Полезное для бухгалтера в декабре:
Солиқ ҳисоботларини автоматик тарзда шакллантириш: асосий жиҳатлар
2024 йил 1 январдан бошлаб солиқ тўловчи ҚҚС, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари бўйича солиқ ҳисоботларини автоматик равишда шакллантиришни танлаши мумкин бўлади. Тегишли Низом 18.10.2023 йилдаги 548-сон ВМҚ билан тасдиқланган.
Ҳисоботни автоматик тарзда шакллантириш вариантини танлаганлар учун бу шундай ишлайди:
1. Солиқ органлари дастур ёрдамида ички ва ташқи манбалардан маълумотларни йиғишади ва умумлаштиришади:
- ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича – ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 11-санасига қадар;
- юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича – жорий солиқ даврининг 15 январига қадар;
- қишлоқ хўжалиги учун ер солиғи бўйича – жорий солиқ даврининг 10 апрелига қадар.
2. Солиқ органларининг дастури солиқ тўловчиларнинг солиқ ҳисоботларини – уларни шакллантириш учун зарур бўлган маълумотларни йиғиш тугаганидан сўнг 1 кун мобайнида автоматик тарзда шакллантиради.
3. Солиқ органлари солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларига автоматик режимда тузилган солиқ ҳисоботларини – солиқ ҳисоботларини шакллантириш тугаган пайтдан эътиборан 1 кун мобайнида юборади.
4. Солиқ тўловчи ёки унинг ваколатли вакили ушбу солиқ ҳисоботларини кўриб чиқади ва уларни тасдиқлайди ёки ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритади, сўнгра – муайян солиқ тури бўйича солиқ ҳисоботини топшириш учун Солиқ кодексида белгиланган муддатда солиқ органларига юборади.
Низомнинг асосига 2022 йилда Хоразм вилоятида ўтказилган тажриба-синов асносида орттирилган тажриба киритилган. Солиқ тўловчилар профессионал ҳамжамиятларда Солиқ қўмитасидан турли вазиятларда ҳар бир солиқ кесимида ҳисоботлар қай тарзда шакллантирилиши борасида батафсил йўриқномалар, видеошарҳлар олинса айни муддао бўлишини муҳокама қилишмоқда. Бошқа саволлар ҳам юзага келмоқда, мисол учун: ушбу хизматни қаерда ва қандай танлаш керак бўлади; солиқ тўловчи ушбу солиқ ҳисоботларини қўлда тўлдиришга қайтиши мумкинми. Регуляторнинг тушунтиришлари солиқ маъмуриятчилигининг янги технологиясини тушуниш ва оммалаштиришга кўмаклашади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади