Кўчмас мулк билан боғлиқ “хорижий” хизматлар бўйича ҚҚСни тўлаш

preview

Чет эл қурилиш компанияси Ўзбекистондаги корхона билан тузилган шартнома бўйича республикамизда спорт комплексини қуради. Ёки - чет эл юридик шахси Ўзбекистонда бино сотиб олди ва уни ижарага беради... 

Хорижий ҳамкорлар билан тузилган шартномалар асосида кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар бўйича ҚҚСни қандай ҳисоблаб чиқишни “Норма” эксперти Ирина АХМЕТОВА тушунтирди:

 

– Кўчмас мол-мулк билан бевосита боғлиқ бўлган хизматларни реализация қилиш жойи унинг жойлашган жойи бўйича аниқланади. Бинобарин, мол-мулкнинг ўзи бу ерда жойлашган бўлса, бундай хизматлар Ўзбекистонда реализация қилинган, деб эътироф этилади .

Агар Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб ҳисобланадиган товарлар Ўзбекистонда ҚҚС тўловчилар сифатида рўйхатдан ўтказилмаган чет эллик шахслар томонидан кўрсатилган бўлса, Ўзбекистондаги корхона  солиқ агенти сифатида, улардан ҚҚС тўлаши шарт . Бунда, солиқ агентлари у солиқ тўловчи эканлигидан ёки солиқ тўловчи эмаслигидан қатъи назар, ўз мажбуриятларини бажаради .

Эслатиб ўтамиз

Кўчмас мулк жумласига: ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар киради.

Қонунда бошқа мол-мулк ҳам кўчмас мол-мулк жумласига киритилиши мумкин.

Кўчмас мулк жумласига кирмайдиган мол-мулк кўчар мулк ҳисобланади .

Кўчмас мол-мулк билан бевосита боғлиқ хизматлар жумласига, хусусан, қуйидагилар киради:

  • қурилиш, монтаж қилиш, қурилиш-монтаж, ишга тушириш-созлаш, таъмирлаш хизматлари;
  • реставрация қилиш;
  • кўкаламзорлаштириш;
  • кўчмас мол-мулкни ижарага бериш;
  • архитектура лойиҳасини ишлаб чиқиш,
  • қурилиш фаолиятини тайёрлаш ва мувофиқлаштириш, архитектура ва қурилиш фаолияти устидан муаллифлик ва (ёки) техник назорат;
  • шунга ўхшаш бошқа хизматлар (масалан, қурилиш майдонини тайёрлаш, ер, геодезия, муҳандислик қидирувлари ва ҳ.к.).
Мисол
Россия қурилиш компанияси Ўзбекистондаги корхона билан шартнома асосида Ўзбекистонда объектни қуради.

Мазкур ҳолда норезидент томонидан кўрсатиладиган хизматлар кўчмас мол-мулк (қурилиш объекти) билан боғлиқ. Шу боис ижрочи - чет эл компанияси эканлигига қарамай, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи ҳисобланади.

Бинобарин, Россия компаниясининг қурилиш хизматларига Ўзбекистонда ҚҚС солинади. Қурилиш майдони чет эл юридик шахсининг доимий муассасаси (ДМ) деб эътироф этилади. Бунда ДМнинг  исталган кетма-кетликдаги 12 ойлик давр мобайнида 183 кундан ортиқ муддат мобайнида фаолият юритиши ҳисобга олинади .

2020 йилдан бошлаб ДМ ҚҚС тўловчиларига айланганлиги боис , улар реализация қилиш бўйича солиқ солинадиган айланмани ўзининг фаолиятидан келиб чиққан ҳолда белгилайди ва ҚҚС тўлайди .

Мисол
Чет эл юридик шахси Ўзбекистонда мулкида бинога эга бўлиб, уни Ўзбекистондаги корхонага ижарага беради

ҚҚС солиш мақсадларида ижара хизмат деб эътироф этилади. Кўчмас мулк Ўзбекистонда жойлашганлиги боис, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи ҳисобланади.

Агар чет эл юридик шахси Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, Ўзбекистондаги корхона, солиқ агенти сифатида, ижара ҳақидан ҚҚС суммасини ушлаб қолиши ва солиқни бюджетга тўлаши шарт .

Агар ижара шартномасида ижара ҳақига ҚҚСни киритиш назарда тутилмаган бўлса, солиқ агенти тегишли солиқ суммасини мустақил тарзда ҳисоблаб чиқариши ва ўз маблағлари ҳисобидан уни бюджетга тўлаши шарт .

Эътибор беринг
Чет эллик шахслар томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича ҚҚСнинг тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати солиқ тўловчига ҳисобга олишнинг бошқа шартларига риоя қилинган тақдирда, тўланган солиқ суммасини ҳисобга киритиш ҳуқуқини беради .

Солиқ агентлари - ҚҚС тўловчилар солиқ ҳисоботини - чет эл юридик шахсларидан харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича алоҳида ҚҚС ҳисоб-китобини (шакл коди  1001_4) ўтган солиқ давридан кейинги ойнинг 20 кунидан кечиктирилмаган муддатда тақдим этадилар .

Солиқ агентлари - ҚҚС тўловчилар ҳисоботни солиқ тўлаш амалга оширилган ойдан кейинги ойнинг 20 кунидан кечиктирмай тақдим этадилар .

 

Мавзуга доир қўшимча тушунтиришларни тавсия қиламиз: