Полезное для бухгалтера в ноябре:
Солиқ текширувлари тўғрисидаги низомга янги нормалар киритилди
2022 йилнинг ноябрь ойида Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш тўғрисидаги Президентнинг ПФ-244-сон Фармони қабул қилинди. 14.08.2023 йилдаги 382-сон ВМҚ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Фармондаги янгиликлар билан мувофиқлаштирди.
Ўзгартиришлар ҳақида батафсил – buxgalter.uz томонидан тайёрланган шарҳда.
Энди тадбиркорлар учун 2023 йил 1 январдан бошлаб кучга кирган соддалаштирилган тартиб тегишли қарорларда ҳам акс эттирилди:
- Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг (13.02.2003 йилдаги 75-сон ВМҚга 1-илова) 119-бандидан янги импорт автомобилларнинг фақат юридик шахслар - ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан сотилишига йўл қўйган норма чиқариб ташланди. Энди мазкур фаолият тури билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари сони ошади;
- 01.11.2004 йилдаги 511-сон ВМҚнинг 3-бандидан электр энергиясини электр таъминоти шартномасида назарда тутилган ҳажмлардан ортиқча истеъмол қилган юридик шахсларга электр энергияси етказиб беришни тақиқловчи норма чиқариб ташланди;
- Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг (09.02.2017 йилдаги 66-сон ВМҚга 1-илова) давлат рўйхатидан ўтказишни, қайта рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асослар келтириб ўтилган 40-бандидан “устав фондининг миқдори камайтирилганда корхона кредиторлари белгиланган тартибда хабардор қилинмаганлиги” асоси чиқариб ташланди. 1 январдан бошлаб Президентнинг ПФ-244-сон Фармони билан устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва ОАВда бу ҳақда эълон бериш талаби бекор қилинди.
Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом (07.01.2021 йилдаги 1-сон ВМҚга 2-илова) тўртта янги банд билан тўлдирилди: 121-1, 121-2, 241-1 ва 241-2. Уларда 2023 йил 1 мартдан бошлаб кучга кирган норма ёзилган . Тадбиркорлик субъекти солиқ органларининг сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан шикоят қилиш учун тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши мумкин (юқори турувчи солиқ органини четлаб ўтган ҳолда).