Солиқ органлари сизни ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтказган бўлса, нима қилиш керак

preview

2020 йилнинг ярим йиллик якунларини таҳлил қилгач, солиқ органлари айланмадан олинадиган солиқни тўловчиларнинг кўпчилигини ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтказдилар. Сабаби – бундай корхоналарнинг жами даромади 1 млрд сўмдан ошган. Бундай вазиятга тушиб қолган корхоналар бухгалтерлари нима қилишлари керак?

ДСҚ камерал назорат бошқармаси бошлиғи Бахтиёр ИБРОҲИМОВ вазиятга ойдинлик киритди:

– Солиқ даврида олинган жами даромади (ЯТТ учун – товарларни ёки хизматларни реализация қилишдан олинган даромади) 1 млрд сўмдан ошган корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар айланмадан олинадиган солиқни тўлай олмайдилар .

Айланмадан олинадиган солиқ қуйидагиларга нисбатан ҳам татбиқ этилмайди :

  • товарларни импорт қилувчи юридик шахслар ва ЯТТга;
  • акциз солиғи тўланадиган товарларни (хизматларни) ишлаб чиқарувчи ва (ёки) фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи юридик шахсларга;
  • юридик шахслар – қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига, башарти уларда 50 га ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони мавжуд бўлса;
  • бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилишни амалга оширувчи юридик шахсларга;
  • лотереяларни ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахсларга;
  • оддий ширкат ишларини юритиш ўз зиммасига юклатилган ишончли шахсга – оддий ширкат шартномаси доирасида амалга оширилаётган фаолият бўйича;
  • бўш турган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар, шунингдек фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдори бўлган юридик шасхларга, улардан самарасиз фойдаланилаётганлиги бўйича қонунда белгиланган тартибда хулоса киритилганда;
  • марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектларни (жорий ва капитал таъмирлаш бундан мустасно) қуришни бажарувчи юридик шахсларга.

Афсуски, амалиётда кўплаб корхоналар бухгалтерлари жами даромад – нафақат товарларни, хизматларни реализация қилишдан олинган даромад, балки корхона солиқ даври мобайнида олиши мумкин бўлган «бошқа» даромадлар ҳам эканлигини назардан қочирадилар .

Масалан:

  • текин олинган мол-мулк: пул маблағлари, мулкий ҳуқуқлар, ҳар қандай моддий қимматликлар. Даромад бозор қийматидан аниқланади;
  • текин олинган ҳар қандай хизматлар, шу жумладан бировнинг мол-мулкидан текинга фойдаланиш. Даромад бозор қийматидан аниқланади;
  • олинган фоизсиз қарзлар, улар бўйича даромад МБнинг қайта молиялаштириш ставкасида ҳисобланади;
  • асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган даромадлар;
  • мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар;
  • мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромадлар;
  • дивидендлар ва фоизлар;
  • ижобий курс фарқи;
  • бошқа даромадлар.

«Бошқа» даромадларни эътиборга олмаган корхона, гарчи Солиқ кодекси талабларига мувофиқ бундай ҳуқуқи бўлмаса ҳам, ўзини айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси деб ҳисоблашда давом этади.

Яна бир бор эслатиб ўтамиз: якка тартибдаги тадбиркорларнинг товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлари 1 млрд сўмдан ошган тақдирдагина айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ҳуқуқини йўқотадилар.

Солиқ органлари камерал солиқ текширувларини ўтказиш чоғида корхонанинг жами даромадини (ЯТТ учун – реализация қилишдан олинган даромадларни) ҳисобга оладилар. У 1 млрд сўмлик «чегаравий» қийматдан ошса, у ҳолда:

  • билдиришнома юборадилар ҳамда бундай корхоналар ва ЯТТни ошиш рўй берган ойдан кейинги ойдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтказадилар ;
  • бундай корхоналар ва ЯТТга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш ҳуқуқига эга бўладилар : ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйишнинг белгиланган тартибини бузиш солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳисобга қўйиш санасидан бошлаб ҳақиқатда ҳисобга қўйилган санагача бўлган даврда олинган даромаддан 5% миқдорида, бироқ 5 млн сўмдан кам бўлмаган миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз
Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун жарима санкциялари қўлланилмайди .

Солиқ тўловчилар:

  • Солиқ тўловчиларни ҚҚС тўловчилари сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ my.soliq.uz порталидаги «ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш» хизмати орқали ариза бериб, ҚҚС тўловчиси рўйхат рақамини олишлари ;
  • айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ҳуқуқини йўқотган бутун давр учун ҚҚС ва фойда солиғи ҳисоб-китобларини тақдим этишлари, шунингдек айланмадан олинадиган солиқ бўйича қайта ҳисоб-китобни топширишлари шарт.

Диққат
Солиқ органларининг статистикасига кўра, ярим йил давомида айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтказилган солиқ тўловчилар орасида товарларни импорт қилувчилар кўпчиликни ташкил этади . Бундай солиқ тўловчилар, ҳатто янги ташкил этилган ва рўйхатдан ўтказиш чоғида айланмадан олинадиган солиқни (ёки, масалан, ЯТТни рўйхатдан ўтказиш чоғида ЖШДСни) тўловчилар деб ҳисобланишларини кўрсатган бўлсалар ҳам, импорт контракти тузилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилишлари керак эди .

ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтказилганликлари ҳақида билдиришнома олган солиқ тўловчиларнинг айрим саволларига жавоб берамиз:

  • айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ҳуқуқи йўқотилган бутун давр учун ҚҚСли ЭҲФни қайта тақдим этиш керакми?

Корхона ҚҚС тўловчисининг рўйхат рақамига эга бўлмаган давр учун ҚҚСли ЭҲФни қайта тақдим этишнинг имкони йўқ. Сабаби ҳисобварақ-фактурада ҚҚС рўйхат рақами кўрсатилиши керак ;

  • бундай вазиятда ҚҚС ҳисоб-китоби қандай топширилади, ахир у автоматик равишда, харидорга тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни инобатга олган ҳолда тўлдирилади-ку?

Бундай вазиятда ҚҚСсиз расмийлаштирганларингиз ўрнига ҚҚС тўлашга ўтишингиз керак бўлган давр учун ҚҚСли тузатилган ҳисобварақ-фактураларни*  расмийлаштиришингизга тўғри келади. Бунда улар ҚҚС тўловчисининг рўйхат рақамисиз бўлади. 8-«Етказиб беришнинг ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда қиймати» устунида энди 15%га ортиқ бўлган сумма қайд этилади. Бироқ харидор сизга бу суммани тўлаши керак эмас.

Хатоларингизни тузатишингиз – ҚҚС ҳисоб-китобини топшириб, уни бюджетга тўлашингиз билан солиқ органлари сизга ҚҚС рўйхат рақамини берадилар;

*Таҳририятдан: тузатилган ЭҲФни қайси сана билан ва қандай тақдим этиш кераклиги ҳақида бу ерда ўқинг;

  • харидорларга ҳисобварақ-фактуралар ҚҚС билан қайта тақдим этилган бўлса, улар ҚҚС бўйича қайта ҳисоб-китобларни тақдим этишлари керакми?

Харидорлар ҚҚС бўйича қайта ҳисоб-китобларни тақдим этмайдилар ва тузатилган ЭҲФни ҳисобга олмайдилар. Тузатилган ҳисобварақ-фактураларда ҚҚС тўловчисининг рўйхат рақами мавжуд эмаслиги сабабли харидорларингиз сизнинг ҚҚСни ҳисобга ололмайдилар;

  • тузатилган ЭҲФдаги ҳисобланган ҚҚСни нима қилиш керак?

Тузатилган ЭҲФдаги ҳисобланган ҚҚСни корхона харажатларига ҳисобдан чиқариш лозим.

Таҳририятдан: ҳисобланган ҚҚСни қуйидаги бухгалтерия проводкаси билан давр харажатларига киритиш керак – Дт 9430 «Бошқа операцион харажатлар», Кт 6410 «ҚҚС»;

  • «қўшимча ҳисобланган» ҚҚСни чегириладиган харажатларга киритиш мумкинми? Ёки СК 314-моддасида ҚҚС бўйича бундай харажат назарда тутилмагани сабабли уни чегирилмайдиган харажатларга киритиш керакми?

Ҳисобланган, бироқ харидорга тақдим этилмаган ҚҚС учун харажат чегирилмайдиган харажатлар таркибида йўқ . Тегишинча, ушбу харажат қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқадиган фойда солиғи базасини ҳисоб-китоб қилиш чоғида чегирилиши лозим .

ҚҚСга доир харажатларни тартибга соладиган СКнинг махсус 314-моддасида бундай харажат назарда тутилмагани боис қўшимча ҳисобланган ҚҚСни чегириладиган харажатларга киритиб бўлмайди, деган фикр мавжуд. Бунга жавобан СКнинг кўрсатилган моддасида «кирувчи» ҚҚСнинг, яъни модданинг биринчи жумласида тўғридан-тўғри қайд этилган «сотиб олинган товарларнинг (хизматларнинг) қийматида» ҚҚСнинг чегириладиган харажатларга киритилиши белгиланган, дейишимиз мумкин. Бу ҳолда эса «чиқувчи» ҚҚС ҳақида сўз бормоқда;

  • чорак ўртасида ўтказилган бўлса, солиқлар бўйича қайта ҳисоб-китоблар қандай топширилади?

Ҳар ойлик ҚҚС ҳисоб-китобларини тақдим этиш зарур.

Солиқ органлари корхонангизни қайси даврдан бошлаб фойда солиғи ва ҚҚС тўлашга ўтказганликларига қараб, I чорак ва/ёки ярим йиллик учун фойда солиғи бўйича ҳисоб-китобни/ҳисоб-китобларни тақдим этиш. Бироқ сиз тўловчига айланган ойлар учунгина солиқ солиш базасини ҳисоблаш.

Айланмадан олинадиган солиқ бўйича қайта ҳисоб-китобни тақдим этиш, ундан корхона ушбу солиқни тўламайдиган даврда олган даромадларни чегириб қолиш. Бундай вазиятда айланмадан олинадиган солиқ бўйича ортиқча тўлов юзага келади, СК 103-моддаси ва 104-моддаси нормаларига риоя этиб, уни ҳисобга олиш ёки қайтариш мумкин бўлади.

Мисол
Корхона 2020 йил май ойида 300 млн сўм дивиденд олган
Январь–май ойларидаги фаолиятдан олинган даромад 701 млн сўм. Натижада 2020 йил январь–май давридаги жами даромад 1 млрд сўмдан ошади. 1 июндан корхона ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши керак эди. Камерал солиқ текшируви якунларига кўра ДСИ корхонага 3 августда бу ҳақда хабар берган. Электрон ҳисоботларни тақдим этиш зарур:
  • 2020 йил ярим йиллиги учун айланмадан олинадиган солиқнинг қайта ҳисоб-китоби, ундан июнь ойи учун айланмани чегириш;
  • 2020 йил ярим йиллиги учун фойда солиғи ҳисоб-китоби. Бунда ҳисоботда фақат июнь ойидаги кўрсаткичлар бўлади;
  • 2020 йил июнь, июль ойлари учун ҚҚС ҳисоб-китоблари. Эслатиб ўтамиз, ҚҚСга ўтиш чоғида ТМЗ қолдиқлари ва узоқ муддатли активларни (АВ) инвентаризация қилиш ва илгари уларнинг қийматида ҳисобга олинган ҚҚСни ҳисобга олиш мумкин .

Таҳририятдан: Йил давомида айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтганда қандай қилиб тўғри ҳисоб-китоб қилиш ҳамда Фойда солиғи ҳисоб-китоби ва молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш ҳақида бу ерда ўқинг. Фундаментал хатоларни қандай қилиб тузатиш ҳақида эса бу ерда ўқинг.

Вuxgalter.uz эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА суҳбатлашди.