Кўчмас мулкни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олганда мол-мулк солиғи ҳисобланадиган санадаги хатони қандай тузатиш керак

preview

Агар шартномада кўчмас мулк қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган бўлса, кўчмас мулк учун мол-мулк солиғи қандай ҳисобланади. Солиқ қўмитаси харидорга шартнома расмийлаштирилган санадан бошлаб мол-мулк солиғини ҳисоблайди.

Сиз ҳали кўчмас мулкка эгалик қилмаган давр учун мол-мулк солиғини тўламаслик учун нима қилиш кераклигини buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:

 

Материалларимизни телеграм-каналда кузатиб боринг.

 

Қонунчилик бўйича қачон солиқни тўлаш мажбурияти юзага келади

– Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг солиқ солиш объекти – кўчмас мол-мулк саналади . Кўчмас мол-мулк реализация қилинган тақдирда, кўчмас мол-мулкни бошқа шахс тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги шартноманинг тарафлари томонидан имзоланган қабул қилиб олиш-топшириш далолатномаси бўйича харидорга кўчмас мол-мулк берилган сана айланма амалга оширилган сана ва тегишинча мулк ҳуқуқи ўтган сана деб ҳисобланади .

Кўчмас мулкни реализация қилишда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ЭҲФ расмийлаштиришлари шарт .

Қабул қилиб олиш-топшириш далолатномаси ва ЭҲФни харидор томонидан кўчмас мулк қиймати тўлиқ тўланган факт бўйича шу кунда имзолаш тавсия қилинади.

Харидор бино учун мол-мулк солиғини унга мулк ҳуқуқи ўтгандан сўнг тўлашни бошлайди , яъни қабул қилиб олиш-топшириш далолатномаси ва ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилгандан сўнг. Бунга қадар ушбу объект учун мол-мулк солиғини сотувчи тўлайди.

 

Амалиётда қандай бўлади

Кўчмас мулк олди-сотди шартномаси томонлари бир-бири билан ҳисоб-китоб қилгандан сўнг улар мулк ҳуқуқини харидорга расмийлаштириш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қиладилар. Давлат хизматлари марказида шартнома ва қабул қилиб олиш-топшириш далолатномасини тақдим этишни талаб қилишади. Марказ ходимлари негадир ҳисобварақ-фактурани тан олишмайди. Уни иш материалларига илова қилишни талаб қилиш керак. Аммо бу ҳолда ҳам кадастр хизмати ўз реестрларида ёзувни тўғри амалга оширишига кафолат йўқ (мулк ҳуқуқи ўтиши бўйича, шартнома тузилган сана бўйича эмас).

Кўпинча кадастр органи мутахассиси кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш чоғида шартнома тузилган санани кўрсатади – чамаси, жисмоний шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномасига ўхшаш тарзда. У шартноманинг мазмунига ҳамда тақдим этилган қабул қилиб олиш-топшириш далолатномаси ва ҳисобварақ-фактурага қарамайди. Эҳтимол, ходимнинг ўз мажбуриятларини механик тарзда бажариши ёки унинг тажрибасизлиги бунга сабабдир.

Сўнгра солиқ органларининг ахборот тизими тизимга кадастр органи мутахассиси томонидан киритилган ахборот асосида автоматик тарзда мол-мулк солиғини ҳисоблайди. Натижада солиқ мулк ҳуқуқи ҳақиқатда ўтган санадан эмас, балки шартнома тузилган санадан ҳисобланган.

 

Мол-мулк солиғи мулк ҳуқуқи ўтган санадан ҳисобланиши учун нима қилиш керак

Ушбу муаммо бир неча йилдан буён мавжуд бўлиб, уни тузатиш тажрибаси орттирилган.

Мол-мулкнинг янги эгаси кадастр органи ва солиқ инспекциясига мурожаат қилиши – вазиятни тушунтириши ва хатоларни тузатишни талаб қилиши лозим. Одатда, кадастр органи мутахассислари ахборот тизимига тезкор тарзда ўзгартириш киритишади. Бироқ ўзгача бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳолда судга мурожаат қилинг.

Тўғри сана кўрсатилганидан сўнг солиқ СКнинг 417-моддасига мувофиқ – мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ўтганидан сўнг ҳисоблаб чиқарилади.

Агар хатоларни тузатиш пайтида сиз ҳисобот топширган ва солиқни тўлаган бўлсангиз, ҳисоботни қайта топширишга тўғри келади.

 

Регуляторга мурожаат қилиш

Назаримда, муаммо Солиқ қўмитаси мутахассисларининг эътиборини талаб қилади. Ахборот тизими ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган санадан бошлаб солиқни ҳисоблаб чиқарадиган тарзда созланган бўлиши керак. Бу ҳолда мулк ҳуқуқининг ўтиши билан боғлиқ саволлар юзага келмайди. Бу билан муаммо бўлмайди, сабаби ҳисобварақ-фактуралар фақат электрон шаклда расмийлаштирилади ва солиқ органлари уларни кўради.

Муаммони ҳал қилишга бундай ёндашув энг самарали кўринади. У солиқчиларга қўшимча ишни ва солиқ тўловчиларга ортиқча сансалорликни юзага келтирмайди.

Ёки ахборот тизимларига ахборот киритиш учун масъул бўлган кадастр хизмати ходимларига йўл-йўриқ бериш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш лозим.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

 

 

Мол-мулк солиғи Мол-мулк солиғи Мол-мулк солиғи /ru/publish/doc/text200411_kuchmas_mulkni_bulib-bulib_tulash_sharti_bilan_sotib_olganda_mol-mulk_soligi_hisoblanadigan_sanadagi_hatoni_qanday_tuzatish_kerak