Получите быстрые ответы, проверенные экспертами:
Ўзбекистонда НТМларни лицензиялаш ва аккредитациялашга қўйиладиган талабларда нима ўзгарди
Ўзбекистонда нодавлат таълим хизматлари сифатини ошириш йўлга қўйилган янги чоралар жорий қилинмоқда. Хусусан, олий ўқув юртларига бўлган лицензия ва молиявий талаблар янгиланмоқда, барча ўқув юртлари ўзларининг ўқув дастурларини аккредитациядан ўтказишга мажбур бўлади. Янги 30.06.2025 йилдаги 403-сон ВМҚ 10 октябрда кучга киради. Бунда таълим ташкилотларини яратишнинг янги қоидалари 1 июлдан қўлланилиши кўрсатилган.
Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида:
Қонунчиликдаги муҳим ўзгаришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм каналимизга обуна бўлинг.
Эслатиб ўтамиз
Нодавлат таълим хизматлари – лицензияланадиган фаолият тури. Лицензиясиз ишлаганлик учун жарима – БҲМнинг 200 баравари миқдорида (2025 йил 1 августдан – 82,4 млн сўм) белгиланган.
2025 йил 1 июлдан бошлаб таълим ташкилотларини яратиш икки босқичда амалга оширилади:
1) лицензиялаш;
2) таълим дастурларини Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигида мажбурий давлат аккредитацияси.
Олий таълим соҳасида НТМларни лицензиялаш қисмида қўшимча талаблар:
1. НТМ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида яратилаётган олий ўқув юртининг концепциясини тақдим этади. Унда қуйидагилар кўрсатилади:
- таълим ташкилотининг номи,
- бошқарув тизими ва шахсий таркиб,
- таълим ва илмий фаолиятнинг асосий турлари,
- талабаларни қабул қилиш параметрлари,
- таълим сифатини таъминлаш тизими ва воситалари,
- меҳнат ҳақи миқдори ва уни ҳисоблаш тартиби,
- таълим ташкилотини ривожлантиришнинг 5 йиллик стратегик режаси,
- таълим ташкилоти фаолияти билан боғлиқ бошқа муҳим масалалар.
2. Дастлабки устав фонди (устав капитали) 2 млн АҚШ долларига тенг эквивалентдан кам бўлмаган миқдорда, таълим жараёни билан бевосита боғлиқ моддий-техник база ва дастурий таъминотни ҳам қўшганда шакллантирилади. Кейинчалик бу устав капитали талабалар сонининг ўсишига пропорционал равишда ошиши керак.
3. 350 минг АҚШ долларига тенг депозитни НТМ тижорат банкларида жойлаштиради ва бу миқдорни доимий асосда сақлайди.
4. Яратилаётган олий ўқув юртининг таълим жараёнига мўлжалланган бино ва иншоотлар майдони камида 5000 кв.м ташкил этиши керак.
5. Олий ўқув юртининг йиллик соф фойдасининг камида 80 фоизи яратилган кундан бошлаб дастлабки 5 йил давомида ва кейинги йилларда камида 50 фоизи ушбу ўқув юртининг асосий фаолият турларини ривожлантиришга йўналтирилиши керак.
Талабаларни қабул қилиш шартлари ва ўқув жараёнини ташкил этишда нима ўзгармоқда
- 2025 йил 1 августдан бошлаб нодавлат олий таълим муассасалари абитуриентларни қабул қилиш тўғрисидаги буйруқни hemis.uz да (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг олий таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими) – янги ўқув йилининг 1 октябридан кеч бўлмаган ҳолда рўйхатга олади.
- Вазирлик НТМнинг аризаси асосида унинг моддий-техник базаси, педагогик салоҳияти ва таълимий-дастур таъминотини ҳисобга олган ҳолда қабул қилишнинг бошланишидан олдин янги ўқув йили учун қабул қилишнинг чегара параметрини белгилайди ва бу ҳақда Агентликни хабардор қилади. Кейинчалик ўқув йили учун бу параметрни ўзгартириш мумкин эмас.
- Барча ички жараёнлар – талабаларни кўчириш, тиклаш ва чиқариш, битирувчиларнинг якуний аттестацияси давлат ОТМлари учун белгиланган талабларни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилиши керак.
- Шунингдек НТМ таълимий, илмий ва маъмурий-бошқарув жараёнларини бошқаришнинг ўз ахборот тизимини яратади ва уни Таълим жараёнларини бошқаришнинг ягона ахборот тизими билан интеграциялайди.
- НТМ олий таълим ректорига давлат ОТМ ректорига қўйиладиган малака талаблари қўлланилади.
Аллақачон рўйхатдан ўтган олий ўқув юртлари нима қилиши керак
403-сон ВМҚ кучга киришидан аввал нодавлат таълим хизматларини кўрсатишга лицензия олган тадбиркорлик субъектлари 2026 йил 1 январгача ўз фаолиятларини янги лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ ташкил этишга мажбур.
![]()