Фойдаланилмаётган асосий воситаларни нима қилиш керак

preview

«Фойда солиғи ва ҚҚС тўловчи бўлган ишлаб чиқариш корхона янги ускуна харид қилди. Эски ускунанинг қиймати охиригача нолга тенглаштирилмаган, ундан ишлаб чиқаришда фойдаланмаймиз. Сотишни ҳам режалаштирмаяпмиз.

Корхона 16.09.2003 йилдаги 401-сон ВМҚга мувофиқ эски ускунани консервация қилиши керакми? Ёки амортизация тўловлари тўлиқ эскиргунга қадар 9430-счётига ҳисобдан чиқарилиши мумкинми?» 

Саволга buxgalter.uz илтимосига кўра Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қошидаги Ўқув маркази директори ўринбосари Шарофитдин Ҳайдаров жавоб берди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Корхонангиз асосий воситаларни консервация қилишни ўтказиши шарт эмас, аммо бунга ҳақли.

 

АВни консервация қилиш тартиби

Асосий воситаларни консервация қилиш қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

  • уларнинг техник даражаси замонавий талабларга мувофиқ эмаслиги

ёки

  • 3 ой мобайнида улардан ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланиш зарурати бўлмаганда – уларга бўлган талаб тиклангунгача ёки янги мулкдорга сотиш даврида, бироқ 24 ойдан ортиқ эмас.

Фойдаланилмаётган асосий воситалар ва қурилиши тугалланмаган қурилиш объектларини консервация қилиш  тартиби махсус Низом билан белгиланган.

Асосий воситаларни консервация қилиш тўғрисидаги қарор мулк эгаси (корхона таъсисчилари) томонидан қабул қилинади, бундан қуйидагилар мустасно:

  • табиий монополиячилар;
  • замонавийлаштириш ва техника билан қайта жиҳозлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра олиб борилаётган корхоналар;
  • қайта ташкил этилаётган иқтисодий ночор, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли корхоналар, шунингдек уларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомили қўлланилган корхоналарга нисбатан қайта ташкил этиш ёки тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилини амалга ошириш даврида (Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритилган объектлар бўйича);
  • ўзларига қарашли корхоналар бўйича – вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари;
  • шаҳар ҳокимликларига бўйсунадиган корхоналар.

 

Ушбу корхоналар бўйича консервация қилиш тўғрисидаги қарор тегишли равишда Вазирлар Маҳкамаси ёки вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар томонидан қабул қилинади.

Агар корхонангиз ушбу рўйхатга киритилмаган бўлса, у ҳолда АВни консервация қилиш  тўғрисидаги қарор мулк эгаси –таъсисчиларингиз томонидан умумий йиғилишда қабул қилинади . Шундан сўнг корхона раҳбари АВни консервация қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.  

Буйруқ асосида бир ой ичида қуйидагиларни тузинг:

  • асосий воситаларни консервация қилиш тўғрисида далолатнома. Унда консервация қилиш санасига АВнинг бошланғич ва қолдиқ қийматини кўрсатинг. Далолатномага консервация қилинадиган АВ қайдномаларини илова қилинг;
  • консервация қилинган АВнинг бут сақланиши учун зарур бўлган иш ва харажатларнинг рўйхати.

 

Амортизация

Асосий воситаларнинг фойдали хизмат муддати давомида амортизация ажратмаларини ҳисоблаш тўхтатилмайди. Асосий воситаларнинг амортизацияси корхона фаолияти натижаларидан, ҳисобот даврида асосий воситалардан фойдаланишдан (фойдаланмасликдан) қатъи назар, ҳисобланади. Амортизация бухгалтерия ҳисобида уни ҳисоблашнинг ҳисобот даврида акс эттирилади.

Ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатиб туриш (туриб қолиш) даврида ишлаб чиқариладиган асосий воситалар бўйича  амортизация суммалари бошқа операцион харажатларга (9430-счёти) киритилади . Ушбу қоида фойдаланилмаётган ишлаб чиқариладиган асосий воситаларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.

Асосий воситалар белгиланган тартибда консервация қилишга ўтказилган ҳолларда амортизация ҳисоблаш тўхтатилади . Бундай ҳолда кўрсатилган Низомга мувофиқ консервацияни ҳужжатлаштиришга алоҳида эътибор беринг.

Консервация қилинган ишлаб чиқариш қувватлари ва объектларини сақлаш харажатлари (бошқа манбалардан қопланадиган харажатлардан ташқари) бошқа операцион харажатларга (9430-счёти) киритилади .

Шундай қилиб, энг аввало келгусида эски ускунадан фойдаланасизми ёки сотасизми, аниқлаштиришингиз зарур, акс ҳолда консервация қилишдан маъно йўқ.