Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти якунлари: корхоналар қандай молиявий қўллаб-қувватланади

preview

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да (04.09.2023 йилдаги ПҚ-292-сон қарор) тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган. Улар жумласида маблағлари етарли бўлмаганлар учун кредитларни сўндиришнинг янги тартибини жорий этиш, имтиёзли кредитларнинг ҳар хил турлари мавжуд. Демак, бизнес қандай қўллаб-қувватланиши ҳақида – бизнинг шарҳимизда.

 

Янгиликлар билан тезкор тарзда танишиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Янги банк кичик бизнесни қўллаб-қувватлайди

“Қишлоқ қурилиш банк” АТБ негизида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ташкил этилади. Ваколатли банклар билан биргаликда у  кичик бизнес лойиҳалари учун манфаатли шартларда 7 йилгача муддатга кредитлар ажратади.

Шуниси эътиборга моликки, ижобий кредит ва солиқ тарихига эга ҳамда кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари ёрдамида лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини кенгайтириш учун кредитлар ажратишда уларга гаров талаби 50 фоизга камайтирилиши мумкин.

Бизнесни ривожлантириш банки ҳузурида қуйидагилар фаолият кўрсатади:

  • Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси халқаро молия институтлари ва хусусий инвестицияларни кичик бизнеснинг истиқболли лойиҳаларига жалб қилиш билан шуғулланади;
  • 14 та кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари. Бундай марказ ҳар бир ҳудудда жойлаштирилади: Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида. Марказлар кичик тадбиркорлик субъектларига бизнес-лойиҳаларини ишлаб чиқиш, молиялаштириш ва амалга оширишда кўмаклашади, шунингдек уларга консалтинг хизматлари кўрсатади.

 

Саноат корхоналарини ривожлантириш бўйича иккита дастур

Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қуйидагилар молиялаштирилади:

  • “140 та илғор саноат корхонаси” дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларининг лойиҳалари. Бунинг учун 10 йил муддатгача кредитлар ажратилади:

– чет эл валютасида йиллик 4% ставка бўйича;
– миллий валютада йиллик 10% ставка бўйича;

  • юқори технологик маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар. Улар учун 10 йил муддатгача кредит маблағлари ажратилади:

– чет эл валютасида йиллик 5% ставка бўйича;
– миллий валютада йиллик 10% ставка бўйича;

Айланма маблағларни тўлдириш учун эса 1 йил муддатгача кредитлар ажратилади:

– чет эл валютасида йиллик 4% ставка бўйича;
– миллий валютада йиллик 10% ставка бўйича.

“140 та илғор саноат корхонаси” дастури учун электрон платформа яратилади. Унда тадбиркорлик субъектларига саноат лойиҳалари очиқ танлов асосида таклиф қилинади.

Яна битта янги – “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастури – Оролбўйида бизнесни ривожлантиришга қаратилган. Мазкур дастур доирасида мамлакатнинг ҳар бир ҳудуди Қорақалпоғистон Республикасида амалга ошириш учун истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқади.

 

Кредитларни сўндиришнинг янги тартиби

2024 йил 1 январдан бошлаб янги қоидалар жорий этилади:

  • аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилади;
  • тўлов миқдори кредит мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаганда, кредит мажбуриятларини сўндириш навбати белгиланади:

– биринчи навбатда маблағлар мутаносиб равишда муддати ўтган асосий қарз ва фоиз қарздорликлари сўндиришга;
– иккинчи навбатда жорий тўлов учун ҳисобланган фоизлар ва асосий қарзни сўндиришга;
– кейинги навбатларда – неустойка ва ижро харажатларини қоплашга йўналтирилади.

 

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кимларга ёрдам беради

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг устувор равишда хизмат кўрсатиш, “яшил” ва энергия самарадор лойиҳалари бўйича компенсация ва кафилликлар ажратиш тизимини йўлга қўяди.

Жамғармага банк ва нобанк кредит ташкилотлари томонидан кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига миллий ва хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича ҳам кафилликлар тақдим этиш ваколати берилди.

Жамғармага ўрта тадбиркорлик субъектлари устав фондида у томонидан киритиладиган маблағлар ҳисобига иштирокчи (таъсисчи) сифатида иштирок этишга рухсат берилади. Ушбу мақсадлар учун 2023 йилда Давлат бюджети маблағларидан 25 млн АҚШ доллари, 2024 йилда эса – 100 млн АҚШ доллари ажратилади.

 

Экспорт қилувчилар учун қўшимча ресурслар

Экспортни рағбатлантириш агентлиги экспорт қилувчи корхоналарни молиявий маблағлар билан қўллаб-қувватлайди – 125 млн АҚШ долларини қуйидагиларга йўналтиради:

  • логистика харажатларини компенсация қилишга (100 млн АҚШ доллари);
  • маҳсулотларни хорижда сертификатлаш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва мутахассислар тайёрлашга (25 млн АҚШ доллари). 

 

Buxgalter.uz тавсия қилади
Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўйича солиқ тизимида нималар ўзгариши ҳақида бу ерда ўқинг.