Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўйича солиқ тизимида нималар ўзгаради

preview

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Йўл харитаси тасдиқланди (04.09.2023 йилдаги ПҚ-292-сон қарор). Унда солиқ органларининг тадбиркорлар билан ҳамкорлигига алоҳида эътибор берилган. Белгиланган вазифалардан кўпи амалга оширилмоқда ва тадбиркорлар ушбу ишнинг натижасини кўришмоқда.

 

Янгиликлар билан тезкор тарзда танишиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Биринчи натижалар – tax gap ва ҚҚС гувоҳномаси тўхтатиб турилишининг бекор қилиниши

Очиқ мулоқотдан сўнг бир неча соат ўтгач, солиқ узилиши коэффициентининг (tax gap) электрон ҳисобварақ-фактураларда акс эттирилиши тўхтатилди. Шундан кейин ҚҚСнинг манфий суммасини қоплаш (қайтариш)да коэффициентни қўллашни тақиқлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

ҚҚС бўйича махсус рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги Гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тартиби бекор қилинади. Тўғри, бу қоидадан истисно мавжуд. Гувоҳномани амалга оширилаётган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар номенклатурасига номувофиқ бўлган тақдирда тўхтатиб туришлари мумкин. Мазкур масала бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори кутилмоқда, у тафсилотларни аниқлаштиради.

Фойда солиғи бўйича ҳар ой бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлик субъектлари даромадининг чегаравий миқдори оширилади. Бугун мазкур чегара 5 млрд сўмни ташкил этиб, 10 млрд сўмга оширилади.

 

Янги рейтинг ва рағбатлантириш

Савдо-саноат палатаси, Солиқ қўмитаси, Бизнес-омбудсман, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2024 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг ишончлилик рейтингини шакллантиришга тайёрланмоқда. Рейтингни юритиш қоидалари ҳали белгиланиши керак. Энг юқори баҳоларга эга бўлган тадбиркорлар қуйидаги имтиёзларга эга бўлишади:

  • барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилиш (бундан жиноий ишлар доирасидаги текширувлар мустасно);
  • ҚҚСнинг манфий суммасини қисқа муддатларда – бир сутка ичида қайтариш имконияти.

 

Солиқчиларга камерал текширувларда солиқ тўловчиларни безовта қилиш тақиқланади

Камерал солиқ текширувлари тизимини такомиллаштиришга йўналиш олинди. Тез орада камерал текширувлар доирасида солиқчиларга қонунчилик даражасида қуйидагилар тақиқланади:

  • солиқ тўловчининг ҳудудига кириш;
  • солиқ тўловчининг ҳудудини ва биноларини кўздан кечириш;
  • солиқ тўловчидан ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва уни чақиртириш;
  • солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш.

Шуни қайд этамизки, мазкур янгилик ҚҚС суммасини қоплашда (қайтаришда) ўтказиладиган камерал солиқ текширувларига дахл қилмайди.

Бундан ташқари, камерал солиқ текшируви натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқ суммаларини сўндиришнинг янги тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда. Солиқ тўловчилар ушбу суммани 6 ой мобайнида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашлари мумкин.

 

Жарималар қайта кўриб чиқилади

Солиққа оид тартибни бузганларни жавобгарликка тортиш тизимида ўзгартиришлар бўлади. Бугунги кунда молиявий санкциялар ва маъмурий жарималар назарда тутилган бир қатор ҳуқуқбузарликлар мавжуд. Қайта кўриб чиқишда биттасини қолдиришади: битта ҳуқуқбузарлик учун битта жавобгарлик чораси назарда тутилган бўлиши кераклиги тамойилидан келиб чиқилади.

Савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини, мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималарга алоҳида эътибор берилади. Уларнинг миқдори қайта кўриб чиқилади ва етказилган зарар миқдорига мутаносиб равишда белгиланади.

 

Низони маъмурий суд кўриб чиқади

2024 йил 1 январдан бошлаб иқтисодий судлар томонидан солиқ органлари иштирокида кўрилаётган ишлар маъмурий судлар юрисдикциясига ўтказилади.

Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати 5 йилдан 3 йилгача қисқартирилади.

 

Солиқ органларининг ишини тадбиркорлар баҳолайди

“Солиқчи – кўмакчи” тизими такомиллаштирилади. Мазкур тизим доирасида “Онлайн маҳалла” электрон платформасида тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ органларининг фаолиятини баҳолаш имконияти яратилади. Тадбиркорлар томонидан берилган бундай баҳо солиқ органлари фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичи бўлади.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text192980_prezidentning_tadbirkorlar_bilan_ochiq_muloqoti_buyicha_soliq_tizimida_nimalar_uzgaradi