Полезное для бухгалтера в январе:
Инвентаризация натижалари бўйича қарздорлик билан қандай иш тутиш керак
Инвентаризация натижалари бўйича баъзан даромад ва харажатларни тан олишга тўғри келади ва бу солиқ оқибатларига олиб келиши мумкин. «Норма» экспертлари янги 19-сонли БҲМС бўйича дебиторлик ва кредиторлик қарзларини инвентаризация қилишда нималарни ҳисобга олиш кераклигини тушунтириб беришди:
– Банклар билан ссудалар, бюджет, харидорлар, етказиб берувчилар, моддий жавобгар шахслар, ходимлар ва бошқа дебиторлар ҳамда кредиторлар билан ҳисоб-китобларнинг инвентаризациясини йиллик молиявий ҳисоботни тузишдан олдин ўтказинг (ҳисобот йилининг 1 октябридан олдин инвентаризация қилинган мол-мулкдан ташқари) . Вазифа – 4000–4900, 5000–5900, 6000–6900, 7000–7900, 008, 009 ҳисобварақлардаги қолдиқларни аниқлаш ва суммаларнинг асослилигини текшириш.
Инвентаризация комиссияси қарздорликнинг муддатлари ва сабабларини, агар даъво муддати ўтказиб юборилган бўлса – бунда айбдор шахсларни аниқлайди.
Ҳисобварақ-фактурасиз етказиб беришлар бўйича етказиб берувчилар ҳисобварақларидаги қолдиқларни текширгандан сўнг, етказиб берувчилардан ҳисобварақ-фактураларни талаб қилинг. Етказиб берувчилар уларни тақдим этиши ёки нима учун бу имконсизлигини хабар қилиши шарт. Агар етказиб берувчининг ҳисобида қарздорлик кўрсатилмаган бўлса, у ҳам бу ҳақда харидорни хабардор қилиши шарт.
Дебиторлик ва кредиторлик қарздорликларининг инвентаризациясини солиштирма далолатномалар ёки ўзаро ҳисоб-китоблар сальдосини тасдиқловчи хатлар билан расмийлаштиринг .
Ишчи ва хизматчиларга қарздорлик бўйича ўз вақтида талаб қилинмаган иш ҳақи суммалари, шунингдек ортиқча тўловлар суммалари ва сабабларини аниқлаш керак. Талаб қилинмаган иш ҳақи депонентга ўтказилади.
Ҳисобдор суммалар бўйича (хизмат сафари ва маҳсулотлар харид қилиш учун бўнаклар, корпоратив пластик карталарга ўтказилган маблағлар ва ҳ.к.) берилган бўнакларнинг мақсадли ишлатилишини ҳисобга олган ҳолда ҳисобдор шахсларнинг ҳисоботларини текширамиз.
Ҳисоб-китоблар инвентаризацияси натижаларини харидорлар, етказиб берувчилар ва бошқа дебиторлар ҳамда кредиторлар билан ҳисоб-китоблар инвентаризацияси далолатномасида акс эттиринг. Унда тасдиқланган (солиштирма далолатнома ёки суд қарори бўйича) ва тасдиқланмаган қарздорликлар, шунингдек даъво муддати ўтган суммаларни келтиринг.
Агар даъво муддати ўтган бўлса
Умумий даъво муддати – 3 йил . У даъво тақдим этиш ёки қарздорнинг қарзни тан олганлигини тасдиқловчи ҳаракатларни амалга ошириши билан узилади . Узилишдан сўнг даъво муддатининг ўтиши янгидан бошланади, узилишгача ўтган вақт янги муддатга қўшилмайди.
Инвентаризация пайтида даъво муддати ўтган кредиторлик қарзи аниқланса:
- уни жорий йилнинг бошқа даромадлари таркибига киритинг (9360 "Кредиторлик ва депонент қарзларини ҳисобдан чиқаришдан даромадлар" ҳисобварағи);
- уни фойда солиғи . ва айланмадан олинадиган солиқни . ҳисоблашда жами даромад таркибига киритинг.
Умидсиз қарздорлик
Қарздор тўлай олмайдиган дебиторлик қарзи умидсиз деб тан олинади. Бу мажбурият суд қарори билан тугатилган, хўжалик юритувчи субъект тугатилган ёки банкротлик ҳолатида бўлган, даъво муддати ўтган ва ҳ.к. ҳолатлар бўлиши мумкин. Бундай қарздорликни раҳбарнинг фармойиши билан жорий йилда ҳисобдан чиқаринг:
- бошқа харажатларга (9430 "Бошқа операцион харажатлар" ҳисобварағи);
- шубҳали қарзлар бўйича захира ҳисобидан (агар у ҳисоб сиёсатида кўзда тутилган бўлса).
Ҳисобдан чиқарилган қарздорлик балансдан ташқари 007 "Тўловга қобилиятсиз дебиторларнинг зарарга ҳисобдан чиқарилган қарздорлиги" ҳисобварағида (ҳар бир қарздор бўйича алоҳида) ҳисобдан чиқарилган пайтдан бошлаб 5 йил давомида ҳисобга олинади. Шундай қилиб, агар қарздорларнинг мулкий ҳолати ўзгарса, уни ундириб олиш имкониятини кузатиб бориш мумкин.
Фойда солиғи тўловчиларда умидсиз дебиторлик қарзини ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарарлар, агар улар илгари солиқ солинадиган даромад олиш билан боғлиқ бўлса, чегирилувчи харажат сифатида тан олинади .
Агар сизда шубҳали қарзлар бўйича захира кўзда тутилган бўлса, уни шакллантириш бўйича харажатлар ҳисобот даврида фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайди . Умидсиз қарзлар бўйича харажатлар фақат қуйидаги ҳолларда чегирилади :
- умидсиз қарздорлик ҳисобдан чиқарилган пайтда;
- агар бу харажатлар олдинги ҳисобот (солиқ) даврларида солиқ солинадиган даромадлар олиш билан боғлиқ бўлса;
- агар қарздорлик бухгалтерия ҳисобида ҳисобдан чиқарилган ва корхонанинг молиявий ҳисоботида акс эттирилган бўлса.
❖
Инвентаризация чоғида мол-мулк камомади ва ортиқчаси аниқланса, нима қилиш керак.
Жавобгарлик
Активлар ва мажбуриятлар инвентаризациясини ўтказмаслик мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортилишига олиб келади :
- биринчи марта – БҲМнинг 3 бараваридан 7 бараваригача миқдорда;
- бир йил давомида такроран содир этилса – БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима.
Buxgalter.uz тавсия этади:
- Инвентаризацияни қандай ўтказилади: умумий қоидалар;
- Асосий воситалар инвентаризациясини қандай ўтказиш керак;
- Товар-моддий бойликлар инвентаризациясини қандай ўтказиш керак;
- Инвентаризация натижасида кирим қилинган ТМЗни қандай ҳисобга олиш керак;
- Инвентаризация натижасида аниқланган асосий воситаларни ҳисобга олиш;
- Асосий воситаларнинг камомади ёки йўқотилиши қандай ҳисобга олинади.
Инвентаризациядаги хатолар учун жаримага тортилишдан қочинг! Эксперт материалларига кириш ҳуқуқини олинг ва ўз ҳаракатларингизнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилинг.