Товарлар импортида божхона қиймати инвойс қийматидан юқори бўлса, ҚҚСни ҳисобга олиш

preview

“Корхона сотиш учун товарларни импорт қилади. Баъзан божхона қиймати инвойс қийматидан юқори бўлади. Божхона органи ҚҚСни божхона қийматидан ҳисоблаб чиқаради, бироқ товар инвойс қиймати бўйича кирим қилинади. Божхона органи томонидан ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммаси автоматик тарзда ҚҚС ҳисоб-китобида акс эттирилади. Биз божхона органи томонидан ҳисоблаб чиқарилган ва ушлаб қолинган ҚҚСнинг барча суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эгамизми?”. 

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА жавоб берди:

 

– Ҳа, ҳисобга олишнинг барча шартларига риоя қилинган тақдирда, сиз товарларни импорт қилиш чоғида божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ва бюджетга тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақлисиз.

Товарлар импортида ҚҚСни ҳисобга олиш учун қуйидаги шартлар назарда тутилган :

  • солиқ тўловчининг товарларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш (хизмат кўрсатиш) билан боғлиқ фаолиятини амалга ошириш чоғида товарлардан (хизматлардан), фойдаланилганда реализация қилиш бўйича айланмасига солиқ солиниши (шу жумладан ноль ставка бўйича солиқ солиниши) лозим бўлганда;
  • солиқ бюджетга тўланганда. Агар ҚҚСни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилган бўлса, солиқни тўлов амалга оширилишига қараб ҳисобга олинг.

Бунда, СКнинг 267-моддасида ҚҚС суммаси ҳисобга олинмайдиган ҳоллар белгиланганлигини инобатга олинг.

Агар солиқ тўловчида солиқ солинадиган ва солиқ солишдан озод этиладиган айланмалар мавжуд бўлса, солиқ солинадиган айланмага тўғри келадиган ҚҚС суммаси ҳисобга олиш учун қабул қилинади.

Ҳисобга ўтказилиши лозим бўлган ҚҚС суммаси солиқ тўловчининг танловига кўра - алоҳида-алоҳида усулда ва (ёки) мутаносиб усулда аниқланади.

СК импорт қилинадиган товарларнинг контракт қийматидан келиб чиққан ҳолда ҚҚС суммасини ҳисобга олиш учун қабул қилиниши мумкинлигини назарда тутмайди. Бинобарин, корхона ҳақиқатда бюджетга тўланган солиқ суммасини ҳисобга олишга ҳақли.

Эътибор беринг
Импорт қилинган товарларни реализация қилиш чоғида солиқ базаси ушбу товарларни олиб кириш (импорт қилиш) чоғида бюджетга ҳақиқатда тўланган ҚҚС ҳисоблаб чиқарилган қийматдан паст бўлиши мумкин эмас.

 

 

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text182092_tovarlar_importida_bojhona_qiymati_invoys_qiymatidan_yuqori_bulsa_qqsni_hisobga_olish