СК-2026: ЎРҚ-1108-сон Қонунга кўра вақтинчалик имтиёзлар

preview

Солиқ кодексининг 483-моддасига 25.12.2025 йилдаги ЎРҚ-1108-сон Қонуни билан киритилган вақтинчалик имтиёз ва преференциялар ҳақида buxgalter.uz сўровига биноан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги солиқ-божхона сиёсати бошқармаси бошлиғи Ашрафхон САЛОҲИДДИНОВ қуйидагиларни маълум қилди:

Қонунчиликдаги муҳим ўзгаришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм каналимизга обуна бўлинг.

 

1. Мева-сабзавот маҳсулотларини замонавий қадоқларда сотишда имтиёзлар

2025 йил 1 майдан 2028 йил 1 январгача замонавий қадоқланган мева-сабзавот маҳсулотларини сотувчи тадбиркорлик субъектлари қуйидаги шартларнинг барчасига бир вақтнинг ўзида жавоб берса, фойда солиғи ва ижтимоий солиқни 1% ставкада тўлайдилар:

  • ҳар бир ходимга ойига камида  МҲТЭКМнинг 2 баравари миқдорида иш ҳақи ҳисобланади;
  • ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича умумий даромад ҳажмида замонавий қадоқланган мева-сабзавот маҳсулотларини сотишдан олинган даромадларнинг улуши камида 50 %ни ташкил этади. Бу даромадларнинг улуши тегишли ваколатли давлат органининг фитосанитария сертификати ва БЮД асосида аниқланади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу имтиёзлар 08.04.2025 йилдаги ПҚ-136-сон қарорниннг 3-банди билан белгиланган эди.

2. Болалар контенти, миллий фильмлар ва сериаллар яратувчиларига имтиёзлар

Қуйидагилар 2025 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январгача ижтимоий солиқни 1% ставкада тўлайдилар, шунингдек, болалар учун контент сотишдан олинган даромадлар бўйича фойда солиғини тўлашдан озод қилинадилар:

  • Бундай контент яратишдан оладиган даромади йиллик умумий даромадининг камида 80 %ини ташкил этадиган юридик шахслар;
  • Болалар контентини ривожлантириш маркази.

Юридик шахслар фойда солиғини ҳисоблашда болалар учун контент яратиш билан боғлиқ харажатларни чегириб ташлаш ҳуқуқига эга.

Ушбу имтиёзлар Президентнинг 15.05.2025 йилдаги ПҚ-183-сон қарорининг 5-бандида назарда тутилган. 2026 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача улар миллий фильмлар ва сериаллар ишлаб чиқарувчиларига ҳам татбиқ этилади .

3. Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати имтиёзлари

2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 сентябргача пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари ижтимоий солиқни 1 % ставкада тўлайдилар.

Эслатиб ўтамиз: мазкур имтиёз 19.09.2025 йилдаги ПҚ-290-сон қарорнинг 8-бандида  назарда тутилган.

4. ҚҚСни тўлашга ўтганлар учун имтиёз

2026 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача бўлган даврда биринчи марта айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтган тадбиркорлик субъектлари 6 ой давомида тўланадиган ҚҚС ёки мол-мулк солиғи суммасини бухгалтерия ҳисобини юритиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, бироқ ҳар ойда МҲТЭКМнинг 3,5 бараваридан ошмайдиган миқдорга камайтириш ҳуқуқига эга.

Ушбу тартиб тадбиркорлик субъекти бухгалтерия ҳисобини юритиш учун бухгалтер билан меҳнат шартномаси ёки аутсорсинг компанияси билан бухгалтерия хизматларини кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган бўлса, қўлланилади. Агар раҳбар бухгалтерия ҳисобини мустақил юритса, у бу имтиёздан фойдалана олмайди.

5. Мебель саноати учун импорт ускуналарни сотишда имтиёз

2030 йил 1 январгача мебель саноати учун «импорт» ҚҚСдан озод этилган технологик ускуналарни дистрибьюторлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга сотишда, СК 246-моддаси 6-бандига кўра, ҚҚС бўйича солиқ базаси ушбу ускунанинг сотиб олиш нархи билан сотиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиқиб аниқланади.

Эслатиб ўтамиз, бу имтиёз 27.05.2025 йилдаги ПҚ-193-сонли қарорнинг 3-бандида назарда тутилган эди.

6. Автомобилларни қувватлантириш хизматлари бўйича имтиёзлар

2028 йил 1 январгача электромобилларни қувватлантириш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга қуйидаги имтиёзлар берилди:

  • мол-мулк ва ер солиқлари бўйича –қувватлантириш станциялари ва улар жойлашган ер участкалари учун солиқлар ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1%и миқдорида тўланади;
  • фойда солиғи бўйича – қувватлаш хизматларидан олинган даромадлар учун солиқ тўлашдан озод қилинади, агар бу даромадлар ҳисобот (солиқ) даври якунига кўра жами даромаднинг камида 50 %ини  ташкил этса;
  • айланмадан олинадиган солиқ бўйича – қувватлаш хизматларидан олинган даромад солиқ базасидан чиқариб ташланади.

Эслатиб ўтамиз, бу имтиёзлар 19.12.2022 йилдаги ПҚ-444-сонли қарорнинг 5-бандида назарда тутилган эди.

7. Иссиқхона хўжаликларига ижтимоий солиқ бўйича имтиёз

2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январгача ҳисобот (солиқ) даври якунига кўра бундай фаолиятдан олинган даромадлари жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этган иссиқхона хўжаликлари ижтимоий солиқни 1% ставкада тўлайдилар.

Бу имтиёз 08.10.2025 йилдаги ПФ-181-сон Фармоннинг 2-бандида белгиланган эди.

8. Саноат корхоналарига ижтимоий солиқ бўйича имтиёз

2026 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача маҳаллий саноат корхоналарининг ходимларни ташиш ва овқатлантириш билан боғлиқ харажатлари ижтимоий солиқ базасини камайтиради. Имтиёзни қўллаш шартлари:

  • камайтириш миқдори – ҳар бир ходим учун ойига БҲМнинг 1 бараваригача бўлиши;
  • ходимларнинг ўртача иш ҳақи ойига камида МҲТЭКМнинг 2 бараваридан кам бўлмаслиги лозим.

Солиқ имтиёзи қуйидагиларга татбиқ этилади:

  • ипакчилик, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, электротехника, фармацевтика, мебелсозлик, кимё, атир-упа, косметика, автомобилсозлик, металлургия саноати корхоналари;
  • жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича ўз ишлаб чиқарган маҳсулотини реализация қилишдан олинган даромади жами даромадининг 60 %идан ортиқ бўлган солиқ тўловчилар.

Эслатиб ўтамиз, ушбу имтиёз 04.10.2025 йилдаги ПҚ-295-сонли қарорнинг 4-бандида назарда тутилган эди.

9. Банкларга гаровга қўйилган иссиқхоналар бўйича имтиёзлар

2028 йил 1 январгача тижорат банклари иссиқхона хўжаликлари томонидан кредит мажбуриятлари бажарилмаганлиги сабабли гаров таъминотида бўлган ва уларнинг балансига ўтказилган иссиқхоналар ҳамда улар билан боғлиқ кўчмас мулк объектлари бўйича қуйидаги солиқларни тўлашдан озод этилади:

  • ер солиғи – банклар балансига қабул қилинган пайтдан бошлаб янги ташаббускорга сотилгунга қадар бўлган давр учун;
  • ҚҚС – банклар томонидан бундай иссиқхоналар ва улар билан боғлиқ кўчмас мулк объектлари сотилганда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу имтиёзлар 08.10.2025 йилдаги ПФ-181-сон Фармоннинг 2-бандида назарда тутилган эди.

10. Сунъий йўлдош алоқа тармоқларини яратиш лойиҳаларига имтиёзлар

2026 йил 1 январдан 2031 йил 1 январгача Ўзбекистон ҳудудида марказий ер усти станцияси орқали ўрта ва паст орбитали сунъий йўлдош алоқа тармоқларини яратиш билан боғлиқ лойиҳалар доирасида қуйидагилар солиқлардан озод этилади:

  • Ускуналар, дастурий маҳсулотлар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи қисмларни олиб кириш – ҚҚСдан;
  • Сунъий йўлдош алоқа тизими орқали кўрсатилган сунъий йўлдош алоқа тармоқлари операторларининг хизматлари – ҚҚСдан;
  • Марказий ер усти станциялари, терминаллар ва сунъий йўлдош алоқаси инфратузилмасининг бошқа фаол ускуналари жойлашган телекоммуникация иншоотлари ва ер участкалари – мол-мулк солиғи ва ер солиғидан;
  • Сунъий йўлдош алоқа тармоқлари операторлари яратилган йўлдош алоқа тизими орқали хизмат кўрсатишдан олинган фойда бўйича – фойда солиғидан.

Ушбу имтиёзлар 21.10.2025 йилдаги ПҚ-313-сон қарорининг 5-бандида назарда тутилган.

11. Гипс хомашёси қазиб олувчилар учун имтиёзлар

2026 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача ўз эҳтиёжлари учун гипс хомашёсини қазиб олувчи ва ундан тайёр қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни гипс хомашёсини қазиб олиш учун белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлайдилар.

12. Полиэтилен гранулаларни импорт қилишда акциз солиғи бўйича имтиёзлар

2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январгача Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган полиэтилен гранулалар акциз солиғидан озод қилинади.

13. Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар учун ҚҚСни аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари

2028 йил 1 январгача заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар учун ҚҚС базаси заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни сотиш нархи билан уларнинг таркибидаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар нархи ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиқиб аниқланади.

14. Миллий инвестиция жамғармаси учун имтиёз

Ўзбекистон Миллий инвестиция фондининг дивиденд кўринишидаги даромадлари 2030 йил 1 январгача фойда солиғидан озод этилади.

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text212873_sk-2026_urq-1108-son_qonunga_kura_vaqtinchalik_imtiezlar