2021 йил 1 июндан нима ўзгаради

preview

2021 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон бизнеси ва аҳолисини ўзгартиришлар ва янгиликларнинг янги тўплами кутади. Улар солиқ маъмурчилиги, ижтимоий соҳа, давлат хизматлари, имтиёзлар ва преференцияларга дахл қилади. Тафсилотлар - buxgalter.uz шарҳида.

 

Жумладан, 1 июндан бошлаб:


1. Пенсия таъминоти соҳасида 03.02.2021 йилдаги ПФ-6155-сон Фармонга асосан:

  • иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр - 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади;
  • 3 йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинади;
  • ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади;
  • пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади;
  • пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда банк пластик карталарини очиш жараёнида (тижорат банклари филиалларида) ёки электрон шаклда (банк мобиль иловалари орқали) расмийлаштирилади;
  • пенсияларни нақд пулсиз шаклда олувчи шахслар томонидан ҳар 6 ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш, ПЖ ходимлари томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади.


2. Давлат хизматлари соҳасида 23.03.2021 йилдаги ПФ-6191-сон Фармонга асосан:

  • фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади;
  • фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзуви билан боғлиқ барча маълумотлар нотариуслар томонидан мустақил равишда (фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан) олинади;
  • тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда уларнинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишлари мумкин;
  • агар тўланган давлат хизматлари олинмаган ёки йиғимлар ва давлат божи ортиқча бўланган бўлса, фуқаролар ва юридик шахслар ўз пулларини соддалаштирилган тартибда 1 иш куни ичида қайтариб олишлари мумкин;
  • қуйидагилар бекор қилинади:

- хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон ҳудудидаги ваколатхона ходимини аккредитация қилишда унда ОИВ касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти;

- давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби;

  • давлат органларига мурожаат қилишда фуқаролардан қуйидагиларни талаб қилиш тўхтатилади:

1) паспорт нусхаси;

2) маълумотномалар:

- руҳий касалликлар бўйича диспансердан;

- наркология бўйича диспансердан;

- судланганлик мавжуд эмаслиги ҳақида;

- иш ҳақи миқдори, иш стажи ва ОТМда ўқиши;

- пенсия ва нафақа миқдори;

- оилавий ҳолати;

- солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

3) меҳнат дафтарчаси ва унинг нусхаси;

4) кадастр ҳужжатлари.


3. Лицензиялаш ва рухсат бериш ҳужжатлари соҳасида:

  • хусусий НТМ барча  автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берадиган ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади ;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг ички маъмурий-хўжалик фаолиятини таъминлаш ва сақлаш бўйича функцияларини бажариш хусусий секторга ўтказилади ;
  • аккредитациядан ўтказилган юридик шахслар уруғлик шолига мувофиқлик сертификатини беришлари мумкин .


4. Солиқ маъмурчилиги соҳасида:

  • ДСҚ қарорига асосан ДСҚ қарори АВ рўйхат рақами 3221-2, 06.05.2021 й. ҚҚС, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ЖШДС, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, ер солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича солиқ ҳисоботлари шаклларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди. Buxgalter.uz яқин вақтда ҳар бир ўзгартириш киритилган шакл бўйича тушунтиришни тақдим этади;
  • 28.04.2021 йилдаги 249-сон ВМҚга асосан  қуйидагилар тажриба тариқасида жорий этилади:

- Ягона электрон шартномаларнинг ахборот порталида тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузилган шартномаларни ихтиёрий равишда электрон рўйхатдан ўтказиш;

- Шартномалар порталида рўйхатдан ўтган шартномалар асосида маҳсулотларнинг (товар ва хизматларнинг) унификациялашган номлари ва идентификациялаш кодларини ЭҲФда автоматлаштирилган тарзда акс эттириш;

- ТМБни олиш учун ишончномаларни ЭҲА тизими операторлари ахборот тизими орқали расмийлаштириш;

  • алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар . “Соғлом турмуш тарзи” лойиҳаси доирасида мажбурий йиғимни тўлайдилар. Тафсилотлар - бу ерда ;
  • тажриба лойиҳаси доирасида рақамли маркировкалаш жорий этилади :

- 1 июндан бошлаб - дори воситалари ва тиббий буюмлар;

- 15 июндан бошлаб - идишда қадоқланган сув ва салқин ичимликлар;

- 1 июлдан бошлаб - маиший техника. Бу ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган, ҳам импорт қилинадиган маҳсулотларга тааллуқли.


5. Тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёз ва преференциялар:

  • 21.04.2021 йилдаги ПҚ-5087-сон қарор доирасида:

- саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун инвесторлар "E-IJRO AUKSION" савдо майдончаси орқали унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларини олишлари мумкин;

- 3 йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият кўрсатаётган ҳамда ҳисобланган солиқларни муддатида тўлаб келган, лекин молиявий аҳволига кўра солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётган солиқ тўловчиларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи тақдим этилади;

- 3 йилдан ортиқ вақтдан буён товарларни импорт қилиш билан шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаётган ТИФ иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.

Бунда, гаровсиз бўлиб-бўлиб тўланадиган солиқ ёки тўловлар суммаси тадбиркорлик субъекти томонидан охирги 3 йил давомида тўланган солиқ ёки божхона тўловлари суммасининг 50%идан ошмаслиги лозим. Тафсилотлар - бу ерда;

- «ёшлар дафтари»га киритилган тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган тадбиркорларга бир йиллик ижара харажатларининг 30%и (БҲМнинг 25 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда) компенсация қилинади;

- «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ўқув курсларини тугатган ва сертификат олган ёшлар компьютер (шу жумладан, импорт қилинадиган) харидлари учун БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари олишлари мумкин;

- хусусий корхона ва ташкилотларга фаолият бошлаганига 6 ойдан ошмаган «ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатлар (БҲМнинг 4 бараваригача бўлган қисми) компенсация қилинади;

- «ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг 50%и, (БҲМнинг 5 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда) ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатлари компенсация қилинади;

  • 19.05.2021 йилдаги 310-сон ВМҚ доирасида ёш мутахассисларга халқаро IT-сертификатларини олиш харажатларининг 50%гача бўлган қисми қоплаб берилади.


6. Уй-жойга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш доирасида, 11.03.2021 йилдаги ПФ-6186-сон Фармон доирасида, қуйидагилар жорий этилади:

  • ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади, унга мувофиқ:

- фуқаролар томонидан субсидия олиш учун аризалар йил давомида топширилиши мумкин;

- субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига у билан бирга яшамаётган яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкин;

- субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчидан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали олиш мумкин бўлган ҳужжатларни (маълумотларни) талаб қилиш ман этилади;

  • Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган фуқароларга ойлик пул компенсацияни тўлаш тартиби жорий қилинади. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш шарти билан уларга ижара харажатларининг бир қисмини қоплаш учун маҳаллий бюджет маблағларидан 6 ой давомида ойлик ижара тўловининг 50%и миқдорида, бироқ 2,5 БҲМдан ошмаган ҳолда тўланади.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text170048_2021_yil_1_iyundan_nima_uzgaradi