Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

17-сонли БҲМС "Капитал қурилишнинг пудрат шартномалари" (АВ томонидан 23.07.2024 й. 3533-сон билан рўйхатга олинган иқтисодиёт ва молия вазирининг 14.06.2024 й. 140-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2024 йил 23 июлда 3533-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

иқтисодиёт ва молия вазирининг

2024 йил 14 июндаги

140-сон буйруғига

ИЛОВА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ


(17-СОНЛИ БҲМС)


КАПИТАЛ ҚУРИЛИШНИНГ

ПУДРАТ ШАРТНОМАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (17-сонли БҲМС) "Капитал қурилишнинг пудрат шартномалари" (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонунига асосан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини норматив тартибга солиш тизимининг бир қисми ҳисобланади.


2. Мазкур Стандартнинг мақсади капитал қурилишнинг пудрат шартномалари билан боғлиқ бўлган даромадлар ва харажатларнинг бухгалтерия ҳисоби услубиятини белгилашдан иборат. Капитал қурилишнинг пудрат шартномалари бўйича даромадлар ва харажатларнинг тақсимланиши пудрат шартномаларини ҳисобга олишдаги асосий масала ҳисобланади, чунки капитал қурилишнинг пудрат шартномаларини бажаришнинг бошланғич ва охирги муддатлари одатда ҳар хил ҳисобот даврларига тўғри келади. Капитал қурилишнинг пудрат шартномалари бўйича даромадлар ва харажатлар молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда даромадлар ва харажатлар сифатида акс эттирилиши лозим бўлган пайтни белгилаш учун ушбу Стандарт молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш қоидаларида (Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асосда (рўйхат рақами 3530, 2024 йил 12 июль) белгиланган мезонлардан фойдаланади.


3. Ушбу Стандарт капитал қурилишнинг пудрат шартномалари бўйича даромадлар ва харажатларни ҳисобга олиш ва молиявий ҳисоботларни таёрлашда пудратчилар томонидан қўлланилади.

Мазкур Стандарт ўз эҳтиёжлари учун капитал қурилишни амалга ошираётган қурувчи ташкилотларга тааллуқли эмас, чунки улар бундай фаолиятдан даромад олмайдилар, улар қилган харажатларнинг ҳаммаси эса капиталлаштирилади.


4. Мазкур Стандартда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


капитал қурилиш учун пудрат шартномаси (бундан буён матнда қурилиш пудрат шартномаси деб юритилади) - пудратчи буюртмачининг топшириғига кўра, қурилиш ишларини бажариш мажбуриятини таваккал қилиб зиммасига оладиган, буюртмачи эса бажарилган ишни қабул қилиб оладиган ва ҳақини тўлайдиган шартномадир. Қурилиш пудрати шартномаси бир-бири билан мустаҳкам боғланган ёки уларни лойиҳалаш ва улардан фойдаланиш шартлари бўйича ўзаро боғлиқ бўлган битта объектни ёки объектлар гуруҳини қуриш мақсадида тузилиши мумкин. Бундан ташқари, қурилиш пудрати шартномаларига объектларни қуриш билан бевосита боғлиқ бўлган хизматларни кўрсатиш ишлари киритилиши мумкин;


қатьий белгиланган нархдаги қурилиш пудрати шартномаси - тарафлар қурилиш ишларининг қатъий белгиланган нархига (қийматига) ёки ўзгарувчан нарх ҳақида қайд этган ҳолда бажарилган ишлар бирлигининг қатьий белгиланган ставкасига розилик билдирадиган шартномадир;


келишилган нарх бўйича қурилиш пудрати шартномаси - қурилиш ишларини бажариш билан бевосита боғлиқ бўлган ҳақиқий харажатлар буюртмачи йўл қўядиган миқдорда, шу жумладан шартномада қайд этилган мукофот пули билан бирга пудратчига тўланадиган шартномадир.



2-БОБ. ҚУРИЛИШ ПУДРАТИ ШАРТНОМАЛАРИ ГУРУҲЛАРИ


5. Мазкур Стандарт талаблари ҳар бир қурилиш пудрат шартномасига нисбатан алоҳида қўлланилади. Айрим холатларда мазкур Стандартни пудрат шартномасининг ёки шартномалар гуруҳининг моҳиятини акс эттириш учун битта пудрат шартномасининг айрим қисмларига нисбатан ёки пудрат шартномасининг бутун бир гуруҳига нисбатан қўллаш зарур.


6. Агар бир вақтни ўзида бир неча объектга битта қурилиш пудрат шартномаси тузилаётган бўлса, у ҳолда ҳар бир объектнинг қурилишини алоҳида қурилиш пудрат шартномаси деб ҳисоблаш керак, бунда қуйидаги шартлар бажарилиши керак:

ҳар бир объект бўйича қурилиш ишларининг шартномавий қийматига доир алоҳида таклиф мавжуд бўлиши;

ҳар бир объект бўйича келишувга эришилган бўлса ва пудратчида ҳам, буюртмачида ҳам айрим объектларни қабул қилиш ёки қабул қилишдан бош тортиш имконияти бор бўлиши;

даромадлар ва харажатлар ҳар бир объект бўйича белгиланганлиги.


7. Қурилиш пудрат шартномаси буюртмачининг хоҳишига қараб қўшимча объект қурилишини назарда тутиши ёки қўшимча объект қурилиши билан тўлдирилиши мумкин. Қўшимча объект қурилишини қуйидаги ҳолларда алоҳида шартнома деб ҳисоблаш керак, агар:

объект дастлабки шартномага киритилган объект ёки объектлардан лойиҳаси, технологияси ҳамда вазифалари билан тубдан фарқ қилса;

қўшимча объект учун шартномавий қиймат дастлабки шартнома бўйича шартномавий қийматни ҳисобга олмай келишилса.



3-БОБ. ҚУРИЛИШ ПУДРАТ ШАРТНОМАЛАРИ

БЎЙИЧА ДАРОМАДЛАР


8. Қурилиш пудрат шартномасидан олинадиган даромад қуйидагиларни ўз ичига олади:

қурилиш ишларининг дастлабки шартномавий қийматини;

шартномани ўзгартиришдан даромадлар, даъволар бўйича даромадлар ва рағбатлантириш тўловларини.


9. Қурилиш пудрат шартномасидан даромад уни ҳисоблаш пайтидаги жорий қиймат бўйича аниқланади. Келгусидаги ишларнинг натижаларига боғлиқ бўлган кўзда тутилмаган ишлар пудрат шартномасидан олинадиган даромаднинг ўзгаришига таъсир қилади.


10. Даъволар бўйича даромадлар бу пудратчи қурилиш пудрат шартномасини бузган буюртмачидан олиш ниятида бўлган суммадир.


11. Рағбатлантириш тўловлари пудрат шартномасида белгиланган ишларни бажарганда ёки ошириб бажарганда пудратчига тўланадиган қўшимча суммалардир. Рағбатлантириш тўловлари ҳисоблаш усули билан даромадга киритилади.



4-БОБ. ҚУРИЛИШ ПУДРАТ ШАРТНОМАЛАРИ

БЎЙИЧА ХАРАЖАТЛАР


12. Қурилиш пудрат шартномаси бўйича харажатларга қуйидагилар киради:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, мазкур пудрат шартномаси билан боғлиқ бўлган бевосита харажатлар ҳамда пудрат шартномаси бўйича умумий қурилиш ишларига тааллуқли бўлган ва пудрат шартномаси бўйича тақсимланиши ва шартнома қийматига киритилиши мумкин бўлган билвосита харажатлар (устама харажатлар);

шартнома шартларига кўра харажатларни қоплаш кўзда тутилган тажриба-конструкторлик ишлари харажатлари каби қурилиш пудрат шартномаси шартлари бўйича буюртмачи томонидан қопланадиган харажатлар.


13. Қурилиш пудрат шартномаси бўйича амалга ошириладиган фаолият билан боғлиқ бўлмаган харажатлар (пудрат шартномаси шартларида қоплаб бериш белгиланмаган харажатлар) қурилиш пудрат шартномаси бўйича харажатлардан чиқариб юборилади.



5-БОБ. ҚУРИЛИШ ПУДРАТИ ШАРТНОМАЛАРИ

БЎЙИЧА ДАРОМАДЛАР ВА ХАРАЖАТЛАРНИНГ

ТАН ОЛИНИШИ


14. Пудратчи томонидан даромадлар ва харажатлар бухгалтерия балансини тузиш санасида пудрат бўйича қурилишни якунлаш даражасини ҳисобга олган ҳолда даромадлар ва харажатлар сифатида тан олиниши керак (яъни пудрат бўйича ишларни якунлаш даражасига қараб). Даромадлар ва харажатлар улар юзага келган ҳисобот даврларида тан олиниши керак.


15. Қатъий белгиланган нархдаги қурилиш пудрат шартномасининг натижаси қуйидаги барча шартларга риоя этилганда баҳоланади, агар:

қурилиш пудрат шартномаси бўйича умумий даромадни баҳолаш мумкин бўлса;

пудратчи иқтисодий фойда олса;

қурилиш ишларини бажариш харажатлари ва фоизини аниқлаш ва бухгалтерия балансига киритиш мумкин бўлса;

қурилиш пудрат шартномаси бўйича амалга оширилган харажатларни смета меъёрлари билан қиёслаш мумкин бўлса.


16. Келишилган нарх бўйича қурилиш пудрати шартномасининг натижаси қуйидаги барча шартларга риоя этилганда баҳоланади, агар:

пудратчи иқтисодий фойда олса;

қурилиш ишларини бажариш харажатлари ва фоизини аниқлаш ва бухгалтерия балансига киритиш мумкин бўлса.


17. Агар қурилиш пудрат шартномаси бўйича даромадга киритиб бўлинган ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттириб бўлинган суммани олиш пайтида ноаниқлик юзага келадиган бўлса, у ҳолда олинмаган сумма ёки олиш эҳтимоли йўққа чиққан сумма қурилиш пудрат шартномаси бўйича даромад миқдорини тузатиш сифатида эмас, балки харажат сифатида ҳисобга олинади.


18. Қурилиш пудрат шартномаси бўйича бажарилган ишлар фоизи шартнома туридан келиб чиқиб қуйидаги усулларда аниқланади:

назорат ўлчовини ўтказиш орқали;

муайян санага бажарилган қурилиш ишлари бўйича харажатлар миқдорини шартнома бўйича умумий смета харажатларига солиштириш орқали;

қурилиш пудрат шартномаси бўйича ишларнинг жисмоний (физик) қисми якунлаганлигини текшириш орқали.

Буюртмачидан олинган оралиқ тўловлар ва бўнак тўловлари бажарилган ишлар даражасини акс эттирмайди.


19. Қурилиш пудрат шартномаси бўйича натижани ишончли тарзда аниқлаш мумкин бўлмаган ҳолларда:

даромад қурилиш пудрат шартномаси бўйича қилинган харажатлар қопланиши эҳтимоли бўладиган даражадагина тан олиниши керак;

қурилиш бўйича харажатлар, улар ҳақиқатда қилинган давр мобайнида бошланғич ҳисоб маълумотлари бўйича харажатлар сифатида тан олиниши керак.



6-БОБ. КУТИЛАЁТГАН ЗАРАРЛАРНИ ТАН ОЛИШ


20. Умумий харажатлар қурилиш пудрат шартномаси бўйича даромадлардан ошиб кетган ҳолларда кутилаётган зарарлар мазкур ҳисобот даври харажатлари сифатида тан олиниши керак.

Бундай зарарлар суммаси қуйидагилардан қатъий назар аниқланади:

пудрат шартномаси бўйича ишлар бошланган фактидан;

пудрат шартномаси бўйича ишларни бажариш фоизидан;

қурилиш пудратининг ягона даромади сифатида қаралаётган бошқа пудрат шартномалари бўйича кутилаётган жами даромад суммасидан.



7-БОБ. МАЪЛУМОТЛАРНИ ЁРИТИБ БЕРИШ


21. Пудратчи молиявий ҳисоботларга изоҳлар қисмида қуйидаги маълумотларни ёритиб бериши керак:

ҳисобот даврида ҳар бир қурилиш пудрат шартномаси бўйича даромад миқдорини;

ҳисобот даврида қурилиш пудрат шартномаси бўйича тан олинадиган даромадни аниқлашда фойдаланиладиган усулларни;

қурилиш пудратининг тугалланмаган шартномаси бўйича ишларнинг бажарилиш фоизи босқичини аниқлашда фойдаланиладиган усулларни.

Қурилиш пудрат шартномалари бўйича даромадлар ва харажатларни баҳолаш методларидаги ўзгаришлар ҳам ҳисобот давридаги ва кейинги даврлардаги молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда тан олинадиган ҳисоб-китоб баҳолашларидаги ўзгаришлар каби ёритиб берилиши керак.


22. Ҳисобот санасига тугалланмаган қурилиш пудрат шартномалари бўйича пудратчи қуйидаги маълумотларни ёритиб бериши керак:

ҳақиқатда қилинган харажатларнинг ва тан олинган даромаднинг (тан олинган зарарларни чиқариб ташлаган ҳолда) жами суммасини;

олдиндан тўлов бўйича олинган суммани;

ушлаб қолинган суммани.


23. Пудратчи молиявий ҳисоботларда қуйидагиларни акс эттириши керак:

қурилиш ишлари бўйича буюртмачиларнинг дебиторлик қарзларини;

қурилиш ишлари бўйича буюртмачиларнинг кредиторлик қарзларини.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 24 июль