Полезное для бухгалтера в ноябре:
Талаб қўйилмасдан даъво қандай тақдим этилади
Низоларни ҳал этишнинг судгача (талаб қўйиш) тартиби томонлар учун мажбурий ҳисобланадими? Қандай ҳолатларда даъво тақдим этишдан олдин контрагентга талаб қўйиш мумкин? Buxgalter.uz нинг илтимосига кўра «Норма» компаниясининг юридик масалалар бўйича эксперти Олег ЗАМАНОВ ушбу масала юзасидан тушунтириш берди:
– Талаб қўйиш – шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар ва зиддиятларни судгача ҳал этиш усули. Умумий қоидага кўра бу ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган хўжалик юритувчи субъектнинг ҳуқуқи ҳисобланади . Бироқ мажбурий тартибда талаб қўйиладиган ҳолатлар ҳам мавжуд.
1. Қуйидаги ҳолатларда талаб қўйилиши лозим:
А) бу қонунда назарда тутилган бўлса. Хусусан, ФК айтилишича: ташувчига нисбатан юк ташишдан келиб чиқадиган даъвони қўзғатишдан олдин унга тегишли транспорт устави ёки кодексида назарда тутилган тартибда талаб қўйилган бўлиши шарт .
Юк ташувчиларга нисбатан талаб қўйиш тартиби ва муддатлари ташиш амалга оширилган транспорт турига боғлиқ бўлади:
- ҳаво орқали ташишда – Ҳаво кодекси 112–126-м.;
- темир йўл орқали ташишда – Темир йўл устави 147–154-б.;
- автомобилда ташишда – Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида юк ташиш қоидалари 98–100-б.
Б) Бу контрагент томонидан тузилган шартномада назарда тутилган бўлса.
Судга мурожаат этишдан олдин низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисидаги шартнома шартлари билан яхшилаб танишиб чиқинг. Шуни эътиборга олингки, «томонлар низолар ва зиддиятларни тинч йўл билан ҳал этиш чораларини кўрадилар» ёки «музокаралар орқали» ёки «судгача тартибда низолар ҳал этилади» қабилидаги умумий тусдаги формулировкалар мажбурий тартибда талаб қўйилиши лозимлигини англатмайди.
Талаб қўйиш тартиби аниқ қайд этилиши лозим. Қўйиладиган талаб мазмуни, уни кўриб чиқиш муддатлари ва бошқа шартлар «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 17-18-моддаларида кўрсатилган.
2. Талаб қўйилиши шарт эмас
Қуйидаги ҳолатларда талаб қўйиш шарт эмас, дарҳол судга мурожаат этилиши лозим:
- низо юк ташиш билан боғлиқ эмас;
- низоларни талаб қўйиш тартибида ҳал этиш контрагент билан тузилган шартномада қайд этилмаган.
Бироқ мажбурий бўлмаса-да, қуйидаги сабабларга кўра ушбу дастакдан фойдаланишни тавсия этамиз:
- инсофли контрагент учун талабнинг ўзи етарли бўлади – қарз сўндирилади ёки уни қайта кўриб чиқиш (муддатини узайтириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва ҳ.к.) юзасидан музокаралар бошлаб юборилади;
- талаб қўйилиши судга асоссиз талаблар билан мурожаат этиш ҳолатини бартараф қилувчи ўзига хос фильтр ҳисобланади. Амалиётда ҳар қандай вазиятга дуч келиш мумкин. Масалан, контрагентнинг мажбуриятларни бажариш муддатлари узайтирилган қўшимча битим йўқотилиши ёки қарз ва жарима санкциялари суммаларини ҳисоблашда хатоликларга йўл қўйилиши мумкин. Бу ҳолатлар судда эмас, балки талаб қўйилишида аниқлангани маъқулдир;
- даъво тақдим этишга қараганда талаб қўйиш арзонроқ бўлади – бунда суд харажатлари, адвокат хизматлари ҳақи тўланмайди;
- талаб қўйиш тартиби суд жараёнига нисбатан тезкор ҳисобланади, бизнесда вақт пул деганику ахир;
- судьялар ишни кўриб чиқишда судгача низоларни ҳал этиш чоралари кўрилган-кўрилмаганлигини эътиборга оладилар. Бинобарин, юборилган талаб катта бўлмаса-да, бироқ даъвогар учун устуворлик ҳисобланади.