Хорижий ҳамкор олдидаги қарз қандай ҳисобдан чиқарилади

preview

“Ташкилотимиз 2018 йилда товарни етказиб беришга доир импорт контрактини тузди. Товар чет эл компанияси томонидан етказиб берилди. Товар контрактда кўрсатилганига нисбатан ўзгача сифатда эканлиги маълум бўлганлиги муносабати билан биз тўловни қисман амалга оширдик. Чет эл компаниясига сифатсиз товар юзасидан қилган мурожаатимизга ҳеч қандай муносабат билдирилмади. Ҳозирги вақтда ушбу контрактнинг даъво қилиш муддати ўтди.

Контрактнинг даъво қилиш муддати ўтганлиги муносабати билан ташкилотимиз кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқариши ва ушбу суммани даромадга олиши мумкинми? Ҳисобдан чиқариш тартиб-таомили қандай?”

Buxgalter.uz ўқувчилари учун солиқ маслаҳатчиси Бобуржон ТУРАББОЕВ жавоб беради:

 

Муҳим тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Умидсиз қарзни ҳисобдан чиқариш тартиби Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида низомда назарда тутилган .

Хорижий ҳамкор олдидаги кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун ташқи савдо контракти шартларига амал қилиш лозим. Унда қарздорликни ундириш бўйича даъво қилиш муддати қайси қонунчилик (Ўзбекистон ёки бошқа мамлакат) бўйича ҳисоблаб чиқарилиши кўрсатилган бўлиши керак. Ушбу муддат мобайнида контрагент қарзнинг сўндирилишини талаб қилишга ҳақлидир. Муддат ўтгач, бошқа контрагент қарзни даромадларга ҳисобдан чиқариши мумкин.

Контрагентингиз резиденти ҳисобланадиган чет давлат қонунчилигида даъво қилиш муддати ўзгача бўлиши мумкин. ЎзР ФКнинг 1183-моддасига асосан даъво қилиш муддати мамлакатнинг тегишли муносабатни тартибга солиш учун қўлланилаётган ҳуқуқи бўйича белгиланади.

ЎзР ФКнинг 149-моддасига асосан даъво қилиш муддати – бу шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир. Шуни кўзда тутиш лозимки, ЎзР ФКнинг 150-моддасида кўрсатилган 3 йиллик даъво қилиш муддати фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган барча талабларга нисбатан қўлланилади, бундан қонунчиликда қисқартирилган ёки анча узоқ даъво қилиш муддатлари белгиланган талаблар, шунингдек даъво қилиш муддати татбиқ этилмайдиган талаблар мустасно. ЎзР ФКнинг 152-моддаси 1-қисмига мувофиқ даъво қилиш муддатлари ва уларни ҳисоблаш тартиби тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин эмас.

Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари бўйича бошқа нормалар назарда тутилган бўлиши мумкин.

Контракт шартларига асосан даъво қилиш муддати ўтгандан кейин корхонангиз:

1. Кредиторлик қарзини даромадларга ҳисобдан чиқариши.
2. Ушбу суммани фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда жами даромадга киритиши керак .

ТСОЯЭАТда умидсиз қарзни ҳисобдан чиқариш схемаси оддий эмас . ТСОЯЭАТга ахборот Ҳукумат комиссиясининг қарори асосида хизмат кўрсатувчи банк томонидан киритилади.

Даъво қилиш муддати ўтган кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқаришга нисбатан ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби қонунчиликда белгиланмаган. Амалиётда қарз раҳбарнинг буйруғи асосида ҳисобдан чиқарилади.

Шунингдек, кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқариш бўйича бухгалтерия маълумотномасини расмийлаштиришни маслаҳат берамиз.

 

 

 

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /ru/publish/doc/text197142_horijiy_hamkor_oldidagi_qarz_qanday_hisobdan_chiqariladi