 373-сон ВМҚ).

Низомда давлат вакили акциядорлар умумий йиғилишига киритилишидан олдин уларни олдиндан келишиб олиши керак бўлган масалалар рўйхати белгиланган:

1. Тегишлилиги бўйича ваколатли давлат органи билан (Давлат активларини бошқариш агентлиги, махсус ваколатли давлат органи, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари):

  • корхонани қайта ташкил этиш ёки тугатиш;
  • шуъба ва тобе хўжалик жамиятларини ташкил этиш;
  • ташкилий тузилмани тасдиқлаш;
  • корхона ижроия органини сайлаш, тайинлаш, ёллаш, унинг ваколатларини муддатидан олдин бекор қилиш;
  • эълон қилинган акцияларнинг энг юқори миқдорини белгилаш;
  • акцияларни бўлиш ва консолидациялаш;
  • корхонанинг устав фонди (устав капитали) миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш;
  • мулкни гаровга бериш;
  • йирик битим тузиш ёки корхонанинг аффилланган шахслари билан битимлар тузиш;

2. Давлат активларини бошқариш агентлиги билан – соф фойдани тақсимлаш ва унинг бир қисмини дивидендларга йўналтириш.

Қолган масалалар бўйича давлат вакили мустақил равишда қарорлар қабул қилиши мумкин.

 

Марҳамат, октябрь ойида кучга кирган бирор бир янгиликни ўтказиб юбормаганлигингизни текшириб кўринг.