2022 йил 1 октябрдан кучга кирадиган 10 та ўзгартириш

preview

2022 йилнинг 1 октябридан тадбиркорларни навбатдаги (спойлер: яхши!) ўзгартиришлар кутмоқда. Батафсил – buxgalter.uz шарҳида.

 

2022 йил 1 октябрдан: 

1. Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун кучга киради. У олиб қўйишнинг асоси ва тартиби, олиб қўйиладиган участкалардаги  кўчмас мулк объектлари учун компенсация тўлаш механизми, бошқа муҳим жиҳат ва шартларни белгилайди.

 

2. "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизимида мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб (хатлаб) қўйилганлиги, шунингдек тақиқлаб (хатлаб) қўйиш бекор қилинганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар банки ишга туширилиши керак .

Қуйидагилар мазкур банкка маълумотларни киритади:

  • жисмоний шахснинг шахсига оид ва автомототранспорт воситаларига оид маълумотлар - ИИВ;
  • юридик шахсга оид маълумотлар - Адлия вазирлиги;
  • кўчмас мулкка оид маълумотлар - ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлиги;
  • қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига оид маълумотлар - Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси;
  • аттракционлар ва кўтариш иншоотлари (минора кранлари)га оид маълумотлар - Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси;
  • кемаларга оид маълумотлар - Транспорт вазирлиги;
  • кичик ҳажмли кемаларга оид маълумотлар - ФВВ Кичик ҳажмли кемалар инспекцияси.

Мол-мулкни ўтказиш хатлаб ёки тақиқлаб қўйилганлиги тўғрисида нотариусдан, мустақил равишда  - E-notarius ёки ЯИДХП орқали билиш мумкин.

 

3. Қорақалпоғистон тадбиркорлари қўшимча преференциялар олишади.

2028  йилнинг 1 январига қадар :

  • Қорақалпоғистон Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилишда, шу жумладан экспорт қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун харид қилинган хомашёни республика бўйлаб ташишда транспорт харажатларининг 70%и Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланган рўйхатга асосан Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади;
  • ажратиладиган кредит суммасининг 75%игача (75%и ҳам киради), бироқ умумий қиймати 2,5 млрд сўмдан ошмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан кафилликлар тақдим этилади;
  • ёш тадбиркорларга ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш учун зарур асбоб-ускуналарни харид қилиш мақсадида 7 йил муддатга қарз маблағлари олишлари мумкин. Қарор Ҳукумат комиссияси томонидан қабул қилинади,  маблағлар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ажратилади.

 

4. Касаначилар билан ишловчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш кучайтирилади :

  • касаначига зарур асбоб-ускуна харид қилиш учун тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган субсидия миқдори амалдаги БҲМнинг 10 бараваридан БҲМнинг 15 бараваригача оширилади;
  • "Аёллар дафтари"га киритилган камида 5 нафар ишсиз хотин-қизларни касаначилик асосида ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидаги бино ва иншоотларни ижарага олишда ижара ҳақи 50% миқдорда ундирилади;
  • олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда камида 20 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларни касаначилик асосида иш билан таъминлаган тадбиркорлик субъектлари лойиҳалар танловида иштирок этишлари мумкин. Ғолиблар учун мукофотлар ҳар бир ғолибга 50 млн сўмни ташкил этади;
  • ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган ва ходимлари умумий сонининг камида 70%и "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар бўлган касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектлари давлат мулкидаги бино ва иншоотлар учун ижара ҳақи тўловидан 2027 йил 1 октябрга қадар озод этилади. Преференцияни имтиёз берилган даврда ушбу хотин-қизларнинг бандлиги сақлаб қолинган тақдирда қўллаш мумкин.

 

5. Қишлоқ ҳудудларидаги ўқув марказларига субсидия олиш осон бўлади .

Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим муассасалари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия (50 млн сўмгача) олишлари мумкин. НТМга субсидия камида 6 ой муддат давомида қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолияти билан шуғулланиш шарти билан ажратилади.

 

6. Мамлакат ичида саёҳат учун кешбэк қайтариш имконини берадиган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида электрон платформа ишга туширилади.

1 октябрга қадар жойлаштириш воситалари, туроператор ва турагентлар, гид (гид-таржимон), йўриқчи-йўл бошловчи ва экскурсия етакчилари уланиши учун махсус электрон платформа ва унинг мобиль иловасида барча шароитлар яратилиши керак .

Платформага уланган туризм тармоғи субъектлари хизматларидан фойдаланган ва ўз харажатларини тасдиқлаган фуқаролар ўз харажатларидан катта кешбэк олишлари мумкин. Тармоқ эса, ўз навбатида, ички туристлар оқимининг ошишини кутиши мумкин.

 

7. Ёшларга мақсадли таълим кредитлари ажратиш тизими ишга туширилади .

Таълим кредитлари IT-парк резидентлари томонидан ташкил этилган ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиш учун ажратилади.

Имтиёли кредит миқдори (асосий ставка остида) 1 йиллик имтиёзли давр билан 4 йил муддатга БҲМнинг 65 бараваригача миқдорни ташкил этади.

 

8. Давлат электр тармоқлари электр энергиясини хусусий субъектлардан харид қилишни бошлайди, бизнес эса кичик ГЭС қурилишига жалб қилиниши мумкин.

09.09.2022 йилдаги ПФ-220-сон Фармонга асосан 1 октябрдан бошлаб электр тармоқлари қуввати 5 МВтгача бўлган кичик  ГЭСда ишлаб чиқарилган электр энергиясини харид қилишни бошлайди.

Шунингдек, Фармон билан қуввати 500 кВт гача бўлган кичик ГЭС қурилиши учун бизнесга таклиф қилинадиган 200 локациядан иборат рўйхат тасдиқланди.

Ўзларининг қайта тикланувчи энергия манбаларини сотиб олишни хоҳлаган фуқаролар ва корхоналар уларни 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олишлари мумкин.

 

9. ОАВ болалар учун контент ишлаб чиқариш лойиҳасига БҲМнинг 300 бараваригача олишлари мумкин.

2022 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда болалар учун мўлжалланган энг яхши 30 та теле- ва радиомаҳсулотлар лойиҳаси учун ҳар йили ўтказиладиган танлов ишга туширилади .

 

10. Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни бузувчи сайтлар блокланади.

26.04.2022 йилдаги ПҚ-221-сон қарорга асосан 1 октябрга қадар Интернетда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузган веб-сайтлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи "Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонунбузилишлар реестри" ахборот тизими ишга туширилиши керак.

Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тизимли равишда бузилиши исботланган тақдирда, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси кўрсатмасига мувофиқ ушбу сайтлар фаолияти тўхтатиб турилади.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text184588_2022_yil_1_oktyabrdan_kuchga_kiradigan_10_ta_uzgartirish