ҚҚС ўрнини қоплаш: агар сизга кўздан кечириш учун келишса, нима қилиш керак

preview

Тадбиркорлик субъекти солиқ органларига ҚҚС ўрнини қоплаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилди. Солиқ органлари вакиллари аризани кўриб чиқиш чоғида ҳудудни ва биноларни кўздан кечириш учун келишлари мумкинми? Бу тартиб-таомил қандай ўтказилиши керак? Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси  Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:

- “Ҳа, солиқчилар аризани кўриб чиқиш чоғида камерал текширув доирасида солиқ тўловчининг ҳудуди ва биноларини кўздан кечиришлари мумкин. Бироқ бунда улар Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида низом ва СКнинг 145-147-моддаларига қатъий риоя қилишлари лозим.

Афсуски, бугунги кунда солиқчилар томонидан ҚҚС ўрнини қоплаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш чоғида ҳудудни ва биноларини кўздан кечириш катта муаммога айланмоқда. Бир неча нафар тадбиркорлар менга бундай кўздан кечиришлар натижалари билан мурожаат қилишди. Ушбу ҳолатларнинг ҳар бирида: кўздан кечиришни ташкил этиш ҳам, унинг натижалари ҳам - ҳаммаси савол туғдиради.

Бир ҳисоботда мен текширувчилар фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш объектида 1 соат бўлганларида (вақт текширувчиларнинг ўзлари томонидан ҳужжатда қайд этилган) вазиятни қандай баҳолаганлари ва ўрнини қоплашни рад этганларини кўрдим. Мен солиқ органларида катта иш тажрибаси ва солиқ текширувларини ўтказиш тажрибасига эгаман. Ишонинг, ишлаб чиқариш объектида икки соат бўлсангиз, сиз ҳеч нарсага улгурмайсиз! Ҳатто шунчаки жараёнга киришиб кетолмайсиз. Таҳлил қилиш учун материал тўплаш ва асосланган қарор қабул қилиш – бу узоқ жараён, унга бир неча кун талаб этилади.

Бошқа ҳолат: ишлаб чиқариш корхонаси йил бошидан бошлаб бутун айланмага қоплаш тақдим этишни сўради ва унда ушбу ҳажмда ўрнини қоплаш учун барча асослар мавжуд эди. Бироқ кўздан кечирувчилар корхона фақат ТМҚ қолдиғига қоплаш олиши мумкин деган қарорга келишди. Кўздан кечириш ва кузатув чоғида улар омборлар ва ишлаб чиқариш биноларини видеотасвирга олишди. Бироқ ҳатто бунда – рад этилсин деган муносабат билдирилган.

Солиқ тўловчилар қандай йўл тутишлари лозим?

Биринчи навбатда:

  • ҳуқуқий билимлар билан қуролланиш ва адолатли қонуний қарор қабул қилинишига эришиш лозим;
  • кўздан кечириш Солиқ кодексига қатъий мувофиқ равишда ўтказилишини талаб қилиш, акс ҳолда – текширувчилар ҳаракати устидан шикоят қилиш лозим.

СКнинг 145-моддасига мувофиқ кўздан кечириш холислар иштирокида ўтказилади. Унда текширилаётган шахс ёки унинг вакили, шунингдек мутахассислар иштирок этишга ҳақли.

Солиқ тўловчида видеотасвирга олиш  солиқ органи раҳбари ёки раҳбар ўринбосарининг буйруғига асосан амалга оширилади .

Яна бир бор таъкидлайман:  агар кўздан кечириш, кузатув ва видеотасвирга олиш СКнинг 145-моддаси ва 3207-сон Низом қоидалари бузилган ҳолда амалга оширилса, солиқ тўловчи белгиланган тартибда солиқ ва бошқа ваколатли органларнинг норматив тусда бўлмаган ҳужжатлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизликлари) устидан шикоят қилишга ҳақли”.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text163336_qqs_urnini_qoplash_agar_sizga_kuzdan_kechirish_uchun_kelishsa_nima_qilish_kerak