Полезное для бухгалтера в ноябре:
Мол-мулк солиғини аввалги мулкдорнинг баҳолаш қиймати бўйича ҳисоблаш мумкинми
«Корхона кўчмас мулк объектини сотди, у бўйича мол-мулк солиғи 2022 йилда ҳисобланган қийматдан келиб чиқиб тўланган. Объект харидорида мол-мулк солиғи ҳисоб-китобини шакллантиришда ушбу қиймат автоматик равишда акс эттирилади. Харидор баҳолаш учун унга ҳужжатларни беришни сўрамоқда.
Корхонамиз томонидан ўтказилган кўчмас мулк объектини баҳолаш бошқа компанияда мол-мулк солиғини ҳисоблаш учун асос бўлиши мумкинми?»
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига кўра «Норма» эксперти Олег Цой изоҳлади:
– Давлат рўйхатидан ўтказиладиган бино ва иншоотлар бўйича мол-мулк солиғи ўртача йиллик қолдиқ қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади. Бунда солиқ базаси энг кам қийматдан паст бўлиши мумкин эмас .
Агар ўртача йиллик қолдиқ қиймати энг кам қийматдан паст бўлса, корхона кўчмас мулк объектини мустақил баҳолашни амалга оширишга ҳақли. Ўтган икки йилда ўтказилган мустақил баҳолаш натижалари солиқ базаси сифатида эътироф этилади.
Cизнинг корхонангиз томонидан амалга оширилган кўчмас мулкни баҳолаш объектнинг жорий бозор қийматини акс эттирса (мисол учун, баҳоловчи ташкилотнинг ҳисоботи билан тасдиқланган бўлса), янги мулкдор мол-мулк солиғини ҳисоблашда ундан фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, ушбу баҳолаш натижалари солиқ органига тақдим этилади ва харидорда мол-мулк солиғи ҳисоботини шакллантиришда акс этттирилади. Агар бу олди-сотди шартномасида ёки томонларнинг келишувида назарда тутилган бўлса, сиз харидорга кўчмас мулкни баҳолаш тўғрисидаги ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаларини беришингиз мумкин.
Кўчмас мулкнинг янги мулкдори сизнинг корхонангиз томонидан ўтказилган баҳолаш натижаларидан фойдаланмасликка қарор қилса, у мулкнинг энг кам қийматидан келиб чиққан ҳолда солиқ тўлаши ёки мустақил баҳолашни ўтказиши мумкин.