Полезное для бухгалтера в ноябре:
Чет эл транспорт компанияси ускунани чегарагача етказиб берса
“Ускунанинг Хитойдан етказиб берилишида Хитой транспорт компанияси хизматларидан фойдаланмоқчимиз. Юк Ўзбекистоннинг божхона чегарасигача етказиб берилади. Бунда солиқ солиш бўйича қандай мажбуриятлар юзага келади?”.
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:
Фойда солиғи
– Агар ускуна бевосита чет эл компанияси томонидан ўзининг ёки ижарага олинган транспорт воситаларида ташилса, унда халқаро ташишдан тўлов манбаида норезидентнинг даромади юзага келади .
Халқаро ташиш – бу йўловчиларни, юкларни, товарларни, шу жумладан почтани дарё ёки ҳаво кемалари, автомобиль ёки темир йўл транспорти орқали, давлатлардан бири Ўзбекистон бўлган турли давлатларда жойлашган пунктлар ўртасида амалга ошириладиган ташиш.
Бундай даромадга 6% ставка бўйича солиқ солинади .
Агар чет эл компанияси транспорт-экспедиторлик хизматлари кўрсатса, улардан олинган мукофот суммасига ҳам тўлов манбаида солиқ солинади .
Мукофот суммаси юк юборувчидан (юк олувчидан) олинган сумма ва юк ташувчининг тегишли бирламчи ҳужжатлари билан тасдиқланган, юк ташувчига тўланиши лозим бўлган сумма ўртасидаги фарқ сифатида ҳисоблаб чиқарилади. Солиқ ставкаси – 20%.
Юк ташувчининг тегишли бирламчи ҳужжатлари бўлмаган тақдирда, Ўзбекистоннинг норезидентига тўланган барча суммага 6% ставка бўйича солиқ солиниши лозим.
Кўриб чиқилаётган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида даромаддан олинадиган солиқлаpнинг иккиёқлама қўлланишининг олдини олиш ҳақида Битим (Тошкент, 1996 йил 3 июль) қоидаларини ҳам ҳисобга олиш лозим. Унинг 8-моддасига асосан Хитой ташиш компаниясининг халқаро ташишлардан олинган даромадларига Хитойда солиқ солинади.
Транспорт-экспедиторлик хизматлари кўрсатишдан олинган даромадлар ҳам бошқа даромадлар сингари Ўзбекистонда солиқ солишдан озод этилади (Битим 21-м.).
Солиқ афзалликларини қўллаш учун даромад тўлангунга қадар Хитой компаниясидан солиқ резидентлиги тўғрисидаги ҳужжатни сўраб олинг .
Бундай ҳужжат СКда белгиланган талабларга мувофиқ келиши керак .
ҚҚС
Агар чет эллик шахслар ташиш (транспортда ташиш) бўйича хизматлар ёки бевосита ташиш (транспортда ташиш) билан боғлиқ хизматлар кўрсатса ва жўнатиш пункти ва (ёки) белгиланган пункт Ўзбекистон* ҳудудида жойлашган бўлса, Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилади .
* Бундан чет эллик шахслар томонидан йўловчиларни, почтани ва юкни уларнинг доимий бўлмаган муассасаси орқали ташишга доир хизматлар мустасно.
Кўриб чиқилаётган ҳолда, агар Хитой компанияси ускунани фақат Ўзбекистоннинг божхона чегарасигача етказиб берса, Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайди, ҚҚС юзага келмайди.
Сиз экспертларнинг тавсияларида янада кўпроқ фойдали йўл-йўриқлар топасиз: