Қачон ипотека бўйича ЖШДС тўламаса бўлади

preview

Янги таҳрирдаги СКда фуқароларга ипотека кредити бериш бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш шартлари ўзгарди. СКнинг 378-моддаси 16-бандини қандай қўллашни buxgalter.uz га Молия вазирлигининг бевосита солиқлар бўлими бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ  тушунтирди.

ЖШДС бўйича имтиёздан фойдаланиш учун  бир вақтнинг ўзида иккита шартга риоя қилиш лозим:

  • якка тартибдаги уй-жойнинг ёки кўп қаватли уйдаги хонадоннинг қиймати 300 млн сўмдан ошмайди;
  • уй-жойнинг харидорига дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан субсидия ажратилган.
Эътибор беринг
2020 йил 1 мартдан бошлаб субсидиялар олиш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади .
Мисол
Субсидия мавжуд эмаслиги боис имтиёзни қўллаш мумкин эмас
Солиқ тўловчи-жисмоний шахс ипотека кредити бўйича бюджетдан субсидия олмасдан суммаси 300 млн сўмгача бўлган уй-жой сотиб олди. Солиқ даврида у кредитни сўндириш ва фоизларни тўлаш учун 15 млн сўм йўналтирди. Бу ҳолда, банкка қандай сумма йўналтирилганидан қатъи назар, имтиёз қўлланилмайди.

 

Мисол
300 млн сўмдан зиёд бўлган уй-жой қиймати учун имтиёзни қўллаш мумкин эмас.
Солиқ тўловчи-жисмоний шахс ипотека кредити бўйича суммаси 300 млн сўмдан ортиқ бўлган уй-жой сотиб олди. Бу ҳолда, кредитни сўндириш ва фоизларни тўлаш учун қандай сумма йўналтирилишидан қатъи назар, ЖШДС бўйича имтиёз қўлланмайди.

 

Солиқ даври – календарь йил мобайнида қарз олувчи ва бирга қарз олувчининг  кредитни сўндириш ва фоизларни тўлаш учун йўналтириладиган 15 млн сўмгача даромадига имтиёз тақдим этилади.

Агар солиқ даври мобайнида ушбу чегара оширилса, ошган суммадан ЖШДС тўланади.

 

Мисол
Қарз олувчида 15 млн сўм миқдоридаги имтиёзланадиган чегарадан ошган тақдирда ЖШДС тўлаш
2020 йил февраль ойида солиқ тўловчи-жисмоний шахс уй-жой сотиб олиш учун 250 млн сўм миқдорида ипотека кредити олди. Уй-жой қиймати 300 млн сўмдан ошмайди. Дастлабки бадалнинг бир қисми бюджетдан ажратилган субсидия ҳисобига қопланди. Жисмоний шахснинг аризасига биноан, унинг иш ҳақидан юридик шахс – иш берувчи ҳар ойда тижорат банкига кредитни сўндириш ва фоизларни тўлаш учун 1,6 млн сўм ўтказади. 2020 йил учун ушбу мақсадлар учун 17,6 млн сўм (1,6 млн сўм х 11 ой) ўтказилади.
Мазкур ҳолатда 2,6 млн сўм миқдоридаги ошган суммага жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.Тўлов манбаи ЖШДС ҳисоблашни ортиб борувчи якун билан амалга оширади . Банкка ўтказиладиган сумма чегаравий қиймат – 15 млн сўмга етганда – имтиёзни қўллашни тўхтатиш лозим.

Мисол
Қарз олувчи ва бирга қарз олувчида 15 млн сўм миқдордаги имтиёзланадиган чегарадан ошганда ЖШДС тўлаш
2020 йил март ойида тўловчи-жисмоний шахс 250 млн сўм миқдорида ипотека кредити олди. Кредит шартномасида қарз олувчи (эри) ва бирга қарз олувчи (хотини) ёзилган. Дастлабки бадалнинг бир қисми бюджетдан ажратилган субсидия ҳисобига қопланган. Эрининг аризасига биноан унинг иш ҳақидан юридик шахс-иш берувчи ҳар ойда тижорат банкига 1 млн сўм ўтказади. Хотини ҳам иш берувчига иш ҳақидан кредитни сўндириш учун ҳар ойда 800 минг сўм ўтказиш ҳақида ариза берди.
Жами 2020 йил учун ушбу мақсадларга оила 18 млн сўм: эри - 10 млн сўм (1 млн сўм х 10 ой), хотини – 8 млн сўм (800 минг сўм х 10 ой) ўтказишни режалаштирмоқда.
ЖШДС бўйича имтиёзни 15 млн сўмга қўллаш мумкин.
Эрининг иш берувчиси унга хотинининг иш жойидан ҳар ойда ипотека кредити бўйича имтиёз қўлланган банкка ўтказилган сумма тўғрисида маълумотнома олиб келиш мажбуриятини юклаши лозим. Қарз олувчи ва бирга қарз олувчи бўйича жами сумма 15 млн сўмга етганда, иккала иш берувчи имтиёзни қўллашни тўхтатиши керак.

ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, 2007 йил таҳриридаги Солиқ кодексида назарда тутилган имтиёзлар 2020 йил 1 апрелгача амал қилади. Тегишинча, 1 апрелга қадар иш берувчилар ёш оилалар ва қишлоқ жойларда қурувчиларга ипотека кредити бўйича илгари амал қилган имтиёзларни қўллашлари мумкин.

Янги СКда ипотека бўйича нормалар

Янги СКда ипотека кредити беришга тааллуқли яна бир нечта ўзгартиришлар мавжуд.

  • Ипотека бўйича сотиб олинган уй-жойни энди сотиш муддатидан қатъи назар, тўланмаган солиқни қопламасдан сотиш мумкин. Илгари 5 йил ўтгунча сотилганда ЖШДС бўйича имтиёзлар суммасини қоплаш лозим бўларди.
  • 36 ойдан кам муддатда мулкида бўлган турар жойларни, шу жумладан ипотека бўйича сотиб олинган турар жойларни сотиш чоғида битимдан олинган даромадга солиқ солиниши лозим .
  • Иш берувчиларнинг ёш оилалар томонидан уй-жой сотиб олиши ва қишлоқ жойларда уй-жой қуриш учун  дастлабки бадални тўлаш учун тўловлари энди моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади ва ЖШДС солинади . Илгари ушбу суммалар ходимнинг даромади сифатида қаралмаган .
ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /ru/publish/doc/text158163_qachon_ipoteka_buyicha_jshds_tulamasa_buladi