Жисмоний шахснинг СТИРи бекор қилинади, ЖШШИР шахснинг ягона идентификатори бўлади

preview

23 март куни Президент томонидан ПФ-6191-сон Фармон имзоланди, унга асосан 1 июлдан бошлаб солиқ тўловчилар-жисмоний шахсларни солиқ органларида ҳисобга олиш ЖШШИРга ўтказилади. Фуқароларга СТИР берилмайди, “электрон ҳукумат” хизматларидан фойдаланиш соддалаштирилади, бир қатор давлат хизматлари олиш учун эса қўшимча маълумотномаларни сўраб олиш тўхтатилади. Энг муҳим янгиликлар тўғрисида батафсил - buxgalter.uz шарҳида:


Президентнинг “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига (23.03.2021 йилдаг ПФ-6191-сон) асосан:

  1. 2021 йил 1 июлдан бошлаб солиқ органлари солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритишни жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан (ЖШШИР) фойдаланган ҳолда амалга оширишга ўтади. Фуқароларга СТИР бериш ва жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш бекор қилинади. ЖШШИР барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор ҳисобланади. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларни идентификация қиладиган бошқа рақамларни юритиш тақиқланади (Фармоннинг 5-банди).
  2. Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда уларнинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилади (Фармоннинг 1-банди).
  3. Давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда фуқаролар ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар, шунингдек, давлат хизматини тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар суммаси (агар улар кўрсатилмаган тақдирда) бир иш куни ичида қайтарилади (Фармоннинг 1-банди).
  4. Давлат хизматини кўрсатишда QR-код бўйича ҳужжатлар дубликатларини бериш тартиби бекор қилинади. Ушбу ҳужжатларни электрон шаклда ЯИДХП орқали чекланмаган миқдорда бепул олиш мумкин (Фармоннинг 1-банди).
  5. 1 июндан бошлаб давлат органлари жисмоний шахслар ва тадбиркордан соғлиғи, судланганлиги, мол-мулки, солиқ қарзи, пенсия ва нафақа миқдори, оилавий ҳолати, иш стажи ва даромадлари тўғрисида маълумотномаларни талаб қилишни тўхтатишади. Зарур маълумотларни давлат органлари ва ташкилотлари ўзлари топишади (Фармоннинг 4-банди).
  6. 1 майдан бошлаб хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш учун давлат божи тўловини ЯИДХП орқали тўлаш мумкин (Фармоннинг 5-банди).
  7. Бир қатор ЯИДХП хизматларидан фойдаланиш учун ЭРИ калитига эга бўлиш шарт бўлмайди (Фармоннинг 10-банди).

Ҳужжат бошқа муҳим янгиликларни ҳам ўз ичига олган. Улар билан танишиш учун уни ҳавола бўйича юклаб олинг.

Эслатиб ўтамиз, пенсия тизими ишида режалаштирилган ўзгартиришлар шарҳида биз давлат органлари фуқаро тўғрисидаги бир қатор малумотларни ЖШШИР орқали олиши ҳақида ёзгандик. Шу жумладан - оила таркиби, ҳарбий хизматни ўтаганлиги, ногиронлик берилганлиги, пенсия ва нафақа тайинланганлиги тўғрисида.


Саида Ж
ОНИЗОҚОВА тайёрлади

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text168422_jismoniy_shahsning_stiri_bekor_qilinadi_jshshir_shahsning_yagona_identifikatori_buladi