2023 йил 1 июлдан нималар ўзгаради

preview

1 июлда қонунчиликка киритиладиган ўзгартиришларнинг навбатдаги пакети кучга киради. Buxgalter.uz уларнинг энг муҳимлари бўйича шарҳ тайёрлади.

Шундай қилиб, 1 июлдан бошлаб:

Эътибор беринг
Солиқ маслаҳатчиларининг тавсияларини тезкор тарзда олиш учун бизнинг ТГ-каналимизга обуна бўлинг!

 

1. Чакана савдода сув ва салқин ичимликларни маркировкалаш бошланади

Сув ва салқин ичимликларни босқичма-босқич мажбурий рақамли маркировкалаш бошланади. Ферментланмаган мева шарбатлари (узум шарбатидан ташқари) ва сабзавот шарбатлари, шунингдек газланган ва газланмаган ҳамда шакар ёки бошқа ширинлик қўшилган ёки қўшилмаган, спирт қўшилмаган ичимликлар маркировкаланади .

 

2. Иссиқхона хўжаликларига эгалик қилувчиларга ишчилар учун ЖШДС қайтариб берилади

2024 йил 1 июлга қадар давлат иссиқхонага ихтисослашган тадбиркорларга уларнинг ишчилари учун ЖШДСни қайтариб беради . Бунинг учун учта шартга риоя қилиш лозим:

1) ҳар бир 5 сотих ер майдони учун ойига камида 1 нафар ишчи банд бўлиши керак;

2) ҳар бир ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад миқдори МҲЭКМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорни ташкил этиши керак;

3) иссиқхонадан олинган даромад жорий ҳисобот даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этиши керак.

 

3. Ҳунармандлар экспорт қилиш ва ижарага олишда имтиёзлар олишади

Ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишда халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари сифатида жўнатиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ маҳсулот экспорт қийматининг (жўнатиш харажатларисиз) 50 фоизидан ортиқ бўлмаган қисми тадбиркорларга қоплаб берилади.

Давлат мулки бўлган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланиш учун фақат Миллий каталог ва Реестрга киритилган ҳунармандлар ижарага олишлари мумкин. Бундай объектлар онлайн-аукцион орқали тақсимланади .

 

4. Тадбиркорлар янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга мораторий олишди

Мораторий 3 йил мобайнида амал қилади . Бу даврда регулятор ва бошқа давлат органлари янги жазо чораларини қўллашлари мумкин эмас.

 

5. “Яшил энергия сертификати” жорий этилади

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизими гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун қайта тикланувчи манбалардан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи “яшил энергия сертификатлари” тизими жорий этилмоқда .

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган энергияни истеъмол қилиш меъёрини бажармаган юридик ва жисмоний шахслар етишмаган энергия улушини бундай сертификатларни сотиб олган ҳолда қоплашлари мумкин.

 

6. Жисмоний шахслар давлат объектларини аукционга қўйиш ташаббуси билан чиқишлари мумкин

Жисмоний шахсларга “Давлат мулки” ахборот тизими орқали майдони 2 000 метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади .

 

7. Хўжалик юритувчи субъектлар тўғрисидаги ахборот my.gov.uzда пайдо бўлади

Хўжалик жамиятининг филиаллари ва ваколатхоналари ташкил этилганлиги, устав фонди шакллантирилганлиги ҳамда тўловга қобилиятсизлиги юзасидан иш қўзғатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар my.gov.uzда эълон қилинади .

 

8. Юридик шахслар электр энергияси ҳамда газни етказиб бериш бўйича шартномаларни онлайн тузади 

Юридик шахслар ва ЯТТлар электр энергияси ҳамда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномаларни электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ёхуд “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали тузишлари мумкин. Бунинг учун ЭРИси талаб қилинади .

 

9. Аҳоли тиббий суғурта ва электрон “касаллик варақаси”ни олади

Тошкент шаҳрида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бошланади.

Навоий ва Сирдарё вилоятларида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномалар электрон шаклда берилади .

 

10. Фармацевтика тармоғида нархлар устидан назорат кучайтирилади

2023 йил 1 июлдан бошлаб референт нархлари қайд этилмаган ёки қайд этилган нархдан юқори бўлган дори воситаларини сертификатлаштиришни тақиқлаш кучга киради .

 

11. Қарздорлар ўз мол-мулкини аукционга қўйиши мумкин

29.04.2023 йилдаги ПФ-63-сон Фармонга асосан ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка суддан ташқари тартибда қаратилганда гаров объектини “E-auksion”га кредиторнинг ва (ёки) қарздорнинг буюртмаси асосида қўйишга рухсат этилади.

Ҳисоб-китоб ва кредит муносабатларидан келиб чиқадиган асослар бўйича қарзни ундириш учун нотариуслардан ижро хати олиш учун банклар олдидаги қарзни тасдиқловчи солиштириш далолатномаси талаб этилмайди.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text191568_2023_yil_1_iyuldan_nimalar_uzgaradi