МЧЖ тўғрисидаги қонундаги асосий ўзгаришлар: 2025 йилги янги таҳрир

preview

Февраль ойида «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунга муҳим ўзгартишлар киритилди 07.02.2025 й. ЎРҚ-1025-сон. Улар 2025 йил 8 майдан кучга киради.

Бизнес эътиборга олиши керак бўлган асосий янгиликларни кўриб чиқамиз.

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Қонун номи ва тартибга солиш соҳасининг ўзгариши

Энг аввало, қонун номи ва матнидан қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисидаги қоидалар чиқариб ташланди. Энди қонун фақат МЧЖ фаолиятини тартибга солади, бу эса ушбу соҳадаги қонунчиликни соддалаштиради ва тизимлаштиради.

 

Корпоратив бошқарув бўйича янги қоидалар

1. Корпоратив шартнома

Жамият муассислари (иштирокчилари) ўртасида корпоратив шартнома тузиш имконияти киритилди. Уни тузиш тартиби Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.

2. Таъсис ҳужжатлари

  • Учинчи шахслар ва жамият иштирокчилари учун таъсис шартномаси устидан уставнинг устуворлиги белгиланди.
  • Таъсис шартномаси ва унга киритиладиган ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилиши талаб этилмайди.
  • Устав ва унга киритиладиган ўзгартиришлар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган кундан бошлаб 1 ой ичида мажбурий давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

 

Устав капиталига қўйиладиган ҳиссаларни баҳолаш

Устав фондига нақдсиз бадалларни баҳолаш бўйича муҳим талаб киритилди:

  • БҲМнинг 10 000 бараваридан ортиқ қийматдаги бадаллар учун мустақил баҳолаш ташкилотининг баҳолаши талаб этилади;
  • бадал қиймати унинг баҳоланган қийматидан ошиши мумкин эмас.

 

Бошқарув тузилмасидаги ўзгаришлар

1. Умумий йиғилишда вакиллик

Ишончномаларни расмийлаштириш тартиби аниқлаштирилди. Жисмоний шахслар учун ишончноманинг нотариал тасдиқланиши, юридик шахслар учун – раҳбар имзоси ва муҳри (мавжуд бўлса) етарли.

2. Кузатув кенгаши

Шуъба ва қарам жамиятларнинг раҳбарлари ва ходимлари кузатув кенгашига кириши мумкин эмас.

3. Ички аудит

Ички аудит хизматини ташкил этиш бўйича талаблар аниқлаштирилди:

  • у давлат улуши 50% дан ортиқ ва активлари БҲМнинг 100 000 бараваридан ортиқ МЧЖлар учун мажбурий;
  • кредит ташкилотлари учун уни ташкил этишнинг алоҳида тартиби киритилмоқда.

 

Жамиятни қайта ташкил этиш

Қайта ташкил этишда ҳуқуқий ворислик тартибига аниқликлар киритилди: қўшилиш ва қайта тузиш пайтида барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар топшириш далолатномаларида кўрсатилишидан қатъи назар, янги жамиятга автоматик равишда ўтади.

 

Бизнес учун амалий тавсиялар. Ўзгаришларнинг кучга кириш санасини ҳисобга олган ҳолда:

1. Таъсис ҳужжатларини текширинг ва зарур бўлса янгиланг.

2. Корпоратив шартнома тузиш мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқинг.

3. Жамият аъзоларининг умумий йиғилишларида вакилликни расмийлаштириш тартибини долзарблаштиринг.

4. Янги чекловларни ҳисобга олган ҳолда кузатув кенгаши таркибини қайта кўриб чиқинг.

5. Устав капиталига нақдсиз бадаллар киритишда янги талабларни ҳисобга олинг.

 

 

Юлия ТАРШИЛОВА тайёрлади


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text206202_mchj_tugrisidagi_qonundagi_asosiy_uzgarishlar_2025_yilgi_yangi_tahrir