Қандай онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўловларни Uzcard ва Humo карталари билан қабул қилиши мумкин

preview

Тадбиркорлар орасида онлайн-НКМ (виртуал касса), Uzcard терминали ва  Humo терминалини бирлаштирувчи “учтаси биттада” касса аппаратларинниг афзалликлари тўғрисида ахборот тарқалмоқда. Бунда масаланинг техник томонидан хабардор бўлмаганлар ушбу талабларга фақат бир нечта моделлар мувофиқ келиши ва фойдаланилаётган кассани имкон қадар тезроқ улардан бирига алмаштириш лозим, деб таъкидлаб чалкаштиришмоқда. Buxgalter.uz қандай касса аппаратлари ушбу учта функцияни бирга қўшиб ишлаши мумкинлигини аниқлаштирди. Маълум бўлишича – барчаси. Агар уларнинг техник хусусиятлари эгалик қилувчини тўлиқ қаноатлантирса, улар алмаштиришга муҳтож эмас.

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

2021 йил 4 октябрда Президентнинг ПҚ-5252-сон қарори чиқди, у билан банк карталаридан тўловларни қабул қилишни қўллаб-қувватламайдиган онлайн-НКМ ва виртуал кассаларга нисбатан тақиқ жорий этилган:

  • 2022 йил 1 январдан бошлаб ушбу кассалар давлат реестрига киритилмайди ва солиқ органларида рўйхатдан ўтказилмайди;
  • 2023 йил 1 январдан бошлаб бундай кассалардан аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фойдаланиш мумкин эмас.

Натижада бугун онлайн-НКМ ва виртуал кассалар реестрига киритилган барча кассалар банк карталари билан тўловларни қабул қилишни қўллаб-қувватлайди.

Техник жиҳатдан танланган моделга қараб буни икки усулдан бири орқали амалга ошириш мумкин:

  • НКМ (виртуал касса) ва терминаллар функциялари битта корпусда бирлаштирилган;
  • онлайн-НКМ (виртуал касса) ва пин-пад кабель ёрдамида бирлаштирилади.

Яқин вақтгача бир йўла иккита тўлов тизими – Uzcard ва Humo билан ишлашни қўллаб-қувватлайдиган бирорта ҳам онлайн-НКМ ва виртуал касса бўлмаган. Кассалар айтиб ўтилган тўлов тизимларининг фақат биттаси билан тўловни қабул қилиш имконини берган. Бошқа тўлов тизими карталари билан ҳисоб-китоб қилиш учун алоҳида терминалга эга бўлиш керак эди. Терминал бўйича тўловни қабул қилгандан сўнг онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекини ҳам уриш керак эди.

Аммо 20.06.2020 йилдаги 394-сон ВМҚни бажариш мақсадида Uzcard ва Humo тўлов тизимлари интеграция қилинди. Натижада иккала тўлов тизимлари карталари билан тўловни қабул қилиш мумкин бўлган назорат-касса машиналари ва виртуал кассалар пайдо бўлди. Онлайн-НКМ ёки виртуал касса моделингиз қайси тўлов тизими билан интеграция қилинганидан қатъи назар, у Uzcard ҳамда Humo карталари билан тўловни қабул қилиши мумкин.

Humo тўлов тизими директори Шуҳратбек ҚУРБОНОВ Facebookда вазиятни шарҳлаган ҳолда, қуйидагиларга эътиборни қаратди:

“... агар сизда дўконда ёки ресторанда виртуал онлайн НКМ уланган бўлса – сизда бирор бир алоҳида қурилма сотиб олиш зарурияти йўқ, кассангиз Humo смарт пин-падлари билан осон интеграция қилиниши мумкин – сўнгра Humo, Uzcard, Visa, Mastercard ва UnionPayни қабул қилиш мумкин... Бу режалар эмас, барчаси Korzinka, Makro ва бошқа кўплаб дўконларда ишлаяпти. Айтганча, интеграция қилиш мутлақо бепул – мутахассисларимиз Ingenico пин-пади билан интеграция қилиш учун apiни мутлақо бепул беришади, пинпадларни эса ўз банкингиздан бепул олишингиз мумкин”.

 

Нима учун тадбиркорлик муҳитида фақат битта ишлаб чиқарувчининг кассасида “учтаси биттада” тамойили бўйича ишлаш мумкин деган фикр сингиб қолган? Айтганча, фақат унинг маҳсулоти Uzcard тўлов тизими билан интеграция қилинган. Барча қолган онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўлов тизимлари билан Humo орқали интеграция қилинган. Шубҳасиз, бу ишлаб чиқарувчи томонидан чиқарилган оммавий реклама кампанияси харажатлари. Шундай бўлдики, ушбу даврда ахборот майдонида бошқа кассаларнинг имкониятлари тўғрисидаги ахборот мавжуд бўлмади. Гумон ва миш-мишлар ҳам ўз ишини қилди.

 

Қайси касса яхшироқ

Агар бирор бир сабабга кўра сизда зарур созламалар бўлмаса, сиз билан кассага хизмат кўрсатишга доир шартнома тузилган ТХКМга ёрдам юзасидан мурожаат қилинг. Қайта созлаш бир неча дақиқани талаб қилади.

04.10.2021 йилдаги ПҚ-5252-сон қарор талабларини уларга тўлов пин-падини улаш ёрдамида бажарадиган онлайн-НКМ, асосан тугмалилари ва виртуал кассалар – эскирган деган фикр мавжуд. Давлат реестрига киритилган ва фискал маълумотлар оператори тизимига уланган барча кассалар қонунчилик ва Солиқ қўмитасининг барча талабларига мувофиқ келади, сабаби фискал маълумотларни онлайн режимда узатиши мумкин. Барча қолган техник ечимларнинг “замонавийликка” ҳеч қандай алоқаси йўқ, балки муайян шароитларда модель билан ишлашни учун қулай қилиш учун қўлланилган.

Пин-падлар билан бирга ишлайдиган онлайн-НКМ ва виртуал кассалар, шунингдек “учтаси биттада” модели бир нарсани бирлаштиради: харидорлар билан ҳисоб-китобларда дастлаб ахборотни терминалга киритиш, сўнгра эса худди шу ахборотни онлайн-НКТга киритиш керак эмас. Ҳаммасини бир марта киритасиз ва шундан сўнг қурилма иккита чек беради: транзакция учун чек ва касса чеки. Шу туфайли транзакция чеки ва касса чекидаги ахборотнинг мос келмаслиги эҳтимоли истисно қилинади, демак, сиз шу сабабга кўра касса чекларига тузатиш киритишингизга тўғри келмайди.

Пин-пад ёрдамида карталардан тўловларни қабул қилувчи кассаларнинг афзаллиги – харидор ўз картасини бегона қўлларга беришига ва пин-кодни овоз чиқариб айтишига тўғри келмайди, унинг ўзи картасини қўйиши ёки киритиши ва пин-кодни териши мумкин. Шу тариқа, сиз харидорнинг пул маблағларини фирибгарлардан янада ишончлироқ ҳимоя қилишни таъминлашингиз мумкин.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

 


Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ /ru/publish/doc/text200237_qanday_onlayn-nkm_va_virtual_kassalar_tulovlarni_uzcard_va_humo_kartalari_bilan_qabul_qilishi_mumkin