Юридик шахсларга дарахтларни ноқонуний кесганлик ва шикастлантирганлик учун жарималар оширилди

preview

Дарахтларни ноқонуний кесганлик учун юридик шахслар ҳар бир дарахт ва бута ўрнига 100 туп дарахт экишлар керак. Дарахтларни кесишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Аввал белгиланган жарима миқдорлари ҳам оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 29.02.2024 йилдаги ЎРҚ-916 сонли Қонун бу соҳадаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритди. У 2024 йил 1 мартдан кучга кирди.

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

“Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгаришлар

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги юридик шахслар аниқланган ҳуқуқбузарликлардаги айбини тан олганда молиявий санкциялар қўллаш ҳуқуқига эга. Агар ҳуқуқбузар ўз айбини тан олмаса ва жаримани тўламаса, Экология вазирлиги молиявий санкцияни қўллаш  юзасидан ишни судга ошириши мумкин . 

Дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесганлик учун юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг 100 дан 300 бараваригача жарима қўлланилади . Бу айни пайтда 34-102 млн сўмга тўғри келади.

Шунингдек, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун юридик шахслар ҳар бир дарахт ва бута ўрнига 100 туп дарахт экишлари ва уларни уч йил давомида парвариш қилишлари керак .

 

МЖТКга ўзгаришлар

Дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ  қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун БҲМнинг 15дан 25 бараваригача (5,1-8,5 млн сўм) жаримага тортиш шаклида маъмурий жавобгарлик белгиланди .

Қонунга кўра дарахтлар ва буталарни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жарималар 5 баравар оширилди. Энди бундай ҳуқуқбузарликлар учун фуқароларга БҲМнинг 25 дан 50 бараваригача (8,5-17 млн сўм), мансабдор шахсларга – БҲМнинг 50 дан 75 бараваригача миқдорда (17-25,5 млн сўм) жарима солиш кўзда тутилмоқда .

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли бўлган ашёни ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг 50-75 бараваригача (17-25,5 млн сўм), мансабдор шахсларга эса — БҲМнинг 75-100 бараваригача (25,5-34,0 млн сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, ҳуқуқбузарларга 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилади. Аввал бундай ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилмаган .