Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

22-сонли БҲМС "Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби" (АВ томонидан 19.12.2024 й. 3587-сон билан рўйхатга олинган иқтисодиёт ва молия вазирининг 06.12.2024 й. 201-сон буйруғига 1-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2024 йил 19 декабрда 3587-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

иқтисодиёт ва молия вазирининг

2024 йил 6 декабрдаги

201-сон буйруғига

1-ИЛОВА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ


(22-СОНЛИ БҲМС)


"Чет эл валютасида ифодаланган активлар

ва мажбуриятларнинг ҳисоби"


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (бундан буён матнда БҲМС деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонуни асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини норматив тартибга солиш элементи ҳисобланади.


2. Мазкур БҲМС бюджет, банклар ва нобанк кредит ташкилотларидан ташқари мулкчилик шаклидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган юридик шахсларнинг (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) чет эл валютасидаги операцияларини ва чет элдаги бўлинмаларнинг маълумотларини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш ҳамда уларни молиявий ҳисоботда ёритиб бериш тартибини белгилайди.


3. Мазкур БҲМСда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


чет элдаги бўлинма - Ўзбекистон Республикасидан ташқарида фаолиятини амалга оширадиган ҳамда молия-хўжалик фаолиятини сўмдан бошқа валютада юритадиган шуъба ва қарам хўжалик жамиятлари;


чет эл валютасидаги операцияни амалга ошириш санаси - қонунчилик ҳужжатлари ёки шартномага мувофиқ ташкилотда чет эл валютасидаги операциянинг натижасини бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санаси;


чет эл валютаси - муомаладаги ҳамда чет давлат (чет давлатлар гуруҳлари) ҳудудида нақд тўловнинг қонуний воситаси бўлган пул белгилари, шунингдек муомаладан чиқарилаётган ёки муомаладан чиқарилган, аммо алмаштирилиши лозим бўлган пул белгилари, чет давлатларнинг (чет давлатлар гуруҳларининг) пул бирликларида ҳамда халқаро пул бирликларида ёки ҳисоб-китоб бирликларида банк ҳисобварақларида ва омонатларида турган маблағлар;


монетар моддалар - миқдори қатъий белгиланган ёки аниқласа бўладиган, чет эл валютасида олинадиган ёхуд тўланадиган активлар ва мажбуриятлар;


номонетар моддалар - молиявий ҳисоботнинг монетар бўлмаган бошқа моддалари;


курс фарқи - чет эл валютаси бирликларини сўмга ўтказишда валюта курси ўзгариши натижасида юзага келадиган сўмдаги фарқ.


4. Мазкур БҲМС Ўзбекистон Республикаси валютасида (бундан буён матнда сўм деб юритилади) тузилган молиявий ҳисобот кўрсаткичларини чет эл валютасига қайта ҳисоблашда қўлланилмайди.


5. Агар қонунчиликда бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасидаги барча ташкилотлар сўмда бухгалтерия ҳисобини юритиши ва молиявий ҳисоботни тақдим этиши лозим.



2-БОБ. ЧЕТ ЭЛ ВАЛЮТАСИДАГИ ОПЕРАЦИЯЛАРНИ

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИДА АКС ЭТТИРИШ


6. Қуйидаги операциялар чет эл валютасидаги операциялар ҳисобланади:

товарлар, ишлар ва хизматларни чет эл валютасида харид ёки реализация қилиш;

тўланадиган ёки олинадиган суммалари чет эл валютасидаги пул маблағларини қарзга олиш ёки қарзга бериш;

чет эл валютасида активларни харид ёки реализация қилиш ёхуд чет эл валютасида мажбуриятларни қабул қилиш ёки сўндириш.


7. Чет эл валютасидаги операцияни тан олишда уни амалга ошириш санасидаги чет эл валютасининг сўмга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси (бундан буён матнда Марказий банк курси деб юритилади) бўйича тан олинади.

Бухгалтерия ҳисоби мақсади учун чет эл валютасидаги айрим операцияларни сўмга ўтказиш мазкур БҲМCнинг иловасида келтирилган саналарга мувофиқ амалга оширилади.


8. Ташкилотлар бухгалтерия ҳисобида ҳар ойда чет эл валютасидаги монетар моддаларни ҳисобот ойининг охирги санасидаги ва операцияни амалга ошириш санасидаги Марказий банкнинг курси бўйича қайта баҳолашни амалга оширади.


9. Монетар моддада чет эл валютасидаги маблағларнинг қатъий белгиланган ёки аниқланадиган миқдорини олиш ҳуқуқи (ёки ўтказиш мажбурияти) мавжуд бўлади.

Монетар моддаларга қуйидагилар киради:

кассадаги ва банк ҳисобварақларидаги чет эл валютаси маблағлари;

тўланиши ёки олиниши чет эл валютасида белгиланган дебиторлик ва кредиторлик қарзлар (бундан қайтариш мажбуриятсиз олинган ва қайтариш ҳуқуқисиз берилган бўнаклар мустасно);

чет эл валютасидаги кредит ва қарзлар;

чет эл валютасида ходимлар билан ҳисоб-китоблар;

чет эл валютасидаги пул эквивалентлари;

чет эл валютасида тўланадиган дивидендлар ва бошқалар.


10. Номонетар моддада чет эл валютасидаги маблағларнинг қатъий белгиланган ёки аниқланадиган миқдорини олиш ҳуқуқи (ёки ўтказиш мажбурияти) мавжуд бўлмайди.

Номонетар моддалар чет эл валютасидаги операцияни амалга ошириш санасидаги Марказий банк курси бўйича бухгалтерия ҳисобига қабул қилингандан сўнг, Марказий банк курси ўзгариши билан қайта ҳисобланмайди.

Қуйидагилар номонетар моддалар ҳисобланади:

чет эл валютасида харид қилинган асосий воситалар, номоддий активлар, гудвил, ўрнатиладиган асбоб-ускуналар, капитал қўйилмалар, товар-моддий захиралар;

чет эл валютасида хорижий инвестициялар иштирокидаги ташкилот устав капиталининг мулкдорлари ва таъсисчилари (иштирокчилари) улушларининг нисбати;

чет эл валютасида устав капиталига ва акцияларга инвестициялар;

чет эл валютасида товарлар, ишлар ва хизматлар учун қайтариш мажбуриятисиз олдиндан олинган ва қайтариш ҳуқуқисиз берилган бўнаклар ва бошқалар.


11. Чет эл валютасидаги операциялар қийматини сўмда қайта ҳисоблашдан юзага келган курс фарқи ташкилотнинг бевосита молиявий натижаларида молиявий фаолиятдан олинган даромадлар (харажатлар) таркибида ҳисобга олинади.


12. Активлар, ишлар ва хизматлар тўлиқ ёки қисман олдиндан чет эл валютасида тўланган бўнак ҳисобига харид қилинганда, уларни қийматининг ушбу бўнак миқдорига тенг суммаси бўнак тўланган санадаги Марказий банк курсида тан олинади.

Активлар, ишлар ва хизматлар тўлиқ ёки қисман олдиндан чет эл валютасида олинган бўнак ҳисобига реализация қилинганда, улар бўйича даромаднинг ушбу бўнак миқдорига тенг суммаси бўнак олинган санадаги Марказий банк курсида тан олинади.


13. Бухгалтерия ҳисобида комитентга бўлган чет эл валютасидаги кредиторлик қарзи воситачилик шартномасига асосан олинган товарларни сотиш санасидаги Марказий банк курси бўйича вужудга келади. Қарзнинг кейинги ҳисоби мазкур БҲМСга мувофиқ амалга оширилади.


14. Курс фарқларини жамғариш орқали бухгалтерия ҳисобида акс эттиришга йўл қўйилмайди.

Жамғариш орқали аввал йиғилган курс фарқлари молиявий натижаларга тўғридан-тўғри ёки қуйидаги тартибда олиб борилиши мумкин:

чет эл валютасидаги дебиторлик ва кредиторлик қарзлар бўйича - уларнинг тўланишига (ёки ҳисобдан чиқарилишига) мувофиқ;

бошқа ҳолларда - баланснинг тегишли валюта моддалари билан хўжалик операцияларининг содир этилишига мувофиқ.

Жамғариш орқали аввал йиғилган курс фарқлари молиявий натижаларга чет эл валютасининг бир бирлигига тўғри келадиган курс фарқларининг ўртача миқдори бўйича олиб борилиши мумкин.


15. Чет эл валютасидаги операциялар ҳисобини юритишда молиявий ҳисобот моддаларининг монетар моддадан номонетар моддага ёхуд номонетар моддадан монетар моддага қайта таснифлашда курс фарқларини ҳисоблаш жорий ва келгуси даврлар учун (перспектив тарзда) амалга оширилади.


16. Бухгалтерия ҳисобида таъсисчиларнинг устав капиталига улушини чет эл валютасида киритиши улушни киритиш санасидаги Марказий банк курси бўйича амалга оширилади.



3-БОБ. ЧЕТ ЭЛДА ФАОЛИЯТ ЮРИТИШ

УЧУН ФОЙДАЛАНИЛАДИГАН АКТИВЛАР

ВА МАЖБУРИЯТЛАР ҲИСОБИ


17. Молиявий ҳисоботни тузишда ҳисобот берувчи ташкилотнинг молиявий ҳисоботига ушбу ташкилот чет элда фаолият юритиши учун фойдаланадиган чет эл валютасидаги активлар ва мажбуриятлар қиймати сўмда қайта ҳисобланиши лозим.


18. Чет элда фаолият юритиш учун фойдаланадиган монетар моддаларни сўмда қайта ҳисоблаш ҳисобот ойининг охирги санасидаги ва чет эл валютасидаги операция содир бўлган санадаги Марказий банк курси бўйича амалга оширилади.


19. Ташкилотнинг чет элда фаолият юритиши учун фойдаланадиган асосий воситалари, номоддий активлари, ўрнатиладиган асбоб-ускуналари, капитал қўйилмалари ва товар-моддий захираларининг қийматини сўмга ўтказиш ушбу активларни бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санасидаги Марказий банк курси бўйича амалга оширилади.


20. Ташкилотнинг асосий воситалари, номоддий активлари, ўрнатиладиган асбоб-ускуналари, капитал қўйилмалари ва товар-моддий захираларининг чет эл қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қайта баҳоланган қийматини қайта ҳисоблаш ушбу қайта баҳолаш ўтказилган санадаги Марказий банк курси бўйича амалга оширилади.


21. Чет элда фаолият юритишнинг молиявий натижаларини шакллантирадиган, чет эл валютасида ифодаланган даромадлар ва харажатларни сўмда қайта ҳисоблаш ҳисобот давридаги Марказий банк курслари ва улар амал қилиш кунлари ҳосилалари суммасини ҳисобот давридаги кунлар миқдорига бўлиш натижасида ҳисоблаб чиқилган курсларнинг ўртача миқдоридан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.



4-БОБ. ЧЕТ ЭЛДАГИ БЎЛИНМАНИ

КОНСОЛИДАЦИЯЛАШГАН МОЛИЯВИЙ

ҲИСОБОТГА КИРИТИШ


22. Ташкилотнинг чет элдаги бўлинмасининг молиявий ҳисоботларини ташкилот томонидан тузиладиган консолидациялашган молиявий ҳисоботга киритиш учун қайта ҳисоблашда ташкилот қуйидагиларни бажариши керак:

чет элдаги бўлинманинг активлари ва мажбуриятларини ҳисобот даврининг охирги санасидаги Марказий банк курси бўйича қайта ҳисоблаши;

чет элдаги бўлинманинг хусусий капитали моддаларини ҳисобот даврининг охирги санасидаги Марказий банк курси бўйича қайта ҳисоблаши, бундан жорий йилнинг тақсимланмаган фойдаси (қопланмаган зарари) мустасно;

чет элдаги бўлинманинг даромадлари ва харажатлари моддалари, шунингдек тақсимланмаган фойдасини (қопланмаган зарари) ҳисобот давридаги Марказий банкнинг курслари ва улар амал қилиш кунлари ҳосилалари суммасини ҳисобот давридаги кунлар миқдорига бўлиш натижасида ҳисоблаб чиқарилган курсларнинг ўртача миқдоридан фойдаланган ҳолда қайта ҳисоблаши.


23. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида фаолиятнинг таснифи ўзгарган ҳолларда, ўзгарган таснифга нисбатан қўлланадиган қайта ҳисоблаш тартиби ушбу ўзгариш санасидан бошлаб фойдаланилиши лозим.



5-БОБ. МАЪЛУМОТЛАРНИ ЁРИТИБ БЕРИШ


24. Молиявий ҳисоботга изоҳларда қуйидагилар ёритиб берилиши лозим:

ташкилотнинг молиявий натижаларига олиб борилган курс фарқлари суммаси;

қўшилган капитал сифатида таснифланадиган курс фарқлари суммаси;

бухгалтерия ҳисобининг бошқа ҳисобварақларига олиб борилган курс фарқлари суммаси;

ҳисобот санасидан кейин юз берган валюта курслари ўзгаришларининг оқибати, агар улар юқори аҳамиятга эга бўлса ва уларни ёритиб бермаслик молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар томонидан тўғри баҳолашга ҳамда қарорлар қабул қилишга салбий таъсир кўрсатса;

ҳисобот санасидаги Марказий банк курси.

        

         




(22-сонли БҲМС)га

ИЛОВА



Чет эл валютасидаги айрим операцияларни

сўмга ўтказиш саналари

РЎЙХАТИ

           

Чет эл валютасидаги операциялар

       

Чет эл валютасидаги операциялар санаси

        

Чет эл валютасидаги банк ҳисобварақлари бўйича операциялар


Чет эл валютасидаги пул маблағларининг банкдаги ҳисобварақларга келиб тушиш ёки уларни банкдаги ҳисобварақлардан ҳисобдан чиқариш санаси


Чет эл валютасидаги касса операциялари


Чет эл валютасини кассага кирим қилиш ёки уларни кассадан бериш санаси


Чет эл валютасидаги даромадлар


Чет эл валютасидаги даромадларни тан олиш санаси


Чет эл валютасидаги харажатлар


Чет эл валютасидаги харажатларни тан олиш санаси


Товар-моддий захиралар ва бошқа активларни баҳолаш (бундан қайтариш мажбуриятисиз олинган ва қайтариш ҳуқуқисиз берилган бўнаклар мустасно)


Товар-моддий захиралар ва бошқа активларнинг харид қилинганини тасдиқловчи бошланғич ҳисоб ҳужжатлари (товарнинг кузатув ҳужжатлари ёки божхона юк декларацияси) мавжуд бўлганда, уларни бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санаси


Ходимларнинг ҳисобдор суммалари бўйича чет эл валютасидаги қарзларини акс эттириш


Бўнак ҳисоботини тасдиқлаш санаси


Чет эл валютасидаги қарзларнинг тўланиши


Чет эл валютасидаги қарзларни тўлаш санаси


Устав капиталига таъсисчиларнинг улушлар бўйича қарздорлигининг юзага келиши


Юридик шахс мақомини олиш санаси


Устав капиталининг шаклланиши (кўпайиши)


Устав капиталига таъсисчилар томонидан улушлар киритилиши санаси


        

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 20 декабрь