E-ijara да ертўла ва томларни ижарага бериш шартномалари қандай рўйхатдан ўтказилади (йўриқнома)

preview

Ijara.soliq.uz сервисида ертўла ва томларни ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилди. Buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ ушбу функционал қандай ишлашини тушунтирди.

 

– Ертўла ёки томни ижарага берувчи шахсда ушбу объектнинг кадастр рақами бўлиши керак. Бу кадастр ҳужжатларида у мустақил бинога (объектга) ажратилиши кераклигини англатади.

Бундай ижара шартномасини сиз E-ijara тизимида муаммосиз рўйхатдан ўтказишингиз мумкин. Бунинг учун қадамма-қадам йўриқномадан фойдаланинг:

1-қадам – ЭРИ ёрдамида ijara.soliq.uz сайтига киринг;

2-қадам – “Бошқа ижара”ни танланг;

3-қадам – “Ижарага берилган кўчмас мулк тўғрисида маълумот” бўлимида “Кўчмас мулк объекти” қаторида объектнинг кадастр рақамини танланг. Унинг умумий ер майдони ва бўш майдон, жойлашуви ва рўйхатга олинган манзили ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда акс этади;

4-қадам – тегишли устунларда шартнома муддати, кўчмас мулкдан фойдаланиш мақсади (савдо фаолияти, хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш, омборхона, офис, ишлаб чиқариш ва бошқалар), ижарага олинган майдон тури (ертўла ёки том) ва майдон ўлчамини кўрсатинг.

5-қадам – ойлик тўловни кўрсатинг. У сўмда ёки БҲМ миқдорига нисбатан каррали белгиланиши мумкин. Шартнома бўйича ижара суммасининг умумий миқдори автоматик равишда ҳисоблаб чиқарилади;

6-қадам – ижарага берувчи тўғрисида маълумот автоматик равишда шаклланади;

7-қадам – “Ижарага олувчи тўғрисида маълумот” бўлимида қуйидагиларни киритинг:

  • агар ижарага олувчи – юридик шахс бўлса, СТИР киритилади;
  • агар ижарага олувчи – якка тартибдаги тадбиркор (жисмоний шахс) бўлса, ЖШШИР киритилади;

Шундан сўнг “Ижарага олувчи тўғрисида маълумот” бўлимининг қолган устунлари автоматик равишда тўлдирилади;

8-қадам – “Жўнатиш” тугмасига босинг.

Шартнома тўғрисидаги маълумотлар тасдиқлаш учун ижарага олувчига юборилади ва қуйидагича акс этади:

  • ижарага берувчида – “Ижаралар рўйхати” ойнасида – “Чиқувчи шартномалар” менюси – “Тасдиқланиши кутилаётган” бўлимида;
  • ижарага олувчида - “Ижаралар рўйхати” ойнасида – “Кирувчи шартномалар” менюси – “Тасдиқланиши кутилаётган” бўлимида.

Ижарага олувчи шартномани тасдиқлагандан кейин тизим автоматик равишда кўчмас мулк ижара шартномаси ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида ноёб QR-кодли Гувоҳномани шакллантиради.

Шартномани рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда кўрсатиладиган маълумотларда йўл қўйилган ноаниқликларни бартараф этиб, рўйхатдан ўтказишни такрорлаш мумкин.

Манбага қаранг.

 

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА: 

– Ушбу функционалнинг пайдо бўлиши билан энди барча солиқ тўловчиларда шартномаларни ijara.soliq.uz да рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган инструментлар пайдо бўлди. Бу  муҳим, сабаби:

  • СКнинг 269-моддасига асосан илгари товарларни (хизматларни) олиш чоғида ҳисобга олиш учун қабул қилинган, олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС суммасига ушбу товарлар солиқ органларида ҳисобга қўйилмаган шартномалар асосида ижарага олинган ёки бепул фойдаланилаётган кўчмас мулк объектларида сақланганда тузатиш киритилиши лозим;
  • 22.09.2021 йилдаги 595-сон ВМҚнинг 3-банди “в” кичик бандида айтилишича, солиқ органларида ҳисобга қўйилмаган шартномалар асосида ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулк объектларида сақланаётган товар-моддий захиралар қолдиқлари инвентаризациядан ўтказилмайди ва солиқ солиш мақсадларида “солиқ тўловчининг омборида мавжуд эмас” деб баҳоланади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


E-ijara E-ijara E-ijara /ru/publish/doc/text183937_e-ijara_da_ertula_va_tomlarni_ijaraga_berish_shartnomalari_qanday_ruyhatdan_utkaziladi_yuriqnoma