Хорижга хизмат сафарида ковид-тестга харажатлар қоплаб бериладими

preview

Корхона ходимни Ўзбекистон ташқарисига хизмат сафарига юбормоқда. Хорижий давлатга кириш қоидаларига асосан  фуқаро ковидга  ПЦР-тестининг манфий натижасини тақдим этиши керак. Тестлаш - бепул. Ходимнинг ПЦР-тестига харажатларини қоплаб бериладиган хизмат сафари харажатлари таркибига киритиш мумкинми?

Саволга “Норма” эксперти Дилором САИДОВА жавоб берди:

 

– “Пандемия муносабати билан кўплаб мамлакатларга кириш учун мажбурий шарт - ковидга  ПЦР-тестининг манфий натижасининг мавжудлиги жорий қилинган. Агар хизмат сафарига юборилган мамлакатга кириш учун бундай тест зарур бўлса, ходим буни чет давлатга келишидан олдин (аксарият ҳолларда - 48 соат, баъзан - 72 соат доирасида) амалга оширади.

Ходим ПЦР усули бўйича ковидга тест олувчи ва инглиз ёки рус тилида штрих коди билан тегишли маълумотнома берувчи ҳар қандай тиббиёт муассасасига мурожаат қилиши мумкин.

Ковид-тестга харажатларни қуйидагилар тўлаши мумкин:

  • ходим - кейинчалик иш берувчи томонидан қопланиши билан;
  • иш берувчи, тиббиёт муассасаси билан шартнома тузиб ёки КПК орқали ҳақ тўлаб.

Ўзбекистонга кириш учун ходимга манфий натижали ПЦР-тести талаб қилинади. Хизмат сафарига юборилган шахс чет давлатнинг тиббиёт муассасасида тестлаш учун ўзи ҳақ тўлаши ва қайтиб келгач, бухгалтерияга тўловни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши керак.

Эслатиб ўтамиз
Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан 2022 йил 15 январдан бошлаб хориждан келган йўловчилар Ўзбекистонга келгунга қадар 48 соат доирасида ковидга топширилган ПЦР-тестнинг манфий натижасини тақдим этишлари керак.

Тестлаш натижалари тўғрисидаги маълумотнома рус ёки инглиз тилида расмийлаштирилган ва Ўзбекистон сифат стандартларига жавоб берадиган лаборатория томонидан берилган бўлиши керак. Тест натижаси манфий бўлган ҳақиқий маълумотномасиз йўловчи ўз парвозига рўйхатдан ўтолмайди. Вакцинация тўғрисидаги сертификат Ўзбекистонга кириш учун етарли шарт ҳисобланмайди.

 

Ковид-тестга харажатларни ЖШДС бўйича қоплаб бериладиган хизмат сафари харажатларига киритиш мумкинми

Хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги 2730-сон Низомга асосан хизмат сафарига юборилган шахсга ишлаб чиқариш мақсадларида сарфланган қўшимча харажатлар қопланиши мумкин. Бундай харажатлар фақат хизмат сафари топшириқларини бажариш учун зарур бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганида қопланиши мумкин.

Бу ҳолда - ходимни хизмат сафарига юборишдан олдин - ташкилот раҳбари хизмат сафари бошлангунга қадар маълум бўлган қўшимча харажатларни қоплаш тўғрисида буйруқ (фармойиш) чиқаради. Хусусан - ПЦР-тестга харажатларни қоплаш тўғрисида.

ПЦР-тестга харажатларни хизмат сафарларида компенсация тўловларига киритиш мумкин, сабаби улар қонунчиликда назарда тутилган. Бироқ бундай тўловларга киритишнинг асосий шарти - харажатни тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги.

Шунингдек, хизмат сафарига юборилган ходимнинг бўнак ҳисоботига муайян мамлакатга кириш (ёки самолёт бортида бўлиш) қоидалари мажбурий ковид-тестлашни назарда тутиши тўғрисидаги ахборотни илова қилишни тавсия қиламиз. Ахир кириш қоидалари мунтазам ўзгариб туради ва текширув чоғида текширувчи ҳар бир мамлакат бўйича долзарб ахборотни ўзи излаши амри маҳол.

Чет давлатларга кириш қоидалари фарқланиши мумкин.

Вазият
Туркияга хизмат сафарида ходимга ковид-тестга харажатларни қоплаб бериш
Корхона ходимни Истанбулга (Туркия) хизмат сафарига юбормоқда. Туркияда бўлиш қоидаларига асосан келувчи тўлиқ вакцинация курсидан ўтганлик тўғрисида сертификат тақдим этган тақдирда манфий ПЦР-тест тақдим этиш мажбурий эмас.
Ходим 2021 йилнинг ёзида тўлиқ вакцинация курсидан ўтган ва унда бу ҳақда сертификат мавжуд, шу боис у Туркияга кириш учун ковидга тест топшириши керак эмас.
Бироқ Ўзбекистоннинг қоидаларига биноан ҳар бир Ўзбекистонга келувчи ковидга ПЦР-тестининг манфий натижасини тақдим этиши керак. Ходим Истанбулдаги тиббиёт муассасасига мурожаат қилиб, тест топшириши керак. Бунда у тўлов тўғрисида чек олиши керак, акс ҳолда у харажат суммасини тасдиқлай олмайди”.
Эътибор беринг
Бўнак ҳисоботини тақдим этишда ходим ковид тестга харажатларни қоплаш ҳуқуқига эга, сабаби у Ўзбекистонга келиш учун мажбурий бўлган ва қонунчиликда назарда тутилган. Мазкур харажатлар фойда солиғи бўйича чегириладиган харажатларга киради .

Сизга қуйидаги тавсиялар ҳам фойдали бўлиши мумкин:

 

 

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /ru/publish/doc/text177962_horijga_hizmat_safarida_kovid-testga_harajatlar_qoplab_beriladimi