Полезное для бухгалтера в декабре:
ЭТТЮ ҳақида «қизғин» саволларга 10 та жавоб
2024 йил 1 июлдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштиради . Солиқ қўмитаси ва электрон ҳужжат айланиши операторлари вебинарларда солиқ тўловчиларнинг энг кўп бериладиган саволларига жавоб беришди.
Buxgalter.uz оғзаки жавобни ишга тикиб бўлмаслигини тушунади. Аммо меъёрий йўриқномалар пайдо бўлмагунча бу – катта ёрдам.
Солиқ қўмитаси «ташувлар иштирокчилари таклифлари асосида тизимни такомиллаштириш»га ваъда берди. Ва – энг асосийси – ЭТТЮни расмийлаштиришда йўл қўйилган хатолар учун жарималар ҳозирча назарда тутилмаган.
Сиз учун идоранинг ЭТТЮ юзасидан жавобларининг долзарб тўплами:
Муҳим тушунтиришни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
1. Электрон товар-транспорт юк хати қандай расмийлаштирилади?
– ЭТТЮни расмийлаштириш учун ҳар қандай электрон ҳужжат айланиши оператори функционалидан фойдаланинг (амалиётнинг кўрсатишича, ҳозир ушбу қисмида энг тайёргарлик кўргани didox.uz саналади, – таҳририят изоҳи).
Ҳозирги вақтда автомобиль ва темир йўл транспортида юкларни етказиб беришда ЭТТЮни расмийлаштириш учун функционалдан фойдаланиш имконияти мавжуд.
ЭТТЮни ҳар доим юк жўнатувчи расмийлаштиради. Қабул қилиш ва топширишнинг ҳар бир босқичида жараён иштирокчилари ЭТТЮни имзолайдилар. Жами 4 та имзо олинади:
1) юк жўнатувчи юкни ташувчига топшириб, биринчи бўлиб ЭТТЮни имзолайди;
2) ташувчи юкни жўнатувчидан қабул қилиб олиб (биринчи имзо) ва уни юк олувчига топшириб (иккинчи имзо) икки марта имзо қўяди;
3) юк олувчи юкни қабул қилган ҳолда, ЭТТЮни охирги бўлиб имзолайди.
Биз «Товар-транспорт юк хатини электрон шаклда қандай расмийлаштириш керак» материалида жараённи батафсил ёзганмиз.
Шунингдек, Солиқ қўмитаси мутахассислари томонидан тайёрланган видеойўриқномадан фойдаланинг.
Эътибор беринг
Агар ташувчилар ва юк олувчилар ЭТТЮда кўрсатилган ва амалда ташилаётган/олинган юкнинг номувофиқлигини аниқласа, улар рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда ЭТТЮни имзоламасликлари керак. Бу ҳолда юк жўнатувчи номувофиқликни бартараф этгандан кейингина ЭТТЮни имзолаш мумкин.
2. Товар жисмоний шахсга сотилса ва у билан ҳисоб-китоб факти бўйича онлайн-НКТ чеки берилса, ЭТТЮни расмийлаштириш керакми?
- Йўқ, ЭТТЮ тадбиркорлик субъектлари ўртасида юкларнинг ҳаракатланишида расмийлаштирилади.
3. Агар юк кичик ҳажмли бўлса ва ходим уни юк жўнатувчи олдига жамоат транспортида етиб келиб олган бўлса, ЭТТЮнинг “Транспорт тури” бўлимида нималар кўрсатилиши керак?
- Бундай ҳолда ЭТТЮни расмийлаштириш шарт эмас.
ЭТТЮ юкларни юк транспортида ёки юк ташишга ихтисослашган тадбиркорлик субъекти томонидан ташишда расмийлаштирилади.
4. Ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган. Бир кундан кейин бухгалтер ушбу етказиб бериш учун товар-транспорт юк хати расмийлаштирилмаганлигини аниқлади. ЭТТЮни ўтган сана билан расмийлаштириш мумкинми?
- Ҳа, ЭТТЮни ташиш амалга оширилган пайтдан бошлаб 5 кун ичида расмийлаштириш мумкин. Масалан, 2 июль куни юк жўнатдингиз, лекин техник сабабларга кўра ЭТТЮни расмийлаштирмадингиз. Буни 7 июлгача амалга ошириш мумкин.
Агар жўнатиш пайтида ЭТТЮни расмийлаштирмаслик учун етарли сабаблар бўлмаса, кечиктиришни суиистеъмол қилманг.
5. ЭТТЮнинг “Юклаш манзили” ва “Етказиб бериш манзили” бўлимларини тўлдиришда “кенглик” ва “узунлик” устунлари мавжуд. Омборларнинг жойлашиш координаталарини қаердан олиш мумкин?
- Бугунги кунда бу устунларни тўлдириш мажбурий эмас.
Шунингдек, “Етказиб бериш манзили” бўлимида “Ишончнома” бўлимини тўлдириш шарт эмас.
6. Юк жўнатувчи юк олувчининг омборигача бепул етказиб беради. Буни “Етказиб бериш қиймати (сўм)” устунида қандай акс эттириш керак? Дастур “ноль” қийматни қабул қилмайди.
– Ҳозир дастур шундай тузилганки, ушбу сатрда нолдан фарқли исталган қиймат ёки етказиб беришнинг тахминий қийматини кўрсатиш керак.
7. Ходимнинг енгил машинаси бор, у корхонанинг юкларини ташийди. Бунда корхонада автомобиль учун ижара шартномаси мавжуд эмас. Бу ҳолда товар-транспорт юк хатини қандай расмийлаштириш керак?
– Юк жўнатувчи ва экспедитор сифатида ўз компаниянгизни кўрсатинг.
“Юк ташувчи” устунида юкни ташийдиган ходимингизнинг СТИРини кўрсатинг.
“Транспорт тури” устунининг чиқиб келадиган тавсиясида унинг номига рўйхатдан ўтган автомобиллар акс эттирилади. У юк ташийдиган машинани танланг.
8. Фирмамизнинг ўз машинаси йўқ, шунинг учун ижарага олишга мажбурмиз. Бироқ, кўпинча ҳайдовчилар ЭРИсига эга эмас ва ЭТТЮни расмийлаштиришда иштирок эта олмайдилар. Нима қилиш керак?
- Етказиб беришни амалга оширувчи ҳайдовчилар ва бошқа шахслар ЭРИсига эга бўлиши шарт эмас. Улар Soliq.uz мобиль иловасининг махсус функциясидан фойдаланишлари мумкин. У ЭТТЮни FACE ID тизими ёрдамида имзолаш имконини беради, бунда электрон рақамли имзо талаб этилмайди.
9. Биз омборда автомобилни юклаймиз ва у товарларни дўконларга кичик партияларда етказиб беради. Бунда аксарият дўконлар ҳатто ўз омборларига ҳам эга эмас. Товар дарҳол токчаларга қўйилади. Бу ҳолда ЭТТЮ қандай расмийлаштирилади?
– Бу ерда ушбу дўконлар кимга тегишли эканлигини тушуниш муҳим – битта тадбиркорлик субъектига (битта СТИР ёки ЖШШИР) ёки турли тадбиркорлик субъектларига (турли СТИР ёки ЖШШИР).
ЭТТЮни ҳар бир тадбиркорлик субъекти учун алоҳида расмийлаштириш керак.
Агар савдо шохобчалари битта тадбиркорлик субъектига тегишли бўлса, битта ЭТТЮни расмийлаштириш етарли, унда етказиб бериш манзилларини кўрсатиш керак. Функционал чекланмаган миқдордаги етказиб бериш манзилларини кўрсатиш имконини беради.
Омборларнинг мавжуд эмаслиги – ЭТТЮни тақдим этмаслик учун сабаб эмас. Бу ҳолда маҳсулотни етказиб бераётган дўконнинг манзилини кўрсатинг.
10. Шартномада етказиб бериш шарти – “ўзи олиб чиқиш”. Агар корхонанинг юк машинаси ҳам, енгил автомобили ҳам бўлмаса ва у ўз буюртмасини олиб кетиш учун такси юборса, бу ҳолда товар-транспорт юк хати қандай расмийлаштирилади?
– Юк жўнатувчи сифатида – ўз корхонангизни кўрсатасиз, юк қабул қилувчи сифатида – ўзи олиб чиқишни амалга оширадиган корхонани кўрсатасиз. У экспедитор сифатида кўрсатилади.
Юк ташувчи сифатида ташиш билан шуғулланувчи шахс ва унинг транспортини кўрсатинг.
ЭТТЮни расмийлаштиришнинг барча қоидаларига риоя қилган ҳолда қоидалар бўйича ишлашга рози бўлган ташувчиларни танланг.
Бу ерда амалиётда юзага келаётган муаммо ва саволлар денгизидан бир томчи маълумот келтириб ўтилди. Бошқа кўплаб саволларга жавобларни қуйидаги материалларда топасиз:
- Юк йўлда бошқа транспортга жойланса, ЭТТЮ қандай расмийлаштирилади;
- Электрон ТТЮ: энг кўп ташвишлантираётган саволларга 15 та жавоб;
- Электрон ТТЮ: тез-тез бериладиган саволларга жавоблар;
- Йирик солиқ тўловчилар 2024 йил апрель ойи учун барча ТТЮни электрон шаклда расмийлаштиришлари керак.
Қоидалар йирик солиқ тўловчилар учун ҳам, қолганлар учун ҳам бир хил.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади