Полезное для бухгалтера в ноябре:
2022 йилда фойда солиғини кимлар ва қандай тартибда тўлайдилар
Фойда солиғини тўловчилар кутилаётган фойда суммасидан келиб чиққан ҳолда фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўлаш ҳуқуқига эга . Ушбу масала юзасидан 2022 йилда қандай жиҳатлар ҳисобга олиниши лозимлигини Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА тушунтириб берди:
Бўнак тўловлари қандай тўланади?
Фойда солиғини тўловчилар I чорак учун бўнак тўловларини 2021 йилнинг IV чораги учун бўнак тўловлари суммасидан келиб чиққан ҳолда тўлайдилар. II–IV чоракларда эса аввалги чорак учун Ҳисоб-китоб бўйича ҳисобланган солиқ суммасидан келиб чиқиб тўлайдилар . Бунда солиқ тўловчи бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмаган тақдирда, бўнак тўловлари суммаси солиқ органи томонидан ҳисоблаб чиқарилади. Солиқ тўловчи келгуси чорак биринчи ойининг 10-санасига қадар жорий чоракда кутилаётган фойда суммасидан келиб чиққан ҳолда тўловни амалга ошириши мумкин.
Масалан, 2021 йил IV чоракда корхона ҳар ойда 25 млн сўм миқдорида бўнак тўловларини тўлаган. Бу шубҳасиз, 2022 йилнинг I чорагида ҳам худди шундай суммада бўнак тўловлари тўланиши кераклигини англатади.
Бироқ, агар сиз фойдани ошириш ёки камайтиришни мўлжал қилаётган бўлсангиз, солиқ органларига I чорак учун бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишингиз мумкин. Сиздаги маълумотлар бўнак тўловларини тўлаш учун асос бўлади. Фақат қуйидагини ҳисобга олинг: кутилаётган фойда суммаси асоссиз камайтириб кўрсатилган тақдирда солиқ органлари солиқ тўловчилар томонидан тақдим этиладиган солиқ бўйича бўнак тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотномага ўзгартиришлар киритишга ҳақли , бунда пеня ҳам ҳисобланади . Бундай ҳолатда умумий қоида амал қилади: ҳисоб-китоб ўзгартирилган тақдирда (тўланмаган тўловлар аниқланганда), пенялар, агар СКда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган солиқни тўлаш кунидан кейинги кундан бошлаб солиқни тўлаш бўйича мажбуриятни бажариш кечиктирилган ҳар бир календарь кун учун автоматик тарзда ҳисобланади.
Маълумотнома қандай тақдим этилади?
Маълумотнома чорак биринчи ойининг 10-санасига қадар , яъни:
- I чорак учун – 9 январь дам олиш кунига тўғри келганлигини ҳисобга олган ҳолда, 10 январдан кечиктирмай .
- II чорак учун – 11 апрелдан кечиктирмай;
- III чорак учун – 11 июлдан кечиктирмай;
- IV чорак учун – 10 октябрдан кечиктирмай тақдим этилади.
Сиз маълумотномани тақдим этсангиз, аввалги чорак якунлари бўйича бўнак тўловлари ҳисобланмайди.
Фойда солиғини тўловчиларнинг ҳаммаси маълумотномани тақдим этиши лозимми
Йўқ, ҳаммаси эмас.
Биринчидан, барча солиқ тўловчилар бўнак тўловларини тўловчилар ҳисобланмайди. Бўнак тўловларини фақат жами даромади 2021 йилдаги ёки 2022 йил мобайнида киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 5 млрд сўмдан ошадиган солиқ тўловчиларгина тўлайдилар .
Жами даромади ҳажми 5 млрд сўмдан ошмайдиган корхоналар фойда солиғини ҳисоб-китобга асосан чорак якунлари бўйича тўлайдилар.
Иккинчидан, фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўловчилар учун маълумотномани тақдим этиш бу мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади.
Агар сиз бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмаган бўлсангиз, тўловларни аввалги чорак кўрсаткичлари бўйича тўлашингиз лозим. Мазкур ҳолатда сизнинг ойлик бўнак тўловингиз солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқарилади.
Бўнак тўловларини (маълумотнома ёки аввалги чорак якунлари бўйича) тўлаш муддатлари – ҳар ойнинг 23-санасидан кечиктирмай.
Бўнак тўловларини тўловчи маълумотномани ўз вақтида тақдим этмаган, фойда эса камайган бўлса, нима қилиш керак?
Мазкур ҳолатда сиз бўнак тўловларини 2021 йилнинг IV чораги якунлари бўйича тўлайсиз.
I чорак якунлари бўйича Ҳисоб-китобда фойданинг ҳақиқий суммасини кўрсатинг. Агар ушбу сумма прогноз қилинганидан кам бўлса, бўнак тўловлари ҳисоб-китобдаги солиқ суммасидан ортиқ бўлади. Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига кўра :
- фойда солиғи ёки бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиниши;
- солиқ тўловчига тўлиқ ёки қисман қайтарилиши лозим.
II чоракда бўнак тўловлари суммаси I чорак якунлари бўйича ёки маълумотномага асосан аниқланади, маълумотнома 10 апрелга қадар (10 апрель дам олиш кунига тўғри келганлиги сабабли11 апрелдан кечиктирмай) тақдим этилиши лозим.
“Ноль” қийматдаги бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш мумкинми?
Ҳисобот давридаги солиқ солинадиган фойда суммаси нолга тенглигига ишончингиз комил бўлса, шундай маълумотномани тақдим этиш мумкин.
Бироқ шуни ҳисобга олиш лозимки, солиқ органлари фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотномага ўзгартиришлар киритишга ҳақли . Шу боисдан сизга берилган ҳуқуқни суиистеъмол қилманг.
2021 йил якунлари бўйича зарар кўрилган бўлса, 2022 йилда бўнак тўловлари тўланиши лозимми?
2021 йилда жами даромад ҳажми 5 млрд сўмдан ошган бўлса, бўнак тўловлари тўланади. Мазкур ҳолатда 2022 йилда сиз фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўловчиси бўласиз.
Бунда I чоракда сиз бўнак тўловларини 2021 йил IV чоракдаги миқдор даражасида тўлашингиз лозим. IV чоракда бўнак тўловлари нолга тенг бўлган тақдирда, 2022 йил I чоракда ҳам тўлов тўланмайди.
II чоракдан бошлаб бўнак тўловлари аввалги чорак якунлари бўйича ёки бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномага асосан тўланади».
Қуйидаги тавсиялар сизга фойдали бўлиши мумкин:
- Фойда солиғи бўйича ҳисобот қандай топширилади ва солиқ қандай тартибда тўланади;
- Фойда солиғи камайтирилиши ҳисобда ва молиявий ҳисоботда қандай акс эттирилади;
- Фойда солиғи бўйича ортиқча тўлов мавжуд бўлса, қандай йўл тутиш керак;
- Солиқ солинадиган фойда ўтган йиллардаги зарарлар суммасига қандай камайтирилади.