Полезное для бухгалтера в ноябре:
2020 йилда камерал текширув тайинланиши хавфини қандай прогноз қилиши мумкин
МВ ва ДСҚнинг солиқ органларида солиқ хавфларини баҳолаш ва ҳалоллик мезонлари асосида солиқ тўловчиларни сегментлаш тизими жорий этиш тартиби тўғрисидаги низоми ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда. Барча тадбиркорлик субъектлари уч гуруҳга ажратилади: солиққа оид ҳуқуқбузарликлар хавф даражаси юқори, ўрта ва паст бўлган гуруҳлар. Қайси мезонлар бўйича баҳоланади? Солиқ тўловчилар хавф ва четга чиқишларни қандай билиб олишлари мумкин? Қандай шартларда «қизил йўлак»дан «яшил йўлак»га ўтиш мумкин?
Солиқ «светофорлари»
Муҳокама қилинаётган ҳужжат мақсад қилиб қўйилган масалаларга жавоб бермайди.
Унга мувофиқ тадбиркорларни уч гуруҳга бўладилар – хавф даражаси юқори («қизил йўлак»), ўртамиёна солиқ хавфи даражаси («сариқ йўлак») ва хавф даражаси паст бўлган («яшил йўлак»).
Бунда қўмита томонидан ҚҚС тўловчиларни рўйхатдан ўтказиш мақсадида қўлланилиши режалаштирилаётган йўлакларни шунга ўхшаш рангли «йўлаклар» билан чалкаштирмаслик керак. Улар (уларга киритиш мезонлари) – тор доирада – фақат ҚҚС тўловчиларга нисбатан қўлланилади. Янги ҳужжат билан тасдиқланадиган йўлаклар солиқ тўловчининг ҳалоллигини баҳолаш глобал тизимига тааллуқлидир.
Жами – 2020 йилда бизда ўз киритиш мезонларига эга иккита «солиқ светофори» бўлади. Уларнинг ўзаро кесишуви ҳеч қаерда қайд этилмаган.
Кимлар «яшил» ҳудудга тушади?
Кўриниб турибдики, барча «яшил йўлак»дагиларни бармоқ билан санаса бўлади. «Яшил ҳудуд» - бу солиқ органининг маълумотларига кўра ҳаммаси батартиб бўлган солиқ тўловчилар ҳисобланади.
«Сариқ йўлак» - тўғри ҳаракатдан нотўғри ҳаракатгача бўлган масофа. Кўпгина ҳолатларда унга тузатиш мумкин бўлган хатоларга йўл қўйган ёки кўрсаткичлари солиқ органларида савол туғдирадиган солиқ тўловчилар киритилади. Солиқ органларида кўрсаткичларингиз бўйича бирор шубҳа уйғонадиган бўлса, бу кутилмаган вазият эканлигини ва айнан шу туфайли ўртача кўрсаткичларга ўтаётганлигингизни, ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаётганингизни исботлаб беришингиз лозим бўлади.
«Қизил» ҳудудга солиқ қонунчилигини бузганлар ва ўтмиши тартибли бўлмаганлар киритилади.
Фақат «яшиллар»гина текширилмайди. Қолганларни барча турдаги ва шаклдаги қатъий солиқ текширувлари, шу жумладан камерал назорат ва солиқ аудити кутмоқда.
Корхонангиз қайси гуруҳга киритилганлигини солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали билиб олишингиз мумкин.
Қандай тартибда гуруҳларга ажратилади?
Солиқ тўловчилар қуйидагиларни таҳлилдан ўтказиш асосида махсус дастур ёрдамида хавф гуруҳларига ажратилади:
- солиқ ва молиявий ҳисоботингизни;
- солиқ назорати натижаларини;
- судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича тақдим этилган таҳлилий маълумотларни (хусусий хулосалар ва тасаввурлар);
- давлат органлари ва ташкилотлари маълумотларини;
- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан, шу жумладан сайтлар ва ижтимоий тармоқлардан олинган маълумотларни;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатлари.
Шу билан муҳокама қилинаётган ҳужжатнинг танқидий жиҳатларига якун ясалади. Саволлар эса қолиб кетаверади …
«Йўлаклар тўғрисида»ги қарор лойиҳасида қайси масалалар жавобсиз қолмоқда
Янги Солиқ кодексини қайта ишлаш концепцияси бўйича ўтказилган кўпгина семинарлар ва конференциялар давомида МВ ва ДСҚнинг масъул шахслари қуйидаги муҳим маълумотни маълум қилдилар: барча айтиб ўтилган манбаларда ДСХО томонидан фақат солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ва хатоликларга йўл қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотларгина изланмайди. Қуйидаги «тармоқ кўрсаткичларидаги четга чиқишлар» гуруҳларга ажратиш учун асос бўлади: ходимлар сонининг ностандарт қиймати, энергия ресурслари истеъмоли, ўртача иш ҳақи ва бошқалар.
«Стандарт» нима эканлигини қандай билиш мумкин? Солиққа оид ҳуқуқбузарликни чиндан ҳам содир этмайдиган солиқ тўловчида «иссиқ» йўлакларга тушиб қолиш хавфи бўлади?
Масалан, Молия вазирлиги таҳлилда фойдаланиш учун тармоқлар учун стандарт кўрсаткичларни очиқ эълон қила оладими? Солиқ тўловчи ўзининг четга чиқишларини кўриши ва камерал текширув тайинланиши хавфини прогноз қила олиши учун буни амалга оширса бўладими? Солиқ тўловчи қандай объектив мезонлар бўйича қатъий фискал назорати остига тушишини билишга ҳақлидир.
Қарор лойиҳасида бу борада кўрсатмалар берилмаган.
Ҳужжат ҳаддан ташқари умумий тусга эга. Унда у ёки бу гуруҳга киритиш механизми, «қизил» ёки «сариқ»дан «яшил»га ўтиш шартлари ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Энг муҳим эса ушбу механизм доирасида солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида баён этилмаган.
Қарор лойиҳаси муҳокамаси 2019 йил 17 декабрда якунланади.
Эслатиб ўтилган масалаларни ҳисобга олган ҳолда ҳужжатни пухта ишлаб чиқишни тавсия этамиз.
Юлия ЯШИНА.