Ҳисоб сиёсатида назарда тутилмаган ҚҚСни ҳисобга олиш усулини қандай қўллаш мумкин

preview

 Гўшт маҳсулоти  ҚҚСдан озод қилиниши белгиланган ЎРҚ-725-сон  Қонун қабул қилингандан кейин корхонада ҚҚСни ҳисобга олишнинг алоҳида-алоҳида усулини қўллашни энг мақбул усул деб ҳисоблашди. Бироқ корхона йил бошидан буён ҳисобга олишнинг мутаносиб усулини қўллаган, бу ҳисоб сиёсатида ёзилган. Buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА бунинг ечимини айтиб берди:

 

– “Ҳаммаси ҳам бунчалик осон эмас, бироқ ҳатто бу вазиятда ҳам давлат томонидан тақдим этилган имтиёзларни тўлиқ ҳажмда қўллаш мумкин.

Ҳисобга олиш усули - корхона ҳисоб сиёсатининг бир қисми. СКнинг 77-моддасига асосан ҳисоб сиёсатини ўзгартириш ва унга қўшимчалар киритиш муддатларидан қатъи назар ўзгартирилган усулни сиз фақат янги - 2022 йилдан қўллашингиз мумкин.

Бунинг устига ҚҚС маъмуриятчилиги ва ДСҚ ахборот тизимлари шундай созланганки, ҳисобга олиш усулини фақат йил бошида ўзгартириш мумкин.

Бунда 2021 йил бошида солиқ тўловчилар қатор озиқ-овқат товарларини, шу жумладан гўштни ҚҚСдан озод қиладиган қонунлар қабул қилинишини билишмаган. Бинобарин, корхона аввалбошдан ўзининг ҳисоб сиёсатига ҳисобга олишнинг ўзи учун мақбул усулини киритиши мумкин эмасди. Бу январда солиқ бўйича ҳисоботни қайта топшириш учун анча узрли асос деб ҳисоблайман. 2022 йил учун ҳисоб сиёсатида сизда ҚҚСни ҳисобга олишнинг алоҳида-алоҳида усули киритилган тақдирда бунинг имконияти бўлади.

Ҳозир 2022 йил учун корхонанинг ҳисоб сиёсатини ўзгартириш ва унга қўшимчалар киритиш устида ишлашнинг айни пайти.

СКнинг 77-моддасига асосан солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатини ўзгартириш ва (ёки) унга қўшимчалар киритиш қуйидаги усуллардан бири ёрдамида амалга оширилиши мумкин:

1) янги ҳисоб сиёсатини ёки унинг янги бўлимини тасдиқлаган ҳолда;

2) бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган амалдаги ҳисоб сиёсатига ёки амалдаги ҳисоб сиёсатининг бўлимига ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритган ҳолда.

Солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсати (СҲС) солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда эркин шаклда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Ҳужжатни ишлаб чиқишда гўшт етиштирувчилар ҚҚСдан фақат 2021 йил якунига қадар озод этилганлигини унутманг.

Янги йилда солиқ ҳисоботини топширишда дастурда сизнинг ҳисоб сиёсатингизда кўрсатилган ҳисобга олиш усулини кўрсатишни ҳам унутманг”.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади