Полезное для бухгалтера в ноябре:
2023 йил 1 октябрдан нималар ўзгаради
Навбатдаги ўзгаришлар тўплами янги ой бошланиши билан кучга киради. Тадбиркорлар учун энг муҳим янгиликларни биз buxgalter.uz тўпламида санаб ўтдик.
Янгиликларни биринчилардан бўлиб ўқиш учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.
10 млн сўмдан юқори бўлган жарималар суд томонидан қўлланилади
1 октябрдан бошлаб 10 млн сўмдан юқори бўлган солиққа оид қоидабузарликлар учун молиявий санкциялар, агар тадбиркорлик субъекти ҳуқуқбузарликни инкор этса, фақат суд қарори асосида қўлланилиши мумкин (11.09.2023 й. ПҚ-300-сон).
Бўнак тўловларига ўтиш учун даромад чегараси 2 бараварга оширилди
Октябрь ойидан бошлаб жами даромади 10 миллиард сўмдан юқори бўлган солиқ тўловчилар фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўлайдилар (илгари – 5 миллиард сўм). Даромаднинг максимал миқдори Президент Фармони билан оширилди 04.09.2023 й. ПҚ-292-сон.
Эслатиб ўтамиз
Ортиқча тўланган ҚҚСни қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти тақиқланади. 1 октябрдан tax gapни тақиқлаш тўғрисидаги қарор Президент томонидан 18 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқот пайтида эълон қилинди ва 04.09.2023 йилдаги ПҚ-292-сон қарорида мустаҳкамлаб қўйилди. Аслида коэффициент очиқ мулоқотдан бир неча соат ўтгач ЭҲФда акс эттиришни тўхтатди.
Tax gap тақиқланиши билан тадбиркорлар учун нима ўзгараётгани ҳақида солиқ маслаҳатчисининг шарҳларида ўқинг.
АКТ соҳасидаги хизматлар учун ТХИК янги кодлари мажбурийдир
АКТ соҳасидаги хизмат турлари рўйхати янгиланди (04.09.2023 й. 447-сонли ВМҚ). Шунинг учун tasnif.soliq.uz Ягона каталогида ТХИК инвентаризацияси ўтказилди, натижада кодларнинг тузилиши ва таркиби ўзгартирилди.
2023 йил 1 октябрдан бошлаб АКТ соҳасида янги ТХИК фойдаланиш учун мажбурийдир. Қонунни бузмаслик учун ушбу санадан олдин нима қилиш кераклиги ҳақида бу ерда ўқинг «АКТ учун ТХИК кодлари ўзгармоқда».
Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури бошланади
Тадбиркорлар молиявий ва маслаҳат кўмагини олиб, кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастурида иштирок этишлари мумкин (14.09.2023 й. ПҚ-306-сон). Қуйидагилар дастур иштирокчилари бўлиши мумкин:
- якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари, ўз-ўзини банд қилган шахслар, ҳунармандлар, касаначилар, нодавлат таълим ташкилотлари ҳамда уч ва ундан ортиқ кишини доимий иш билан таъминлаган кичик бизнес субъектлари – камида 1 йил давомида фаолият юритаётган;
- оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида бизнес лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширган ва ижобий кредит тарихига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар.
2023–2026 йилларда дастурни амалга ошириш учун қуйидагилар йўналтирилади:
- давлат маблағларидан 6 триллион сўм;
- халқаро молия институтлари маблағларидан 1,2 млрд АҚШ доллари.
Бу ҳақда батафсил бу ерда ўқинг.
Бизнес давлатдан сув ҳавзалари ва уларнинг атрофидаги ерларни ижарага олиши мумкин
Давлатга тегишли табиий ва сунъий сув ҳавзалари, шунингдек сув ҳавзалари атрофидаги қишлоқ хўжалигига тегишли бўлмаган ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини олиш учун тадбиркор «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн аукционда қатнашиши ва ғолиб бўлиши керак (18.08.2023 й. ПҚ-281-сон).
Ижара шартномаси камида 10 йилга, яна 10 йилга узайтириш ҳуқуқи билан тузилади.
Қуйидагилар ижарага берилмайди:
- ижара шартномаларининг амал қилиш муддати тугамаган сув ҳавзалари;
- Айдар-Арнасой кўллар тизими;
- Президент ёки Ҳукумат қарорлари асосида ижарага берилган бошқа давлат мулки.
IT соҳаси навбатдаги имтиёзлар билан қўллаб-қувватланади
Тадбиркорлар электрон савдо майдонлари орқали эркин омбор божхона режимига расмийлаштирилган товарлар билан чакана савдо операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини олишди (24.05. 2023 йил ПҚ-162-сон).
Тизим бошқаруви, маълумотлар базаси ва булутли платформаларни бошқариш, ахборот хавфсизлиги йўналишлари бўйича чет тилини В2 ва ундан юқори даражада билишини тасдиқлаган фуқароларга халқаро IT сертификатларини олиш харажатлари 100 фоиз қоплаб берилади.
Газ ва суюқ углеводородларни сотиб олиш ва сотиш билан шуғулланувчи корхоналар устидан назорат кучайтирилмоқда
2023 йил 1 октябрдан бошлаб табиий газ ва суюқ углеводородларни сотиб олиш ва сотиш билан шуғулланадиган корхоналар савдо шартномалари тўғрисидаги маълумотларни Солиқ қўмитасининг ахборот тизимига киритадилар. Ушбу маълумотлар асосида мазкур шартномалар бўйича электрон ҳисобварақ-фактуралар шакллантирилади.
Кадастр муҳандислари якка тартибдаги тадбиркор сифатида ишлашлари ёки меҳнат шартномаси бўйича ёлланишлари мумкин
1 октябрдан бошлаб тажриба тариқасида Тошкент, Тошкент вилояти, Навоий, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида уй-жой фондига кирувчи кўчмас мулк объектлари бўйича кадастр муҳандиси институти жорий қилинмоқда (22.08.2023 йилдаги 411-сонли ВМҚ).
Тажриба доирасида малака сертификатига эга бўлган кадастр муҳандислари кўчмас мол-мулк объектларига бирламчи кадастр ишини тайёрлашлари мумкин.
Собиқ маҳкумларни ишга олганлик учун БҲМнинг 3 баравари тўланади
Жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаган шахсни ишга қабул қилган иш берувчилар БҲМнинг 3 баравари миқдорида бир марталик субсидия олишлари мумкин. Бу бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари ва давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга тегишли эмас.
Иш берувчи камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўйича туман ёки шаҳар бўлимларига ёки интерфаол давлат хизматлари портали (ЯИДП)га ариза бериши керак. Агар янги ходим уч ойдан ошиқ ишлаган бўлса, субсидия тўланади (05.09.2023 йилдаги 450-сонли ВМҚ).
Давлат корхоналарининг IPO дан кейин 7 йил давомида дивидендлар тўлаши шарт қилиб белгиланди
Давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар акциялари фонд бозорида оммавий таклиф қилиш орқали жойлаштирилгандан сўнг камида етти йил давомида соф фойдасининг камида 30 фоизини дивиденд тўлашга йўналтириши керак (02.09.2023 й. ПҚ-291-сон).
Эксклюзив ҳуқуқларга эга корхоналар алоҳида назоратга олинади
Эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестри Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан яратилади ва назорат қилинади. Реестрга битимлар шартларига ва товарларни сотиш нархига бир томонлама таъсир кўрсатишга қодир бўлган корхоналар киради (яъни юқори савдолашиш қобилияти). Қўмита бу корхоналар ўзининг юқори савдолашиш қобилиятини суиистъмол қилишларига йўл қўймаслик учун чоралар кўради (06.07.2023 й. ПФ-108-сон).
Рақобатга қарши келишувни тузган ёки ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатни содир этган ва бу ҳақда Рақобат қўмитасига биринчи бўлиб ихтиёрий равишда хабар берган юридик ёки жисмоний шахс рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод қилинади.
Оммавий компанияларга қўйиладиган талаблар аниқлаштирилди
Қимматли қоғозлар фонд биржасининг листингига киритилган компаниялар пул маблағларининг ҳаракати ҳамда акциялар чиқаришнинг бир қисми бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилишлари шарт.
Қимматли қоғозлари фонд биржасининг листингига киритилмаган компаниялар муҳим фактларни ошкор қилишга мажбур эмас, бундан тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган акциядорлик жамиятлари, шунингдек, уларнинг таркибидаги акциядорлик жамиятлари мустасно (08.11.2022 й. ПҚ-415-сон).
«Ўзбекгидроэнерго» «яшил энергия» сертификатларини сотишни бошлайди
1 октябрдан бошлаб қуёш, шамол ва гидроэлектр станцияларида ҳамда қайта тикланувчи бошқа энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган электр энергияси учун сертификатлар жорий этилади (12.05.2023 й. ПҚ-156-сон). «Яшил энергия» ишлаб чиқарувчи корхоналар сертификатни Республика товар-хом ашё биржасидаги спот бўлимининг махсус бўлимидан харид қилишлари мумкин.
«Яшил» сертификатларни жорий этиш 2023 йилга мўлжалланган давлат дастурида назарда тутилган. Уларни камида 30% экологик тоза манбалардан ўзини энергия билан таъминлайдиган корхоналар сотиб олишлари кутилмоқда.
Сертификатларни сотиб олиш ихтиёрийдир. Улар қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни рағбатлантиради. Уларсиз компаниялар реклама ва ёрлиқларда «яшил» энергиядан фойдаланаётганларини кўрсата олмайди.
Сертификатларни сотиб олиш харажатлари фойда солиғини ҳисоблашда чегириб қолинади.
Зиёратчиларга хизмат кўрсатадиган сайёҳлик компаниялари баҳоланади
Октябрь ойида «Умра» хизматини тақдим этувчи туроператорлар фаолияти учун рейтинг тизими жорий этилади. Октябрь ойида Туризм қўмитаси сайтида рейтингни шакллантириш учун модуль ишга туширилиши керак (08.08.2023 йилдаги 345-сон ВМҚ).
Ушбу рейтингдаги «Умра» хизматларини кўрсатувчи туроператорларнинг ўрни жамоатчилик томонидан очиқ овоз бериш, ушбу ташкилотлар хизматларидан аввал фойдаланган фуқаролар (сайёҳлар) билан ўрнатилган қайта алоқа (жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали) натижаларига кўра аниқланади.
Рейтинг ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш учун ишлаб чиқилган ва зиёратчиларга энг яхши туроператорни танлашда ёрдам беради.
Электр ва табиий газ учун янги тарифлар кучга киради
15.09.2023 йилдаги 475-сон ВМҚга мувофиқ 1 октябрдан бошлаб янги тарифлар жорий этилади.
Юридик шахслар учун янги электр энергияси тарифи (бюджетдан ташқари) – 1 кВт/соат учун 900 сўм.
Юридик шахслар учун янги табиий газ тарифи (бюджетдан ташқари) – 1 500 сўм.
Бунда жорий куз-қиш мавсумида аҳолини иссиқлик билан таъминлаш хизматлари нархи оширилмайди.
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади