2023 йилдан юридик шахслар ва ЯТТ учун сув истеъмоли соҳасида нималар ўзгаради

preview

Хўжалик юритувчи субъектларнинг йил давомида сув ҳисоблагичларни алмаштириш мажбурияти, солиқ базасини камайтириш ва сув учун қарздорликни бевосита қарздорнинг банк ҳисобварағидан ундириш Президентнинг 24.05.2022 йилдаги “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-257-сон қарорида назарда тутилган.

 

Фармонга асосан:

   1. 2023 йил 1 январдан 2024 йил 1 январга қадар юридик шахслар ва юридик шахс ташкил этмаган тадбиркорлар (ЯТТ, деҳқон хўжаликлари) ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатишлари шарт. Белгиланган талабларга жавоб бермайдиган сув ҳисоблагичларни олиб кириш ҳамда ўрнатиш тақиқланади.

   2. Агар тадбиркорлар сув ҳисоблагичларни алмаштиришмаса, 2024 йил 1 январдан бошлаб улар билан ҳисоб-китоблар сув ҳисоблагичлар ўрнатилмаган истеъмолчиларга қўлланиладиган тарифлар бўйича амалга оширилади.

  3. Янги сув ҳисоблагичларни ўрнатган тадбиркорлар ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган қуйидаги солиқлар суммаларини камайтириш ҳуқуқига эга бўлишади:

  • фойда солиғи;
  • айланмадан олинадиган солиқ;
  • қатъий белгиланган миқдордаги ЖШДС.

Солиқлар сув ҳисоблагичларнинг ҳар бирини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин битта сув ҳисоблагич учун БҲМнинг 4 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда камайтирилади.

   4. Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари юзасидан қарздорлик етказиб берувчи билан ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси имзолангандан кейин банкдаги ҳисоб рақамига тўлов талабномасини қўйиш йўли билан ундирилади.

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни қандай ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳақида тавсияларда ўқинг:

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади