2023 йил 1 январдан нималар ўзгаради

preview

Анъанавий тарзда 1 январдан бошлаб қонун ҳужжатларига киритилган, улар тўғрисида раҳбар ва бухгалтер билиши керак бўлган турли ўзгартиришлар кучга киради. Улардан айримларини – СКга ўзгартиришларни – фақат тегишли НҲҲ имзоланганидан кейин батафсил кўриб чиқиш мумкин бўлади. Қолганлари ҳозирча тушунарли. 

Buxgalter.uz эслатиб ўтади:

 

2023 йил 1 январдан бошлаб: 

1. Тадбиркорлик соҳасида айрим талаблар бекор қилинмоқда :

  • УФ (УК)ни камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва ОАВда бу ҳақда эълон бериш талаби;
  • янги импорт автомобилларини сотишнинг фақат ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан амалга оширилиши имконияти;
  • электр энергиясини электр таъминоти шартномасида белгиланган ҳажмлардан (ойлик шартномавий миқдордан) ортиқча истеъмол қилган юридик шахсларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйиш талаби;
  • якка тартибдаги тадбиркор ходимларининг “ЯММТ” ИДАКда рўйхатдан ўтиш орқали солиқ хизмати органларида алоҳида ҳисобга қўйиш талаби.

 

2. Тадбиркорларни текшириш чекланмоқда

“Ягона давлат назорати” ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига киритилмаган функциялар бўйича текширувлар ўтказиш тақиқланмоқда.

 

3. Тадбиркорлар қўшимча имтиёзлар оладилар

1) Якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига БҲМнинг 50%идан йилига БҲМнинг 1 бараваригача камайтирилмоқда (бундан савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият мустасно).

2) Ўзининг шахсий томорқа ер участкасида шуғулланаётган ва йилига БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлайдиганлар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади.  Ушбу давр меҳнат стажида ҳисобга олинади.

3) Якка тартибдаги тадбиркорларга мураккаб бўлмаган умумий қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишларини, шу жумладан, юридик шахслар учун ҳам бажаришга руҳсат этилмоқда. Қурилиш-пудрат ташкилотларига умумий қурилиш ишларини бажариш учун шартнома асосида якка тартибдаги тадбиркорларни жалб қилишга ҳақли.

 

4. Электромобилларни қувватлантириш станцияларига преференциялар берилади

2026 йил 1 январгача қуйидагилардан озод қилинади:

  • юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан – электромобилларни қувватлантириш станциялари ҳамда улар ўрнатилган автомобиль тўхташ жойлари (парковкалар) жойлашган ер участкалари;
  •  юридик шахсларнинг мол-мулк солиғидан – электромобилларни қувватлантириш станциялари;
  • фойда солиғидан – асосий фаолият тури “транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатиш” ва ушбу фаолият тури бўйича тушумнинг умумий реализация қилиш ҳажмидаги улуши 50% ва ундан юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари;
  • айланмадан олинадиган солиқдан – электромобилларни қувватлантириш станциялари транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатишдан олинган даромад бўйича;
  • божхона божидан –хориждан олиб келинадиган электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар.

5. Статистика ҳисоботи соҳасидаги ўзгартиришлар кучга киради

1) 2023 йил учун 100 дан зиёд статистика ҳисоботи шакллари кучга кирмоқда ;

2) 9 та шакл бекор қилинмоқда :

  • биржа фаолияти тўғрисида ҳисобот;
  • меҳнат шароитлари аҳволи тўғрисида ҳисобот;
  • ҳисобланган иш ҳақи миқдори бўйича ходимлар сонининг тақсимланиши тўғрисида ҳисобот;
  • умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти хизматлари тўғрисида ҳисобот;
  • тижорат банки фаолияти тўғрисида ҳисобот;
  • суғурта ташкилоти фаолияти тўғрисида ҳисобот;
  • кичик қурилиш ташкилотлари ва микрофирмаларда мавжуд қурилиш машина ва механизмлари тўғрисидаги ҳисобот;
  • қувур йўли транспорти фаолияти тўғрисида ҳисобот;
  • мева-сабзавот маҳсулотлари хариди тўғрисида ҳисобот.

3) Бухгалтерия ҳисоби субъектлари томонидан молиявий ҳисоботларни солиқ ва статистика органларига ҳар чоракда тақдим этиш талаби бекор қилинади .

 

6.Tax free” механизми ишлашни бошлайди  

Тажриба тартибида хорижий сайёҳларга чакана сотувчилардан айрим товарларни сотиб олишда ҚҚСни қисман қайтариш (“tax free”) механизми жорий этилади.

Суммаларни ҳисоб-китоб қилиш ва қайтариш махсус илова орқали амалга оширилади. “Soliq Servis” ДУК “tax free” тизими оператори этиб белгиланди.

 

7. Пенсия ҳисоблаш тартиби ўзгаради

1) Ёшга доир, ногиронлик ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг кўп миқдорини ПҲБМнинг 10 баробаридан 12 баробаригача оширилади;

2) имконияти чекланган шахсларнинг пенсия таъминотига оид қуйидаги нормалар кучга кирмоқда. Уларга мувофиқ:

  • I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейинги ишланган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланади;
  • I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин камида 1 йил иш стажига эга бўлса, фуқаронинг аризаси асосида иш стажи ва иш ҳақи инобатга олинган ҳолда пенсия 2 йилда 1 маротаба қайта ҳисоблаб чиқилади.

 

8. Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ўзгаради

Тасдиқланган рўйхатда белгиланган дори воситаларидан ташқари барча янги дори воситалари ишлаб чиқариш шароитларининг «Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP» талабларига мувофиқлиги ўрганилганидан сўнг клиник тадқиқотларнинг ижобий натижаси асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.



9. Импорт контрактлари бўйича хизматларга солиқ солиш тартиби ўзгаради .

Янги тартибга асосан, агар асбоб-ускуналар (қурилмалар, механизмлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар) сотиб олиш (сотиш) бўйича шартномада (контрактда) уларни монтаж қилиш, ишга тушириш-созлаш хизматлари, ходимларни ўқитиш хизматлари ва бошқа шу каби хизматлар қиймати алоҳида кўрсатилмаган бўлса, норезидентнинг солиқ солинадиган даромади ушбу хизматларнинг бозор қийматидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади.

Норезидентнинг бундай контрактлар бўйича кўрсатилган хизматлар кўрсатишдан олган солиқ солинадиган даромадини шартнома объекти қийматининг 20%и миқдорида ҳисоб-китоб қилишнинг амалдаги тартиби бекор қилинади.

 

10. Ногиронлар жамиятлари маҳсулотларни реализация қилишда қўллаб-қувватланади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача ва мактаб вазирлиги ҳамда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, шунингдек, ушбу идораларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар ўз эҳтиёжлари учун камида 10% миқдорида ногиронлар жамиятлари томонидан ишлаб чиқарилган товарларни сотиб олади.

 

11. Адвокатлик лицензияси онлайн расмийлаштирилади

Адвокатлик лицензиясини олиш учун ариза «Лицензия» автоматлаштирилган тизими ёки ЯИДХП орқали юборилиши мумкин. Аризалар ҳар куни, жумладан дам олиш ва байрам кунлари юборилиши мумкин.

 

12. Қурилиш соҳасида талаблар соддалаштирилмоқда

Қурилиш-монтаж, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларини молиялаштираётган тадбиркорлик субъектлари учун смета-ресурс нормалари тавсиявий хусусиятга эга бўлади.

Қурилиш регламентлари ҳамда смета-ресурс нормаларини Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳар 3-4 йилда қайта кўриб чиқилади ва заруратга кўра янгилаб борилади.

 

13. Тўқимачилик маҳсулотларини олиб чиқишда йиғим миқдори ошади

Ўзбекистон божхона чегараси орқали пахта ип-калаваси ва трикотаж матони (бўялган трикотаж матодан ташқари) олиб чиқишда ҳар бир кг учун $0,1 миқдорида йиғим ундирилади(2022 йилда – $0,05). 

Бунда 2025 йил 1 январга қадар Қорақалпоғистон ва вилоятларда бўялган мато ҳамда аралаш ва бўялган газлама маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширган корхоналар ускуналар қийматининг 10%и ($500 минг доллар эквивалентидан кўп бўлмаган) миқдорда махсус жамғарма ҳисобидан субсидия ажратиш бўйича тартибнинг амал қилиши давом этади.

 

14. Ипотека кредити олувчилар ЖШДСд бўйича имтиёз оладилар

Дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилган фуқароларнинг олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари ЖШДСга тортилмайди. Имтиёз қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар даромадининг бир солиқ даврида МҲЭКМнинг 80 бараваридан ошмаган қисмига татбиқ этилади.

 

15. Фуқаролар йиғинлари кенгашлари солиқ тушумларининг бир қисмини тасарруф этишади  

2023 йил 1 январдан бошлаб республика вилоятларининг айрим туманларида “Маҳалла бюджети” тизими тажриба тариқасида жорий этилади.

Танланган туманларда мол-мулк ва ер солиғи (бундан нотурар жойлар бўйича мол-мулк ва ер солиғи мустасно) бўйича ундирилган маблағларнинг 10%и ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш учун жамғармаларга ўтказилади.

Хусусан, Тошкентда Учтепа тумани, Тошкент вилоятида эса – Бўка туманида тажриба ўтказилади.

 

16. Чиқиндиларни тўплаш жойи белгиланмаса, қурилишга рухсат беришмайди

Агар қурувчи чиқиндиларни тўплаш жойини белгиламаган бўлса, янги қуриладиган кўп квартирали уйларни лойиҳалаштириш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.

Янги қуриладиган кўп квартирали уйларнинг чиқинди тўплаш жойлари улардаги квартиралар сонига мутаносиб равишда ҳамда атрофдаги мавжуд чиқинди тўплаш шохобчалари қуввати ҳисобга олинган ҳолда лойиҳалаштирилиши керак.

 

17. Чарм саноати учун имтиёзлар жорий ээтилади

Чарм, мўйна хом ашёсини ва жунни тайёрлаш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш, қорамолни автоматлаштирилган тарзда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда ушбу фаолияти бўйича фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод этилади.

 

18. Ипакчиларга имтиёзлар узайтирилди

Ипак қурти уруғи, тут кўчатлари ва пилла етиштириш, пиллани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар, қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари ва қоракўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун кўзда тутилган солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар 2026 йил 1 январга қадар узайтирилди.

 

19. Давлат органлари давлат харидлари тўғриисдаги маълумотни эълон қилишлари мажбурий бўлади

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қуйидагилар мажбурий тартибда интернетга жойлаштириб борилади:

  • ижтимоий ва иқтисодий дастурларнинг лойиҳалари;
  •  ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун ННТларга бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмасини бериш учун танлов ўтказилиши ҳақидаги эълонлар;
  • келгуси молия йили учун давлат ижтимоий буюртмаларини бериш тўғрисида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига ёки ҳудудий жамоат фондларига юбориладиган буюртманомалар;
  • ННТлар билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар, тузилган ҳамкорлик битимлари, меморандумлар ҳамда берилган давлат ижтимоий буюртмалари ҳақидаги маълумотлар;
  • давлат ижтимоий буюртмаларини амалга ошириш жараёни ва натижалари, ажратилган маблағларнинг сарфланиши ҳақидаги маълумотлар.

 

20. Вазирликларни қисқартириш ва қайта бирлаштиришни ўз ичига оладиган маъмурий ислоҳот бошланади

Ҳукумат тузилмасида қуйидаги вазирликлар фаолият кўрсатади:

  • Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги;
  • Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;
  • Тоғ-кон ва геология вазирлиги;
  • Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
  • Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
  • Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги;
  • Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;
  • Табиат ресурслари вазирлиги;
  • Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги;
  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
  • Сув хўжалиги вазирлиги;
  • Рақамли технологиялар вазирлиги;
  • Адлия вазирлиги;
  • Транспорт вазирлиги;
  • Маданият ва туризм вазирлиги;
  • Мудофаа вазирлиги;
  • Энергетика вазирлиги;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
  • Ташқи ишлар вазирлиги;
  • Ички ишлар вазирлиги;
  • Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

 

Саида ЖОНИЗОҚОВА

 norma.uz материалларидан фойдаланган ҳолда тайёрлади


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text186916_2023_yil_1_yanvardan_nimalar_uzgaradi