2021 йилда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қандай ўзгаришлар бўлди

preview

2021 йилда ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолиятини тартибга солишда қандай ўзгартиришлар бўлганини эслатиб ўтамиз:

 

1. Нотурар жойнинг ижараси бўйича харажатларни қоплаш ва субсидиялар

«Ёшлар дафтари»га киритилган ўзини ўзи банд қилганлар қуйидаги маблағларни олишлари мумкин  :

  • тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларини   бир йилда кўпи билан  БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда қоплашга маблағлар;
  • тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда субсидия.

 

2. Имтиёзли шартларда ва нақд шаклда кредитлар ажратиш

2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзини ўзи банд қиладиган фуқароларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш, касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хом ашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш мақсадида 5 млн сўмгача миқдорда кредит маблағлари нақд пулда берилиши мумкин .

 

3. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ўзини ўзи банд қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар

«Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги янги Қонунга мувофиқ томорқа хўжалигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ёки қайта ишлаш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этадиган фермер ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиши мумкин .

 

4. Ишсизларга – субсидиялар

2021 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш учун 7 млн сўмгача субсидиялар ажратилади .

 

5. Ҳамширалар ўзини ўзи банд қилган ҳолда ишлаши мумкин

2021 йил 1 июлдан бошлаб ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилди.

Шарти қуйидагича: ўзини ўзи банд қилган ҳамшира ўрта тиббий ёки олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлиши лозим .

 

6. Иссиқхоналарда маҳсулот етиштириш билан шуғулланаётганлар ўзини ўзи банд қилган шахсларга тенглаштирилди

Иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуаларида маҳсулот етиштириш билан шуғулланаётган фуқароларга Президентнинг «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган имтиёзлар ва шарт-шароитлар татбиқ этилади .

Айнан қуйидаги шарт-шароитлар татбиқ этилади:

  • солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказишнинг соддалаштирилган тартиби (солиқ тўловчининг шахсий кабинетида ДСҚ мобиль иловаси ёки сайти орқали);
  • ўз товарлари (хизматлари)  рекламасини жойлаштириш имконияти;
  • ижтимоий солиқни қатъий белгиланган миқдорда (бир йилда 0,5 БҲМдан кам бўлмаган миқдорда) тўлаш;
  • юридик шахслар томонидан товарлар реализация қилинганда ЭҲФ тақдим этиш;
  • имтиёзли кредитлар бериш;
  • ўзини ўзи банд қилиш мақомида бўлган бутун давр учун пенсияни ҳисоблашда меҳнат стажини ҳисобга олиш ва бошқа шартлар.

 

7. Ўзини ўзи банд қилганлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан бинони ижарага олишлари мумкин

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг таълим жараёнидан бўш бўлган ўқув хоналари, ишлаб чиқариш устахоналари, бошқа бино ва иншоотларини қуйидагиларга маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун 5 йилгача бўлган муддатга ижарага беришга ҳақлидир :

  • ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарига;
  • ўқитилаётган касбларга мос фаолиятни амалга ошириб келаётган ўзини ўзи банд қилган шахсларга ва тадбиркорлик субъектларига.

 

8. Репетиторлар бинони ижарага олиши мумкин

Ўзини ўзи банд қилган репетиторларга уйда ёки давлат таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган бино ва иншоотлари хоналарида репетиторлик қилиш ҳуқуқи берилди .

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади.


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text177115_2021_yilda_uzini_uzi_band_qilgan_shahslar_uchun_qanday_uzgarishlar_buldi