Полезное для бухгалтера в декабре:
ЯТТ учун ишлайдиган жисмоний шахсларга ижтимоий солиқ камайтирилади
30.08.2022 йилдаги ПҚ-366-сон қарор билан норасмий бандликни қисқартириш чоралари тасдиқланди. Ўзгартиришлар ЯТТ ходимлари учун ижтимоий солиқ, якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар ва томорқа ер участкаси эгалари фаолиятига дахл қилди:
1. 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб қуйидагилар ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади:
- уй ҳайвонлари (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар) бозорларида воситачилик хизмати;
- автомобиль бозорларида воситачилик хизмати;
- риэлторлик хизматини кўрсатиш (ижарага уй топиб бериш, уй сотиб олиш ва сотишга кўмаклашиш);
- Уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати;
- маиший буюмларни ижарага бериш хизмати (стол-стул, идиш-товоқ, асбоб-ускуна ва бошқалар);
- гипс ва ганчдан буюмлар ясаш (уй жиҳозлари, эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини ясаш);
- тош ва тош маҳсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш;
- ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш;
- уй шароитида пилла етиштириш, шахсий томорқа ер участкасида тут меваси, ниҳоли ва кўчатини етиштириш, уйда ипак мато, ипак гилам тўқиш ва сотиш;
- кулолчилик.
2. 2023 йил 1 январдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига БҲМнинг 50%идан йилига БҲМнинг 1 бараваригача камайтирилади (бундан савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган ЯТТлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар мустасно).
3. 2023 йил 1 январдан бошлаб ўзининг шахсий томорқа ер участкасида ишлаётган фуқароларга уларга тегишли бўлган томорқа ер участкасининг майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилди.
Қуйидаги иккита талабга жавоб берадиган фуқаролар ушбу нормадан фойдаланиши мумкин:
- чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар), иссиқхона, паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак), қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик билан шуғулланаётган;
- йилига БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўловчи.
Бундай фуқаролар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади, ушбу давр уларнинг меҳнат стажига қўшилади.
4. 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб томорқа ер участкалари эгаларини кооперация ва касаначилик асосида иш билан банд қилган тадбиркорлик субъектларига:
- парранда (товуқ, бедана, ўрдак, ғоз, курка), паррандани сақлаш учун катак, озуқа еми ҳамда дори воситалари;
- узум кўчати ва ток сўриси;
- асалари оиласи, асалари уяси учун қути ҳамда озуқа еми;
- қуён, қуён катаги ва озуқа еми;
- балиқ чавоқлари, сунъий ҳовуз ва озуқа емини харид қилиш ҳамда кейинчалик томорқа ер эгаларига тақдим этиш учун субсидия ажратилади.
Субсидия бир нафар томорқа ер участкаси эгаси учун БҲМнинг 20 бараваригача миқдорда ҳоким ёрдамчиларининг тавсиясига асосан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ажратилади.
5. 2023 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларга рухсат этилди:
- якка тартибдаги тадбиркорларга мураккаб бўлмаган умумий қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари (бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик ишлари, ғишт ва кафель териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари)ни (кейинги ўринларда - умумий қурилиш ишлари), шу жумладан юридик шахслар учун ҳам бажаришга;
- қурилиш-пудрат ташкилотларига умумий қурилиш ишларини бажариш учун шартнома асосида якка тартибдаги тадбиркорларни жалб қилишга.
Бунда якка тартибдаги тадбиркорлар:
- умумий қурилиш ишларини бажариш учун 5 нафаргача ходимларни ёллаши мумкин;
- умумий қурилиш ишларини бажариш фаолияти билан шуғулланаётган ҳамда камида 3 нафар ходимни ёллаган якка тартибдаги тадбиркор - меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналарни сотиб олишга субсидия олиши мумкин (битта ходим учун БҲМнинг 15 бараваридан ортиқ эмас).
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади